Нега Трамп учун Гренландия шунчалик муҳим? (+видео)

АҚШнинг Венесуэлага ҳарбий юришидан сўнг, Дональд Трамп энди Гренландияни аннексия қилиш нияти борлигини очиқ айтди. Бу баёнот ортидан дарҳол Дания бош вазири кескин муносабат билдирди ва “тарихий иттифоқчига нисбатан таҳдидларни тўхтатиш”га чақирди. Бу ҳақда Евроньюс хабар берди.
Дания бош вазири Метте Фредериксен АҚШни таҳдидларни тўхтатишга чақирди. Гренландия, Даниянинг автоном ҳудуди бўлиб, аҳолиси тахминан 57 минг кишидан иборат. У НАТО ва Европа Иттифоқи таркибига киради.
Гренландия бош вазири Йенс-Фредерик Нильсен ҳам Трампнинг оролни аннексия қилиш ҳақидаги такрорий таҳдидларига жавоб қайтарар экан, мулоқотга очиқлигини, аммо у халқаро ҳуқуққа мувофиқ олиб борилиши кераклигини маълум қилган. 2025 йил бошида Трамп бир неча бор Гренландияни қўшиб олиш зарурлигини айтди. Николас Мадуро ҳокимиятдан четлатилганидан кейин бу мавзуда яна очиқ баёнот берди. “Гренландия миллий хавфсизлигимиз учун керак. Бу стратегик ҳудуд. Ҳозир бу ер атрофида рус ва хитой кемалари юрибди”, – деганТрамп журналистларга.
Нима учун Трампга Гренландия керак, деган табиий савол туғилади. Эсингизда бўлса, Рождество байрамидан олдин Трамп Луизиананинг собиқ губернатори Жефф Лэндрини Гренландия масаласи бўйича махсус элчи этиб тайинлади. Лэндри ижтимоий тармоқларда “Гренландияни АҚШ таркибига қўшиш ишларида хизмат қилиш мен учун шараф” – деб ёзди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Гренландия Шимолий Муз океанида, муҳим денгиз йўллари чорраҳасида жойлашган. Географик жиҳатдан у Шимолий Америка қисми ҳисобланади. Глобал исиш туфайли Арктика орқали янги денгиз йўллари очилиши кутилмоқда, бу эса Гренландия аҳамиятини янада оширади.
1951 йилда АҚШ ва Гренландия ўртасида мудофаа бўйича келишув имзоланган. Питуффик космик базасида тахминан 150 нафар америкалик ҳарбий хизматчи жойлашган бўлиб, у ерда ракета кузатуви ва коинот мониторинги олиб борилади.
Немис тадқиқотчиси Ян Лессернинг фикрича, АҚШ аллақачон Гренландияда хавфсизлик учун зарур инфратузилмага эга. Шу боис, Трамп маъмуриятининг асосий қизиқиши табиий ресурслар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Лекин, Трампнинг бундай режаларига Европа қандай қарайди? Масалан, Швеция бош вазири Ульф Кристерссон Данияни қўллаб-қувватлашини билдирди. Ўтган йили Европа Иттифоқи АҚШнинг Гренландияни эгаллаш ҳақидаги таклифларини бир неча бор қоралаган эди.
Тадқиқотчи Лессернинг фикрича, ҳарбий аннексия эҳтимоли паст бўлса-да, уни бутунлай инкор этиб бўлмайди. Венесуэладаги воқеалардан сўнг, кўпчилик Трампнинг сўзларини жиддий қабул қила бошлади. Унинг айтишича, АҚШ Данияга иқтисодий, дипломатик ва тижорий босим ўтказиб, Гренландияда кенгроқ имкониятлар олишга ҳаракат қилиши мумкин.
Дания Бош вазири унинг мамлакати НАТО аъзоси эканини ва унга жамоавий хавфсизлик кафолатлари тааллуқли эканини эслатди. НАТО ичида зиддиятлар аввал ҳам бўлган, масалан, Греция ва Туркия ўртасида. Аммо бу сафарги можарода Европанинг асосий хавфсизлик кафолатчиси иштирок этиши мумкин.
“Бу альянс ичидаги бирдамликни жиддий издан чиқариши мумкин. Иттифоқчилар бундай йўл тутмаслиги керак”, -дейди тадқиқотчи Лессер.
Унинг хулосасига кўра, Гренландия атрофидаги таҳдидлар заифлашиб қолган трансатлантик хавфсизлик муносабатларини янада оғирлаштириши мумкин ва бу НАТО ичида ҳақиқий инқирозга олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.
Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА