Шимоли-ғарбий ҳарбий округида «Уч авлод учрашуви» бўлиб ўтди

Ички ишлар соҳасида узоқ йиллар хизмат қилган нуроний ходимлар билан «Уч авлод учрашуви»ни ўтказиш анъанага айланган. Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Нукус гарнизонида Ватанпарварлик ойлиги доирасида ўтказилган учрашув ана шу эзгу мақсадларнинг узвий давоми бўлди.
«Халқ билан армия – бир тану бир жон» шиори остида ўтказилган тадбирда ўз соҳасида катта тажрибага эга устозлар, уруш ва меҳнат фахрийлари, Қуролли Кучлар сафида хизмат қилаётган офицер ва аскарлар иштирок этди.
Юртимиздаги тинчлик, ёшларнинг таълим-тарбияси учун яратилган шароитлар ва улардан самарали фойдаланиш бўйича зарур тавсиялар берилди. Албатта, бундай учрашувлар ёшларда ватанпарварлик, ҳурмат, меҳр-оқибат каби туйғуларни шакллантириш, ёши улуғларнинг ҳаётий тажрибасидан сабоқ олиш мақсадини қамраб олиб, шу орқали авлодлар ўртасида ҳамжиҳатлик ва бирдамлик мустаҳкамланади.
«Уч авлод учрашуви»да нуронийлар ўз давридаги қийинчиликлар, хизматдаги машаққатлар ва нуронийлик даврида давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилаётган эҳтиром ҳақида тўхталиб, ўз фикрларини билдирди, ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашди. Мамлакатимизда ислоҳотларни амалга оширишда Президентимизга елкадош бўлиш кераклиги суҳбатнинг бош мавзусига айланди.
Тадбир давомида ёшлар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоблар берилди. Бу эса иштирокчиларга бир-бирини янада яхшироқ тушуниш, армияга бўлган ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлаш имконини берди. Шунингдек, Ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар, куй-қўшиқлар ва саҳна кўринишлари тадбирга алоҳида файз бағишлади.

Якунда фаол иштирок этган фахрийлар ва ҳарбий хизматчилар ташаккурномалар билан тақдирланди. Барча иштирокчилар бундай учрашувлар ёшлар онгида соғлом дунёқарашни шакллантириш, халқ ва армия бирлигини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги