Фанлар академиясида экология ва Оролбўйи масалалари

34

Ўзбекистонда илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. Айниқса, экология, сув ресурлари ва Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари нафақат илмий, балки ижтимоий-иқтисодий аҳамият касб этмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Ўктам Саломов Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари доирасида мазкур масалаларга эътибор қаратди.

Хизмат сафари доирасида Ўктам Саломов Ўзбекистон Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлимида бўлиб, мазкур муассасанинг илмий салоҳияти ва фаолияти билан яқиндан танишди. Бўлим раиси, академик Аҳмед Реймов билан бўлиб ўтган учрашувда ҳудудда олиб борилаётган амалий тадқиқотлар муҳокама қилинди.

Қорақалпоғистон бўлими олимлари томонидан олиб борилаётган илмий изланишлар, аввало, минтақанинг энг долзарб муаммолари – экологик мувозанат, сув танқислиги, биохилма-хилликни сақлаш ҳамда Оролбўйи ҳудудини тиклаш ва барқарор ривожлантириш масалаларига қаратилгани билан аҳамиятли. Ушбу тадқиқотлар табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизликни таъминлашда муҳим илмий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Орол денгизи қуриши оқибатлари бугунги кунда бутун Марказий Осиё учун глобал муаммо сифатида эътироф этилади. Шу боис, Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимида олиб борилаётган тадқиқотлар фақат минтақавий эмас, балки халқаро миқёсда ҳам долзарб.

Учрашув давомида сув ресурсларини бошқариш, чўлланиш жараёнларини камайтириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, шўрланган ерларни қайта тиклаш бўйича илмий ишланмалар муҳокама қилинди. Ушбу йўналишларда илм-фан ва амалиёт ўртасидаги узвий боғлиқликни кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Ўктам Саломов ўз нутқида Президентимиз раҳбарлигида илм-фан ва инновациялар соҳасига қаратилаётган тизимли эътибор ҳақида тўхталиб ўтди. Фанлар академияси фаолиятини ривожлантиришга қаратилган қарор ва фармонлар илмий муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, олимларнинг ижтимоий мавқеини ошириш ва илмий натижаларни амалиётга жорий этишда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.

Ташриф якунида ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, илмий грантлар сонини ошириш, стартап лойиҳаларни молиялаштириш ҳамда халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келгусидаги режалар муҳокама қилиниб, келишувларга эришилди. Бу эса Оролбўйи муаммоларига илмий асосланган ечимлар ишлаб чиқишда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.

Дилдора ДЎСМАТОВА,

ЎзА