Болаларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятларини таъминлашда қандай чоралар кўрилмоқда?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан Бола ҳуқуқлари бўйича вакил — Болалар омбудсманининг “Болаларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятларини таъминлашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги махсус маърузаси кўриб чиқилди.
Мамлакатимизда болаларни ҳимоя қилиш, давлат органлари фаолиятида боланинг энг устун манфаатларини таъминлаш борасида муайян чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Шу билан бирга, болаларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятларини таъминлаш соҳасида мавжуд хавф-хатарларнинг олдини олиш, халқаро стандартларни миллий қонунчиликка самарали татбиқ этиш ишларини изчил давом эттириш долзарб вазифа ҳисобланади.
Маърузада Болалар омбудсмани томонидан парламент назорати доирасида ўтказилган мониторинглар, шунингдек, фуқаролардан, жумладан, вояга етмаган болаларнинг ўзидан келиб тушган мурожаатлар таҳлили асосида жиноят ишлари юритувига турли процессуал мақомда жалб қилинган болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашда қатор муаммолар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Хусусан, одил судлов тизимида вояга етмаганларга оид жиноят ишлари бўйича терговчи ва судьяларни ихтисослаштириш зарурлиги айтилди. Жиноят ишларини юритишда вояга етмаган шахсларни қамоқда сақлаш амалиёти, Болалар омбудсмани фаолиятига оид қонун талабларининг ижроси, шунингдек, вояга етмаганларнинг жинсий эркинлигига қарши жиноятларнинг олдини олиш тизимида аниқланган айрим муаммоли масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳокамалар давомида қўмита аъзолари томонидан махсус маърузада болаларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ҳуқуқий ва ташкилий чора-тадбирлар, жиноят ишлари юритувида боланинг қонуний манфаатларини ишончли таъминлаш, болаларга нисбатан содир этилган жиноятларнинг олдини олиш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
М.Комилова,
ЎзА