Эрта никоҳ эмас, етуклик жамиятни юксалтиради
Ўзбекистон ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – хотин-қизлар ҳуқуқларини, оналар ва болаларнинг саломатлигини ҳимоя қилиш, ёшлар тараққиёти учун шароит яратиш. Шу мақсадда, Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида қабул қилинган Оила кодексига киритилган ўзгартириш, яъни эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёшини 18 ёш этиб белгилаш замон талабларига мос, халқаро стандартларга мувофиқ қадам бўлди.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида хорижий мамлакатларда никоҳ ёшининг белгилангани ҳолати ҳам ўрганилган. Жумладан, Россия, Арманистон, Тожикистон, Озарбайжон, Украина, Франция, Германия ва Филиппинда никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун ўн саккиз ёш этиб белгиланган.

Мазкур ҳуқуқий янгилик хотин-қизларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, эрта никоҳ ва эрта туғуруқ билан боғлиқ салбий оқибатларнинг олдини олиш, ёшларнинг таълим олиш ва шахс сифатида шаклланиши учун зарур шароит яратишга қаратилган. Бироқ, никоҳ ёшининг қонунан белгиланиши масаласи фақат ҳуқуқий доира билан чекланиб қолмаслиги керак. Бу масала чуқур ижтимоий, маънавий ва психологик жиҳатларга ҳам эга. Айниқса, ёшларнинг жисмоний ва руҳий етуклиги, ҳаётий тажрибаси, мустақил фикрлаши ва касбий тайёргарлиги ушбу қарорнинг амалий натижаларини белгиловчи муҳим омиллардан.
Бугунги глобаллашув ва рақобат кучайган даврда ёшлар олдида фақатгина оила қуриш эмас, балки мустақил ҳаётга тайёрланиш, билим олиш, касб эгаллаш, жамиятда ўз ўрнини топиш каби муҳим вазифалар ҳам турибди. Айниқса, қизлар учун олий таълим, касбий малакага эга бўлиш нафақат шахсий ривожланиш, балки келгусида мустаҳкам ва барқарор оила қуришнинг ҳам муҳим омили.
Афсуски, амалиётда университетга кирибоқ ёки талабаликнинг илк йилларида турмушга чиқиш ҳолатлари ҳануз учраб туради. Бу эса кўплаб мураккаб муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Талабалик – билим олиш, ўз устида ишлаш, мустақил фикрлашни шакллантириш даври. Оила масъулияти, рўзғор ташвишлари, фарзанд парвариши билан бир вақтда таълим олиш кўпчилик аёллар учун жисмоний ва руҳий жиҳатдан ниҳоятда оғир кечади.
Натижада, таълим сифати пасаяди, қизларнинг илмий ва касбий салоҳиятини тўлиқ намоён этишига тўсқинлик юзага келади. Энг ачинарлиси, бу ҳолат жамиятда аёл кадрларга бўлган муносабатга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Яъни, “Аёл барибир ўқишни охирига етказмайди”, “Касбий жиҳатдан барқарор бўла олмайди” деган нотўғри стереотиплар кучайишига сабаб бўлади. Ҳолбуки, замонавий жамият ривожини билимли, мустақил фикрловчи ва касбига содиқ аёл кадрларсиз тасаввур этиб бўлмайди.

Тиббий тадқиқотлар ҳам шуни кўрсатадики, она бўлиш учун энг яхши давр тахминан 20-34 ёш оралиғидир. Ушбу ёш даврида ҳомиладорлик натижалари кўплаб тадқиқотларда нисбатан ижобий бўлиб, жисмоний ва репродуктив саломатлик муҳити ҳам қулай ҳисобланади. Маълумотларга кўра, 20-30 ёш оралиғида туғуруқ ва ҳомиладорлик билан боғлиқ хавф омиллари масалан, гепатитлар, гипертензия ва гестацион диабет каби касалликлар нисбатан камроқ учрайди. Қолаверса, ушбу ёш оралиғида перинатал саломатлик кўрсаткичлари ҳам яхши бўлади.
Мамлакатимизда эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёшининг 18 ёш этиб белгиланиши хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, шунингдек, халқаро ҳуқуқ нормаларига мослашиш йўлидаги муҳим ва тарихий қадам бўлди. Ушбу норма эрта никоҳ билан боғлиқ кўплаб ижтимоий, тиббий ва психологик муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, никоҳ ёшининг қонуний чегараси ёшларни айнан шу ёшда турмуш қуришга ундовчи омил сифатида талқин қилинмаслиги лозим. Аксинча, бу ҳуқуқ ёшларнинг онгли, пухта ўйланган ва масъулиятли қарор қабул қилиши учун яратилган имконият. Ҳар бир йигит ва қиз аввало ўзининг жисмоний ва руҳий ҳолати, ҳаётий мақсадлари, таълим ва касбий ривожланиш даражасини ҳисобга олган ҳолда никоҳ масаласига ёндашиши зарур.
Айниқса, қизларнинг олий таълим муассасаларига кирибоқ турмуш қуриши кўплаб мураккабликларни келтириб чиқариши мумкин. Бу ҳолат таълим сифатининг пасайиши, аёлларнинг ўз салоҳиятини тўлиқ намоён эта олмаслиги, натижада жамиятда аёл кадрларга бўлган ишонч ва эҳтиёжнинг сусайишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас. Билимли, касб-ҳунарга эга, мустақил фикрлайдиган аёл эса нафақат ўз оиласи, балки жамият тараққиётига ҳам беқиёс ҳисса қўшади.
Демак, баркамол авлодни тарбиялаш йўлида етуклик, билим ва масъулият устувор бўлиши лозим. Аввало таълим, сўнг касб, ундан кейин эса бахтли оила бугунги замон талаб қилаётган тўғри ҳаётий кетма-кетлик. Айнан шу ёндашувгина мустаҳкам оилалар, соғлом оналар ва бахтли фарзандлар жамиятини барпо этишга хизмат қилади.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
ЎзА