Давлат бошқарувида очиқлик ва ҳисобдорлик: Ўзбекистонда сиёсий ислоҳотлар самарадорлиги

Давлат бошқаруви ҳар бир демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири сифатида аҳоли манфаатини акс эттирувчи сиёсатни ишлаб чиқиш ва самарали амалга оширишни таъминлайди. Очиқлик ва ҳисобдорлик – бошқарув тизимининг фуқароларга хизмат кўрсатиш қобилиятини оширувчи икки асосий унсурдир.
Очиқлик давлат фаолияти тўғрисидаги маълумот халқ томонидан эркин ва тўлиқ олиниши ҳамда қарор қабул қилиш жараёни шaффофлиги билан белгиланади. Ҳисобдорлик эса давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг қарори ва ҳаракати учун жавобгарликни англатиб, фуқароларнинг сиёсий ислоҳот жараёнига ишончини оширади.
Ўзбекистон мустақиллик йилларида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш йўлида жиддий ислоҳотлар амалга оширди. Айниқса, сўнгги йилларда бу жараён инсонпарвар, очиқ ҳамда ҳисобдор давлат бошқарувини таъминлашга қаратилган стратегик йўналишга айланди. 2030 йилгача фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ҳам шундан далолат: ҳужжатда давлат ва жамият ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, нодавлат нотижорат ташкилотлар (ННТ) иштирокини кенгайтириш ва давлат дастурлари ишлаб чиқилишида жамоатчилик назоратини кучайтириш каби устувор йўналишлар белгиланган. Мазкур ташаббуслар “очиқ давлат – фаол фуқаро” моделини шакллантиришга хизмат қилади ва сиёсий ислоҳотлар самарадорлигини тубдан оширади.
Давлат бошқарувининг очиқлиги ва ҳисобдорлиги фақат маълумотни оммага тақдим этишдан иборат эмас, балки давлат идоралари фаолияти натижадорлигини баҳолаш, жараёнга фуқароларни жалб этиш, шaффоф қарор қабул қилиш тизимини яратиш имконини беради. Шу нуқтаи назардан “Янги Ўзбекистон” маъмурий ислоҳотлари давлат идоралари функционал самарадорлигини ошириш, қарорлар базасини мустаҳкамлаш ва ҳукумат ҳамда жамият ўртасидаги мулоқотни кучайтиришга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар мажмуасини ўз ичига олади.
Республикамиз давлат бошқаруви тизимида шaффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш давлат сиёсатининг ажралмас қисмига айланган. Кейинги йилларда айни йўналишда қатор муҳим қадамлар қўйилди. Бундай саъй-ҳаракатлар фуқаролик жамияти иштирокини кучайтириш, давлат қарорлари устидан жамоатчилик назоратини фаоллаштириш ҳамда самарали бошқарув механизмларини жорий этишга қаратилган. Хусусан, фуқаролик жамиятини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси лойиҳасида давлат ва жамият ўртасидаги интеграцияни чуқурлаштириш, шaффофликни ошириш ва нодавлат нотижорат ташкилотлар билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадлари мужассамлашган.
Ҳужжат мазмуни шуни кўрсатадики, давлат бошқарувида очиқликни таъминлаш учун фақат маълумот бериш етарли эмас: фуқаролар муносабатини шакллантириш, уларни қарор қабул қилиш жараёнига жалб қилиш ва давлат идоралари натижалари учун қатъий жавобгар қилувчи тизим яратиш ҳам муҳим ҳисобланади. Шунингдек, ННТ фаолиятини қўллаб-қувватлаш, жамоатчилик кенгашларини ривожлантириш ва давлат бюджети муҳокамасида фуқаролик жамияти иштирокини кенгайтириш каби йўналишлар ўзаро боғланиб, давлат бошқаруви фуқаролар томонидан янада чуқурроқ ҳис этилиши таъминланади.
Охирги пайт давлат идоралари очиқлиги бўйича аниқ натижани баҳолашга қаратилган механизмлар ҳам амалиётга татбиқ этилмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Очиқлик индекси” орқали давлат идораларининг очиқлик даражаси баҳоланади, натижалар бўйича рейтинглар тузилади. Бундай тизимли баҳолаш фуқаролар, экспертлар ва халқаро ҳамкорлар учун очиқлик даражасини аниқлаш имконини беради, давлат идораларининг хизмат кўрсатиш сифати ва натижаси бўйича мунтазам мониторинг олиб борилишини таъминлайди. Очиқ маълумотлар портали, жамоатчилик муҳокамаси ва форумларда таклиф этилаётган ғоялар давлат қарорлари асосли ва шaффоф қабул қилиниши, фуқаролар ҳаётий эҳтиёжини акс эттиришига хизмат қилади.
Рақамли трансформация давлат бошқарувида шaффофлик ва ҳисобдорликни таъминлашга сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Рақамлаштириш жараёни орқали давлат хизматлари кўрсатилиши янада тез, изчил ва фуқаролар эҳтиёжига мос бўлиши таъминланмоқда. Шу билан бирга давлат идораларининг хатти-ҳаракати ва молиявий маълумотни очиқ форматда тақдим этиш ҳисобот бериш маданиятини юқори даражага олиб чиқишга ёрдам беради.
Ислоҳотлар самарадорлигининг яна бир муҳим йўналиши қарор қабул қилиш жараёнида жамоатчилик иштирокини кенгайтиришдир. Фуқаролар мурожаатини кўриб чиқиш тизими, Президентнинг Халқ ва Виртуал қабулхоналари ҳамда “Ишонч телефонлари” каби механизмлар орқали аҳолининг фикри бевосита давлат идораларига етказилади. Шу асосда қарорлар қайта кўриб чиқилади.
Мусулмон Зиё, ЎзА