Янги тараққиёт босқичида олий таълимнинг ўрни

36

Республикамиз бўйлаб мамлакат ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган сиёсий ҳужжат – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Шундай тадбирлардан бири Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг мажлислар залида Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташаббуси билан ўтказилди. Унда партиянинг маҳаллий ташкилотлари раҳбарлари ва ходимлари, пленум ва ижроия қўмитаси аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари, партия фаоллари, жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида Президент Мурожаатномасида белгиланган мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, ижтимоий адолатни таъминлаш, инсон қадрини улуғлаш, давлат бошқарувида шаффофлик ва самарадорликни кучайтиришга қаратилган устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш, бандлик, ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий кафолатлар соҳаларида белгиланган йўналишларни ҳаётга татбиқ этишда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг парламент ва маҳаллий Кенгашлар даражасидаги амалий иштироки масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

– Мурожаатнома мазмун-моҳияти билан аввало халқ манфаатларига хизмат қиладиган, аниқ натижага йўналтирилган ислоҳотлар даврига кирганимизни яна бир бор тасдиқлади. Бу жараёнда сиёсий партияларнинг, хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ўрни ва масъулияти муҳим аҳамиятга эга. Бунда ижтимоий ҳимояни кучайтириш, камбағалликни қисқартириш, аҳолини даромадли қилиш, маҳаллаларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозорини шакллантириш каби устувор йўналишлар белгилаб берилди. Бу вазифалар Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадлари ва ижтимоий йўналтирилган сиёсий позицияси билан чамбарчас боғлиқ, – дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси раҳбари Халилла Ешимбетов. – Шу маънода партиянинг асосий вазифаси Мурожаатномада белгиланган йўналишларни жойларда тўғри тушунтириш, аҳолига етказиш ва уларни амалга ошириш жараёнида фаол иштирок этишдан иборат. Бу, аввало, партия депутатлари орқали маҳаллий кенгашларга аниқ таклифлар киритиш, ижтимоий аҳамиятга молик қарорлар қабул қилинишида ташаббускор бўлишни талаб этади.

Тадбир иштирокчилари Мурожаатномада белгиланган вазифаларни жойларда самарали амалга ошириш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кучайтириш, жамоатчилик назорати механизмларини ривожлантириш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Тадбир якунида Президент Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда партия ташкилотларининг фаоллигини ошириш, жамоатчилик билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги