Ёшлар билан ишлашнинг янги механизмлари муҳокама қилинди

15

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида ёшлар таълим-тарбияси, уларнинг билимини ошириш, замонавий касб-ҳунар эгаллаши ва маънавий етуклигини таъминлаш бўйича белгиланган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган семинар ташкил этилди.

Семинарда институт факультетлари деканларининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосарлари, хотин-қизлар маслаҳатчилари, тюторлар, профилактика инспекторлари, психологлар, Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти масъуллари иштирок этди.

Тадбирда институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Қувондиқ Қодиров Мурожаатномада ёшлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, таълим сифатини ошириш, билимли, кенг дунёқарашли, ташаббускор ва ватанпарвар ёшларни тарбиялашга йўналтирилган устувор вазифаларга кенг тўхталиб ўтди.

Хусусан, таълим жараёнини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, замонавий илмий-техник ютуқлардан самарали фойдаланиш, рақамли кўникмаларни ривожлантириш, илм-фан билан ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш каби йўналишлар бўйича фикр алмашилди.

Семинарда ёшларнинг маънавий савиясини юксалтириш, уларни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, соғлом турмуш тарзига кенг жалб этиш, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш бўйича тизимли ишларни янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш, ҳалоллик тамойилларини сингдириш, масъулиятли ва ижтимоий фаол шахс сифатида камол топтириш борасидаги вазифалар алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Тадбир давомида институтда ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, таълим-тарбия жараёнини такомиллаштириш, иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш, илмий изланишлар ва ташаббусларни рағбатлантириш бўйича аниқ режалар белгилаб олинди.

Семинар якунида Президент Мурожаатномасида илгари сурилган вазифаларни институт ҳаёти ва таълим жараёнига босқичма-босқич жорий этиш, ёшлар манфаатларига хизмат қиладиган амалий ташаббусларни кенгайтириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги