Мардлик ва садоқат тимсоли: Ватан ҳимоячилари билан учрашув

23

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 1 декабрдаги 70-сонли фармойиши билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида»ги дастурнинг ижросини таъминлаш мақсадида, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида «Менинг отам – Ватан ҳимоячиси» мавзусида маънавий-маърифий кеча бўлиб ўтди.

Кечада Шимоли-ғарбий ҳарбий округга қарашли 17071- ҳарбий қисм хизматчиси, лейтенант А.Тўлқинбоев, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими мутахассиси, ички ишлар майори Г.Палванова, шунингдек, ушбу ҳарбий қисмнинг 2-даражали сержанти Ж.Ахмедов фахрий меҳмон сифатида иштирок этди.

– Ушбу тадбир ёш авлод қалбида Ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлаш, она заминга садоқат, мардлик ва фидойилик фазилатларини тарғибот-ташвиқот, ҳарбий хизматчиларнинг шарафли ва масъулиятли меҳнатини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ташкил этилди, – дейди физика факультети декани ўринбосари П.Нурниязов.

Учрашув давомида меҳмонлар ўзларининг хизмат бурчи, ҳарбий бурч масъулияти, Ватан ҳимоячиси бўлишнинг шарафли жиҳати, оилада, айниқса, фарзандлар тарбиясида ҳарбий хизматчиларнинг ўрни ҳақида кенг тарзда сўзлаб берди.

Тадбирда талаба-ёшлар томонидан ҳарбий хизматчиларга саволлар берилиб, уларга тегишли жавоблар олинди. Ўтказилган ушбу учрашув кечаси талабаларнинг онгида Ватанпарварлик туйғуларини кучайтириб, миллий Армиямиз ва унда хизмат қилаётган Ватан ҳимоячиларига бўлган ҳурмат ҳиссини юксалтирди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги