Чиқиндилар хизмати учун аҳолининг дебитор қарздорлиги 622,7 млрд. сўмдан ошди

Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда қайд этилишича, 2025 йил якунларига кўра, аҳоли томонидан чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари учун ҳисобланган тўловларнинг 90 фоизи тўлаб берилди, шунингдек 200 млрд. сўмдан ортиқ нореал дебитор қарздорлик тизимдан чиқарилди.
Чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари учун аҳолининг дебитор қарздорлиги 622,7 млрд. сўмни ташкил этади.
Ўтган йили “Тоза Макон” ягона электрон биллинг тизими ишга туширилди. Бу тизим Ягона портал маълумотлар базаси билан интеграциялашуви орқали нореал дебитор қарздорлик шаклланишининг олди олинди.
Хусусан, амалда кўрсатилмаган хизматлар учун ҳисобланган 211,9 млрд. сўмлик нореал дебитор қарздорлик электрон тизимдан чиқарилди.
2025 йил 31 декабрь ҳолатига кўра, кўрсатилган хизматлар учун аҳолига ҳисобланган 1 трлн. 454 млрд. сўмлик тўловларнинг 1 трлн. 304 млрд. сўми ёки 90 фоизи тўлаб берилган.
Ўтган йилдан бошлаб, қатъий маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш учун тўловлар бўйича қарздорлик мавжуд бўлса, қарздорлик тўлиқ қоплангунга қадар электр энергияси учун тўлов қабул қилиниши вақтинча тўхтатилади.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2026 йил 1 январдан бошлаб чиқиндилар билан боғлиқ хизматлар учун тўловлар фақат амалда кўрсатилган хизматлар учун онлайн тарзда амалга оширилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА