Кам таъминланган оилаларга электр ва газ учун компенсация энди онлайн ажратилади
Коммунал хизматлар нархлари бозор тамойиллари асосида шаклланаётган бир пайтда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатида устувор вазифа бўлиб қолмоқда. Шу мақсадда кам таъминланган оилалар учун электр энергияси ва табиий газ харажатларини қоплашга қаратилган компенсация механизмлари янада такомиллаштирилди.
Янги тартибга кўра, эндиликда эҳтиёжманд аҳоли давлат компенсациясини олиш учун онлайн тарзда мурожаат қилиш имкониятига эга бўлади. Бу фуқаролар учун қулайлик яратиш, давлат хизматларини рақамлаштириш ва ортиқча қоғозбозликни камайтиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 декабрда қабул қилинган “Кам таъминланган оилаларни ёқилғи-энергетика соҳасида қўллаб-қувватлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ёқилғи-энергетика соҳасида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими қайта кўриб чиқилди. Мазкур қарор билан 2024 йил 16 апрелдаги 204-сон қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, электр энергияси ва табиий газ истеъмолининг базавий меъёр доирасидаги ҳамда меъёрдан ошган қисми учун тўланадиган компенсацияларни тайинлаш тартиби белгилаб берилди.
Хусусан, Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига Рақамли технологиялар вазирлиги билан ҳамкорликда 2026 йил 1 февралга қадар компенсация тайинлаш бўйича онлайн ариза қабул қилиш тизимини жорий этиш вазифаси юклатилди. Шу билан бирга, мазкур давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти ҳам тасдиқланди.
Компенсация олиш истагида бўлган фуқаролар ҳар ойнинг 16-санасига қадар қуйидаги усуллар орқали мурожаат қилишлари мумкин. Давлат хизматлари маркази ёки ваколатли органга бевосита мурожаат қилиш, оила яшайдиган маҳаллага бириктирилган ижтимоий ходим орқали, «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мустақил равишда мурожаат қилишлари мумкин.
Агар ўтказилган ўрганиш натижасида оила Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган деб топилса, кейинги ойдан компенсация тайинлаш тўғрисидаги қарор автоматик равишда шакллантирилади ва оила тўлов рўйхатига киритилади.
Оила реестрга киритилмаган бўлса, унинг уй-жой ва автотранспорт воситалари мавжудлиги, шунингдек, жон бошига тўғри келадиган даромадининг минимал истеъмол харажатларининг 1,5 баробаридан ошмаган-ошмагани қўшимча тартибда баҳоланади.
Қуйидаги ҳолатларда компенсация бериш рад этилади. Оиланинг жон бошига даромади белгиланган меъёрдан юқори бўлса, мулкда биттадан ортиқ кўчмас мулк ёки ер участкаси мавжуд бўлса, белгиланган муддатдан кам ишлаб чиқарилган автотранспорт ёки махсус техникага эгалик қилинса, оилага аввал компенсация тайинланган бўлса компенсация бериш рад этилади.
Компенсация маблағлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан шакллантирилган рўйхатлар асосида АТ “Халқ банки” орқали фуқароларнинг ижтимоий ёки банк карталарига ўтказиб берилади. Тўловлар ариза берилган ойдан кейинги ойнинг 27-санасига қадар амалга оширилади.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, мазкур компенсациялар электр энергияси ва газ тарифлари оширилган 2024 йилдан бошлаб жорий этилган бўлиб, истеъмолнинг ижтимоий меъёридан ортиқ фойдаланган кам таъминланган хўжаликларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Ш.Маматуропова,
ЎзА