Эҳтиёжманд оилаларга 1,2 триллион сўмлик бир марталик ёрдам берилди
Эҳтиёжманд оилаларга электр энергияси бўйича ойига базавий меъёрдан ортиқ 150 кВт/соатгача, шунингдек, табиий газ бўйича иситиш мавсумида 250 куб метргача (иситиш мавсумидан ташқари ойлар учун 150 куб метргача) ортиқ фойдаланилган қисми учун базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган тарифлар ўртасидаги фарқ компенсация қилиб берилмоқда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълумотларига кўра, 2025 йил 1 майдан бошлаб электр энергияси ва табиий газ истеъмоли бўйича базавий меъёрдан ортиқ фойдаланган 562,9 минг нафар эҳтиёжманд оилага жами 41,6 миллиард сўм компенсация пули тўлаб берилди.
Шундан, электр энергияси учун — 30 миллиард сўм, табиий газ учун — 11,6 миллиард сўм ажратилди.
Шунингдек, 2024–2025 йилги иситиш мавсуми давомида электр энергияси ва табиий газ истеъмоли бўйича базавий меъёрдан ортиқ фойдаланган 207 минг 962 нафар эҳтиёжманд оилага жами 23,3 миллиард сўм компенсация маблағлари тўлаб берилган.
Бундан ташқари, 2025 йил ноябрь ойида ҳам 1 миллион 161 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилаларга 1,2 триллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди.
Ажратилган моддий ёрдамлар ҳисобидан фуқаролар иситиш мавсуми учун кўмир захирасини яратиш, электр энергияси ва табиий газ учун тўловларни амалга ошириш имкониятига эга бўлди. Бу эса эҳтиёжманд аҳоли харажатларини камайтиришга хизмат қилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА