Ўзбекистон илм-фанини сифат жиҳатдан юқори босқичга олиб чиқишга мустаҳкам замин яратилди

36

Янги Ўзбекистонда илм-фан соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, уни замон талаблари ва миллий тараққиёт мақсадлари билан уйғун ривожлантириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам сифатида Президентимиз томонидан “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор имзоланди.

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Маматкаримов шу ҳақда муносабат билдирди:

– Илм-фан ҳар қандай давлат тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири ҳисобланади. Жамиятнинг иқтисодий, ижтимоий, маданий ва технологик юксалиши, аввало, илм-фан ютуқлари билан чамбарчас боғлиқ. Замонавий дунёда фан ютуқларига таянган мамлакатлар фаровонлик, инновацион ривожланиш ва барқарор тараққиётга эришмоқда. Шу боис, илм-фанни қўллаб-қувватлаш, уни тизимли равишда ривожлантириш ҳар бир давлат сиёсатида устувор йўналишлардан бири саналади.

Илм-фан тараққиётида Фанлар академияларининг тутган ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу муассасалар фундаментал ва амалий тадқиқотларни ташкил этиш, илмий мактабларни шакллантириш, истиқболли йўналишларни белгилаш ҳамда юқори малакали илмий кадрлар тайёрлашда етакчи роль ўйнайди. Айниқса, академик олимлар ­­– фаннинг энг юксак намояндалари сифатида илмий тафаккур ривожи, янги ғоялар ва инновацион ечимларнинг ташаббускори ҳисобланади.

Ўзбекистон Фанлар академияси мамлакатда илм-фан тараққиётини изчил ва тизимли равишда таъминлаш, миллий илмий салоҳиятни мустаҳкамлаш ҳамда илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш йўлида фаолият олиб бораётган энг нуфузли илмий муассаса ҳисобланади. Академия фундаментал ва амалий тадқиқотларни мувофиқлаштириш, устувор илмий йўналишларни белгилаш, илмий мактаблар ва тадқиқот анъаналарини ривожлантириш орқали мамлакат тараққиётига улкан ҳисса қўшмоқда. Шу билан бирга, у замонавий фан ютуқларини миллий эҳтиёжлар билан уйғунлаштирган ҳолда иқтисодиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, таълим ва экология соҳаларида илмий асосланган ечимларни ишлаб чиқишга хизмат қилмоқда.

Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар шароитида Фанлар академияси фаолиятини тубдан такомиллаштириш, унинг бошқарув тизимини замонавий талаблар асосида қайта ташкил этиш ҳамда илмий тадқиқотларни давлатнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари билан узвий боғлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Ушбу ислоҳотлар доирасида Академиянинг институционал салоҳияти оширилиб, илмий муассасалар фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг шаффоф ва адолатли механизмлари жорий этилди. Шу билан бирга, очиқлик, рақобат ва холислик тамойиллари асосида ўтказилган сайловлар натижасида Фанлар академияси фаннинг турли соҳаларида етук илмий натижаларга эришган, замонавий фикрлайдиган ҳамда катта-катта илмий мактаблар яратган олимлар билан тўлдирилди. Бу эса Фанлар академиясининг нуфузини янада ошириш, миллий илм-фан ривожида унинг ролини мустаҳкамлаш ҳамда инновацион тараққиёт жараёнларида фаол иштирокини таъминлашга замин яратмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг янги қарорида 2030 йилга қадар Фанлар академиясида устувор илмий йўналишлар асосида фундаментал ва амалий тадқиқотларни тизимли йўлга қўйиш, Академия ва унинг тизим ташкилотларида янги илмий ишланмалар сони ва уларни тижоратлаштиришдан олинадиган маблағлар ҳажмини 3 баробарга ошириш, илмий кадрлар таркибида ёш олимлар улушини 60 фоизга етказиш, нуфузли халқаро илмий нашрларда чоп этиладиган мақолалар сонини 4 баробарга кўпайтириш каби аниқ ва мақсадли кўрсаткичлар белгилаб берилди. Шунингдек, академиклар ва профессор-ўқитувчиларнинг таълим жараёнидаги иштирокини 5 баробарга, халқаро ҳамкорликдаги илмий тадқиқотлар сонини 3 баробарга ошириш режалаштирилди.

Қарорда илмий салоҳиятни оширишга қаратилган яна бир муҳим йўналиш – хорижий мамлакатларда фаолият кўрсатаётган ўзбек илмий диаспорасини миллий илм-фан тизимига қайта интеграция қилиш масаласи алоҳида белгилаб қўйилди. Шу билан бирга, Фанлар академияси илмий муассасаларини рақобат тамойили асосида молиялаштириш тизимига ўтказиш, ёшларни академик фанларга кенг жалб этиш мақсадида уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш механизмларини жорий этиш назарда тутилмоқда.

Бу эса, ўз навбатида, мамлакатда илм-фан соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, илмий тадқиқотлар сифатини ошириш ҳамда янги ғоя ва инновацион ечимларнинг тезкор равишда амалиётга жорий этилишини таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, хорижий тажриба ва илғор илмий мактабларни миллий илм-фан тизимига интеграция қилиш орқали илмий салоҳиятни сифат жиҳатдан янгилаш, ёш олимларнинг фаоллигини ошириш ҳамда интеллектуал ресурслардан самарали фойдаланишга замин яратади.

Ҳудудий илм-фанни ривожлантириш мақсадида Наманган, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида Фанлар академиясининг ҳудудий бўлимлари ташкил этилиши, шунингдек, Халқаро илм-фан кенгашининг Марказий Осиё минтақавий офисини очиш режалаштирилгани Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро илмий майдондаги нуфузини ошириш, унинг илмий салоҳиятини жаҳон ҳамжамиятига кенг намоён этиш ҳамда мамлакатни Марказий Осиёда илмий-тадқиқотлар ва инновациялар бўйича муҳим марказ сифатида шакллантиришга хизмат қилади.

Мазкур ташаббуслар орқали халқаро илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма тадқиқот лойиҳалари ва грант дастурларини кенгайтириш, илмий кадрлар академик ҳаракатчанлигини ошириш ҳамда минтақадаги долзарб муаммоларга илмий асосланган ечимлар ишлаб чиқиш учун янги имкониятлар яратилади.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда тизим олдида турган энг устувор вазифа Президент қарорида белгиланган мақсад ва вазифалар ижросини самарали ташкил этиш, белгиланган стратегик кўрсаткичларга изчил равишда эришишдан иборат.

Давлатимиз раҳбари томонидан яратилган қулай шарт-шароитлар, кенг имкониятлар ва қўллаб-қувватлаш механизмларидан оқилона ва мақсадли фойдаланган ҳолда, барча олимлар, илмий муассасалар ҳамда таълим тизими вакилларининг ўзаро ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракатлари Ўзбекистон илм-фанини сифат жиҳатдан юқори босқичга олиб чиқиш учун мустаҳкам замин яратади.

Н.Абдураимова, ЎзА