Қўшма Штатлар халқаро ташкилотлар ва БМТ тузилмаларидан чиқмоқчи

10

АҚШ Президенти Дональд Трамп Қўшма Штатлар ўнлаб халқаро ташкилотлар, БМТ таркибидаги тузилмалар, жумладан иқлим бўйича муҳим шартнома, гендер тенглиги ва аёллар ҳуқуқи ва имкониятини кенгайтириш мақсадида фаолият юритадиган идорадан чиқиб кетишини эълон қилди. Америка етакчиси фикрича, бундай муассасалар «АҚШ миллий манфаатига зид ҳаракат қилишади».

Бу ҳақда «Reuters» агентлиги хабар тарқатган. Трампнинг тегишли фармони барча федерал агентликлардан БМТ ҳузуридаги 31 ва яна 35 турли ташкилотларда иштирок этиш, муайян лойиҳалар молиялаштирилишига чеклов қўйишни талаб этади.

Маълумки, Трамп БМТ ва бошқа халқаро тузилмаларнинг самарадорлиги, харажати ва масъулиятини бир неча бор шубҳа остига қўйган, бундай фаолият кўпинча мамлакати ривожига хизмат қилмаслигини таъкидлаган. Бир йил аввал иккинчи марта бошқарувга келгач, у ўтган вақт мобайнида БМТга ажратиладиган маблағни камайтиришга ҳаракат қилди. Жумладан, Американинг Инсон ҳуқуқи кенгашидаги иштирокини тўхтатди, маданият ташкилоти – ЮНEСКОни тарк этди. Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Париж иқлим келишувидан ҳам чиқиш режасини эълон қилди.

Мазкур рўйхатга Савдо ва ривожланиш бўйича конференция, Халқаро энергетика форуми, Анъанавий қуроллар реестри ва Тинчликни тиклаш комиссияси ҳам киритилган.

Г.Сатторова, ЎзА