Миллий армия – Она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони!

13

Мамлакатимиз тинчлигини ҳимоя қилишда миллий армиямизнинг тутган ўрни беқиёс. Мард, Она юртга садоқат билан хизмат қилаётган аскарларимизнинг хизматларини қанча фахр қилсанг арзийди. Ҳар йили 14 январь куни Ватан ҳимоячилари куни юртимиз бўйлаб кенг нишонланиб келинмоқда. Айни пайтда жойларда байрам нафаси бошланиб, турли тадбирлар ўтказилмоқда.

Тахиатош тумани ҳарбий қисмида «Миллий армия – Она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони!» шиори остида «Уч авлод учрашуви» тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда туман ҳокимлиги, «Нуроний» жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази вакиллари, ҳарбий хизматчилар, аскарлар, ёшлар ҳамда 4-сонли умумтаълим мактабининг «Жасорат мактаби» ўқувчилари иштирок этди.

Тадбирда Тахиатош тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари С.Алламбергенов сўзга чиқиб, учрашувни очиб берди. У ўз сўзида тинчлик ва осойишталикни асраш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ҳарбийлар ва нуронийларнинг ўрни муҳим эканини таъкидлади. Ўтказилган учрашув кечасида сўзга чиққанлар юртимизда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг аҳамияти, Она Ватанни севиш ва тинчлигимизни ҳимоя қилишда миллий армиянинг тутган ўрни ҳақида таъкидлаб, бу йўлни давом эттиришда кўпни кўрган нуронийларнинг маслаҳатлари ва келажак авлодни Ватанпарварлик руҳида тарбиялаш зарурлиги ҳақида сўз юритилди.

Тадбир якунида туман Маданият бўлими томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш этилди. Учрашув кечаси ёшларда Ватанга садоқат, ғурур ва масъулият туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

                                                                   Қорақалпоғистон ахборот агентлиги