Ўзбекистон техник тартибга солишда халқаро эътирофга эришди
Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази IQNet халқаро сертификатлаш тармоғида ассоциациялашган аъзо мақомига эга бўлди. Бу мамлакатимизда жорий этилган менежмент тизимларининг халқаро майдонда тан олиниши ва экспорт салоҳиятининг ошишида муҳим қадам ҳисобланади.
Мазкур мақом марказга IQNet фаолиятида кенг қамровли иштирок этиш, халқаро тажриба алмашиш ва ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш имконини беради.
IQNet халқаро сертификатлаш ташкилоти 1990 йилда ташкил этилган бўлиб, 36 та етакчи менежмент тизимлари сертификатлаш органларини бирлаштиради. 150 дан ортиқ мамлакатда 310 мингдан зиёд сертификат расмийлаштирилган. Бу дунёнинг қарийб 30 фоиз бозорини қамраб олмоқда.

IQNet аъзолари қаторида Испания, Франция, Германия, Япония, Хитой, Корея, Туркия, Швейцария ва бошқа қатор давлатларнинг нуфузли сертификатлаштириш органлари мавжуд. Шунингдек, тармоқ 30 дан ортиқ тилларда аудит ўтказиш имконига эга 17 мингдан зиёд халқаро аудитор ва экспертлардан иборат.
Мутахассислар таъкидлашича, IQNet тармоғига аъзо бўлиш Ўзбекистонда жорий этилган менежмент тизимларининг экспорт бозорларида тан олинишини таъминлайди. Мамлакатнинг глобал сифат индексидаги ўрнини оширади ва халқаро стандартларга мос малакали кадрлар тайёрлашга хизмат қилади. Шунингдек, бу аъзолик савдо алоқаларини ривожлантириш ва мижозлар ишончини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА