Судларда очиқликни кенг таъминлаш орқали адолат қарор топишига замин яратилмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилиши қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб берди:
– Давлатимиз раҳбари одил судлов жараёнини “рақамли суд” концепцияси асосида ташкил этишга киришилганини алоҳида таъкидлади. Ҳақиқатан, суд соҳасига рақамли технологиялар кенг жорий этилаётгани фуқаролар ва тадбиркорларга жуда катта қулайликлар яратди. Судга онлайн мурожаат, судда онлайн иштирок этиш, онлайн хабарнома олиш, онлайн маслаҳатдан баҳраманд бўлиш каби қулай усуллар одамларнинг маблағи, вақтини тежашга ёрдам бермоқда.
Энди терговни ҳам рақамлаштириш орқали инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг кучайтирилиши мурожаатномада қайд этилди. Бунда, жиноят ҳақидаги аризани қабул қилишдан бошлаб, ишни судга ўтказишгача бўлган босқичларга сунъий интеллект технологиялари жорий этилади ва инсон омили қисқартирилади.

Юртимизда тергов судьялари иш бошлагани – халқаро тан олинган “Хабеас корпус” институтини қўллашнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлди. Тергов судьяларига санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатлари ҳам берилади. Одил судловни амалга оширишда жамоатчилик иштироки ва роли оширилади.
Энди жиноят процессига инглиз ҳуқуқидаги давлатларда ижобий натижа берган “халқ вакиллари ҳайъати” институти босқичма-босқич жорий этилади. Бунда, ўта оғир ва жамиятда шов-шувга сабаб бўлаётган жиноятлар жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши суд ҳукмининг янада адолатли бўлишига хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, судларда очиқликни кенг таъминлаш орқали адолат қарор топишига мустаҳкам замин яратилмоқда.
Айтиб ўтиш керакки, суд-ҳуқуқ тизимидаги стратегик ислоҳотлар самарасини таъминлашда янги таҳрирдаги Конституция норма ва принциплари ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Асосий қонуннинг суд ҳокимиятига бағишланган бобидаги 11 моддада одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилиши, суд ҳокимиятининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, суд қарорлари барча учун мажбурийлиги, судья ва оила аъзоларининг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда судлар фаолиятини молиялаштириш каби 30 дан зиёд муҳим конституциявий нормалар мустаҳкамланди.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш кафолатлари, шу жумладан, “Хабеас корпус” ва “Миранда қоидаси” умумэътироф этилган институтларини конституциявий даражада мустаҳкамлаш орқали сезиларли даражада кучайтирилди.
Бош қомусимизда Конституция нормалари тўғридан-тўғри амал қилиши белгилангани суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш ҳамда одил судлов тизимини демократлаштиришда муҳим ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилмоқда.
Чунончи, бу борада Олий суд пленумининг “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан-тўғри қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2023 йил 1 майдан бугунги кунга қадар судлар томонидан 426 мингдан ортиқ иш ва материалларда янги таҳрирдаги Конституция нормалари тўғридан-тўғри қўлланилди.
Суд-ҳуқуқ тизимини тубдан такомиллаштириш ва соҳанинг ҳуқуқий асослари жадал ривожланишига қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар натижасида 300 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси, шу жумладан, 200 га яқин қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Натижада суд тизимига оид 60 дан ортиқ қонун, фармон ва қарор қабул қилинди. Судларнинг молиявий мустақиллиги кучайтирилди.
Суд ишларини юритишда янги институтлар киритилди, мавжудлари такомиллаштирилди. Жиноят процессида ярашув институти кенгайтирилди. Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув, фуқаролик ва иқтисодий судларда судгача мажлис, соддалаштирилган тартибда иш юритиш, медиация институтлари жорий қилинди.
Инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш тизими изчил такомиллаштирилмоқда. Хусусан, жиноят иши юритувида инсонпарварлик тамойиллари асосида “Хабеас корпус” институтини янада кенг татбиқ этиш мақсадида тергов судьялари институти амалиётга жорий қилинди.
Маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш концепцияси қабул қилинди.
Оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ҳамда фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларда оилавий низоларни кўришга ихтисослашган судьялар корпусини шакллантириш мақсадида “Оила судьялари” ташкил этилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг изчил давоми бўлди.
Шу асосда судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнлари жадаллаштирилмоқда. Замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда суд ишларини тўлиқ электрон кўринишга ўтказиш орқали тўлиқ қоғоз шаклидан воз кечиш, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланилган ҳолда фуқаролар учун интерактив хизматлар турларини кенгайтириш устида иш олиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбари яқинда имзолаган “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон билан муайян иш бўйича суд томонидан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини қайта кўриш, Конституциявий судга Олий суд томонидан мурожаат киритилиши ҳолатини судда тегишли иш бўйича иш юритувини тўхтатишга асос бўлиши каби қоидалар белгиланди. Бу Олий суд билан Конституциявий суд ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий кафолатларини янада мустаҳкамлади.
Масаланинг муҳим жиҳати шундаки, эндиликда суд амалиётида учраётган ва жумбоқ бўлиб қолаётган мунозарали масалаларнинг ечимида бу амалиётдан фойдаланилади.
Буларнинг барчаси одил судловга эришишга, жамиятда адолат қарор топишига, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари тикланишига хизмат қилади.
ЎзА мухбири
Норгул АБДУРАИМОВА,
ёзиб олди.