Янги Ўзбекистон маҳалладан бошланади

56

Сўнгги йилларда мамлакатимизда халқ хўжалигининг барча соҳаларида катта ўзгариш ва янгиланишлар рўй бермоқда. Иқтисодиётимиз янгидан шаклланиб, бозор муносабатлари ва ижтимоий ҳимоя кенгайиб, қонун устуворлиги мустаҳкамланди. Энг муҳими, ислоҳотларимиз самарасини ҳар бир маҳалла, ҳар бир оила ва ҳар бир инсон кундалик ҳаётида сезмоқда.

Бу ҳақда муҳтарам Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқимизга Мурожаатномасида алоҳида таъкидланди.

– Бир сўз билан айтганда, биз ислоҳотларни аниқ амалий натижага айлантиришни ўргандик. Бунинг тасдиғини тобора янгича қиёфа касб этаётган шаҳар ва қишлоқларимизда, замонавий корхоналар, савдо ва хизмат кўрсатиш масканлари, мактаб, боғча ва шифохоналар, обод кўча ва маҳаллалар, транспорт-логистика тизими, рақамли хизматлар мисолида яққол кўриш мумкин, – деган эди давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномасида.

Шунингдек, Президентимиз томонидан дунё миқёсида ишлаб чиқариш ва транспорт-логистика занжирлари узилган, хомашё ва молиявий ресурслар нархи ошган шароитда ҳам мамлакатимиз иқтисодиёти ишончли ва барқарор ўсишни давом эттираётгани, бу натижалар жаҳон ҳамжамияти ва нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилиб, 2025 йилда тарихимизда биринчи марта ялпи ички маҳсулотимиз 145 миллиард доллардан ошгани алоҳида таъкидланди.

Дарҳақиқат, муҳтарам Юртбошимиз ўз мурожаатида айтиб ўтганидек, ўтган йили иқтисодиётимизга жалб этилган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларга етиб, жами инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 31,9 фоизни ташкил этмоқда. Бу эса иқтисодиётимиз келгуси йилларда ҳам юқори суръатлар билан барқарор ўсиб бориши учун асос бўлади.

Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ва мавқеи, халқаро рейтинглардаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, етакчи халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимизнинг суверен рейтингини «BB–» дан «BB» поғонасига кўтарди.

Бугунги кунда жамиятимизда турли фикр ва қарашлар бўлиши табиий. Бу – демократиянинг бирламчи талаби. Лекин, миллати, тили ва динидан қатъи назар, бутун мамлакатимизни бирлаштирадиган буюк бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаати. Ана шундай улуғ мақсадга эришишда маҳалла тизимининг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Чунки маҳалла тинч ва аҳил бўлса, жамиятимиз тинч ва ҳамжиҳат бўлади. Маҳалла ривожланса, бутун мамлакатимиз ривожланади.

Шуларнинг барчасини инобатга олиб, Президентимиз 2026 йилни юртимизда «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили,» деб эълон қилди ва халқимиз томонидан илиқ кутиб олинди. Маҳалла – инсон капиталини янада бойитишдаги куч, давлатимизни, халқимизни бирлаштирувчи, миллий ғоялар йўлида хизмат қилувчи тизим сифатида эътироф этилиши, ҳар бир маҳалла еттилигига катта масъулият юклаб, уларни ўз устида яна ҳам аямай меҳнат қилишга чақириқ шиори бўлди.

2026 йилда амалга ошириладиган энг муҳим 6 та устувор йўналишнинг биринчи устувор йўналиши – маҳалла инфратузилмасини янада яхшилашга қаратилгани, мамлакатимиз маҳаллаларида кенг кўламли улкан ишлар амалга оширилишидан далолат беради. Шу боис жорий йилдан маҳаллани ривожлантириш бўйича комплекс ёндашув жорий этилади. Хусусан, ҳар бир вилоятда 2-3 та туманни танлаб, улардаги барча маҳаллада барча муаммоларни бир вақтда ҳал қиладиган тизим яратилади. Танлаб олинган 33 та туман ва 330 та оғир шароитли маҳалладаги ишлар Ургут тажрибаси асосида ташкил этилади. Уларда бир вақтнинг ўзида тадбиркорлик инфратузилмаси ҳам ривожлантирилади. Бу мақсадлар учун барча манбалар ҳисобидан 8,5 триллион сўм маблағ ажратилади.

Депутатларга ўз округидаги муаммоларни ҳал қилиш учун 500 миллиард сўм, ҳар бир депутатга 3,3 миллиард сўмдан берилади.  Бу борада «яшил ҳудуд,» «яшил боғ» яратиш бўйича ҳар бир депутат ташаббусига қўшимча 330 миллион сўмдан йўналтирилади. Бундай ёндашув орқали 2030 йилга қадар барча туманлардаги маҳаллаларга Янги Ўзбекистон қиёфаси олиб кирилади.

Албатта, бу ишларни самарали ташкил этиш учун туман бюджети даромадларини камида 2 баробар кўпайтиришга шароит яратиб бериш зарур. Шу мақсадда, 2026 йил 1 январдан бошлаб, қўшилган қиймат солиғидан тушумнинг Тошкент шаҳрида 5 фоизи, қолган ҳудудларда 20 фоизи қолдирилиб, ушбу маблағнинг ярми туманлар бюджетига ўтказилади. Бундан ташқари, даромадларнинг прогнозга нисбатан ошириб бажарилган қисмининг 50 фоизи, экин ерларини ижарага бериш ва бозорлардан тушумлар ҳам тўлиқ туман бюджетига берилади.

Вилоят, туман ҳокимларига самарасиз ва бир-бирини такрорлайдиган штат бирликларини қисқартириб, иқтисод қилинган маблағни аҳоли ўртасида қўйилган масалаларни ҳал қилиш учун йўналтиришга рухсат берилади. Бу орқали туманлар бюджетида йилига 5 триллион сўмлик қўшимча манба шаклланади ва у маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга сарфланади. Шунингдек, 2026 йилдан бошлаб, илк бор маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш учун 20 триллион сўмни вилоятларнинг ўзига берилади. Энг муҳими, бу маблағларнинг ҳар бир сўми халқимиз учун қўшимча қиймат яратиши зарур. Шунинг учун бу маблағлар умуман қайсидир туман учун эмас, балки маҳаллада иш ўринлари яратадиган, аҳолини даромадли қиладиган аниқ лойиҳаларга йўналтирилади. Бундан ташқари, 2026 йилда «маҳаллада саноат ва хизмат» лойиҳаси орқали 10 мингдан зиёд ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини ишга тушириш учун 5 триллион сўм кредит берилади. Кредит фоизининг миллий валютада 10 фоизгача, хорижий валютада 4 фоизгача бўлган қисми Тадбиркорлик компаниясидан қоплаб берилади. Бунинг учун ҳам бюджетдан 400 миллиард сўм йўналтирилади. Натижада маҳаллаларда 100 мингта янги иш ўрни яратилади.

Ҳар бир маҳаллада 40 тадан микро лойиҳани амалга ошириб, 360 минг аҳолини иш билан таъминлаш учун маҳалла банкирлари ва ҳоким ёрдамчиларига 2026 йилда яна 7,5 триллион сўм ресурс ажратилади.

Янги йилда маҳаллалардаги аҳолини, хусусан, хотин-қизларни спортга кенг жалб қилиш, бунинг учун зарур инфратузилмани яратиш бўйича уч йиллик дастур қабул қилиб, унга 1 триллион сўм йўналтирилади. Маҳалла ёшларининг китобхонликка бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида мактаб кутубхоналарини ҳар йили 10 миллион бадиий адабиётлар билан таъминлаб боради.

Ана шундай ишларимиз натижасида 2026 йилда 1 миллион кишини доимий иш билан таъминлаб, 181 минг оилани камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик ва ишсизлик даражаси 4,5 фоизга туширилади ҳамда камбағалликдан холи маҳаллалар сони 3,5 мингтага етказилади.

Албатта, мен депутат сифатида Президентимизнинг бу ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Чунки маҳалла обод бўлса, эл обод бўлади, бутун халқимиз тинч-осойишта ва фаровон ҳаётда яшайди.

Ф.Палванова,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати.

Чимбой туманидаги Бердақ МФЙ бошлиғи.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги