Мурожаатнома нефть-газ соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштиришга кенг йўл очмоқда

11

Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган навбатдаги Мурожаатномаси мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоқларини изчил ривожлантириш, жумладан, нефть-газ соҳасини модернизация қилиш ва унинг самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим вазифаларни белгилаб берди. Ушбу ҳужжатда илгари сурилган устувор йўналишларни жойларда кенг тарғиб этиш, уларнинг мазмун-моҳиятини меҳнат жамоаларига чуқур етказиш ҳамда амалий ижрога йўналтириш мақсадида соҳада қатор ташкилий-амалий тадбирлар ўтказилмоқда.

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти тизимидаги “Ўзлитинефтгаз” акциядорлик жамиятида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир ҳам улардан биридир.

Тадбирда Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси Эркин Гадоев, Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Коррупцияга қарши ички назорат департаменти вакиллари иштирок этди.

Семинарда давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида белгилаб берилган асосий йўналишлар, ислоҳотлар моҳияти ва уларнинг нефть-газ соҳасидаги аҳамияти атрофлича таҳлил қилинди.

Хусусан, нефть-газ тармоғида ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, янги конларни ўзлаштириш, замонавий ва энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш ҳамда йирик инвестиция лойиҳаларини самарали амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, маҳаллийлаштириш жараёнларини кенгайтириш, ички бозор эҳтиёжларини қондириш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш вазифалари муҳокама қилинди.

Семинар давомида кадрлар салоҳиятини ошириш, соҳада малакали мутахассислар тайёрлаш, ёш кадрларни қўллаб-қувватлаш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини ишлаб чиқариш билан узвий боғлаш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олди. Иштирокчилар бу вазифалар нефть-газ соҳасининг барқарор ривожланиши, рақобатбардошлигини ошириш ва иқтисодиётнинг стратегик тармоқларидан бири сифатида унинг ўрнини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Тадбир якунида Президент Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирларни кучайтириш, соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш масалаларида тизимли ишларни давом эттириш зарурлиги қайд этилди.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА