Умумий мулкка нисбатан «Имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи» нима?

14

Ҳуқуқий муносабат

Қонунчиликка кўра, икки ёки ундан ортиқ шахснинг эгалигида бўлган мол-мулк уларга умумий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлади.

Ушбу саволга жавоб беришдан аввал умумий мулк тушунчаси моҳиятини билиб олишимиз зарур.

Бу ҳақда Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси раҳбари Отабек Нарзиев қуйидагича тушунтириш берди:

– Фуқаролик кодексининг 216-моддасига кўра, мол-мулк мулкдорлардан ҳар бирининг мулк ҳуқуқидаги улуши аниқлаб қўйилган (улушли мулк) ёки бундай улушлар аниқлаб қўйилмаган (биргаликдаги мулк) ҳолда умумий мулк бўлиши мумкин.

Умумий мулк бўлган мол-мулк улушларга бўлинади, қонунда бу мол-мулкнинг биргаликдаги мулкни ташкил этиши назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Демак, умумий мулк бу икки ёки ундан ортиқ шахсларга тегишли бўлган мол-мулкидир. Умумий мол-мулк улушларда тақсимланади ва шериклар ўртасида бошқарилади. Энди асосий саволга қайтсак, умумий мулк ҳуқуқида имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи нимани англатади?

Фуқаролик кодекси 224-моддасига кўра, мулкдорлардан бири ўз улушини бошқа шахсга сотган вақтида қолган мулкдорлар сотилаётган улушни у сотиладиган нархда ва бошқа тенг шартларда имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эгадирлар, кимошди савдоси орқали сотиш ҳоллари бундан мустасно.

Умумий мулкдаги улушни сотувчи ўз улушини ўзга шахсга сотиш нияти ҳақида бошқа мулкдорларга ёзма равишда маълум қилиб, улушнинг нархини ва уни сотишнинг бошқа шартларини кўрсатиши шарт.

Агар қолган мулкдорлар имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини амалга оширишдан воз кечсалар ёки бу ҳуқуқни хабар қилинган кундан эътиборан кўчмас мулкка нисбатан бир ой давомида, бошқа мол-мулкка нисбатан эса — ўн кун давомида амалга оширмасалар, сотувчи ўз улушини ҳар қандай шахсга сотишга ҳақли бўлади.

Улуш имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини бузган ҳолда сотилган тақдирда, бошқа мулкдорлар уч ой мобайнида сотиб олувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ўзларига ўтказишни суд тартибида талаб қилишга ҳақлидирлар.

Улушни сотиб олишнинг имтиёзли ҳуқуқини бошқа шахсга беришга йўл қўйилмайди.

Давлат органи ёки бошқа юридик шахс умумий мулк бўлган уй-жой (хонадон)даги ўз улушини сотган вақтида уйнинг (хонадоннинг) тегишли қисмида ижарага олувчилар сифатида яшаётган шахслар ушбу модда қоидалари асосида имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эга бўладилар, улар бу ҳуқуқдан воз кечсалар ёки уни амалга оширмасалар — бошқа мулкдорлар бу ҳуқуққа эга бўладилар.

Ушбу модданинг қоидалари айирбошлаш шартномаси бўйича улушни бошқа шахсга бериш чоғида ҳам қўлланилади.

Ушбу моддага кўра, агар умумий мол-мулкдаги бир шерик ўзининг улушини бошқа шахсларга сотмоқчи бўлса, у аввало, бу ҳақда бошқа шерикларга ёзма шаклда маълум қилиши керак. Бунда бошқа шерикларда улушни биринчи бўлиб сотиб олиш учун имтиёз пайдо бўлади.

Агар бошқа шериклар ўз имтиёзларидан фойдаланмасалар ёки тегишли муддатда сотиб олиш ҳуқуқини амалга оширмасалар, улушини сотмоқчи бўлган шерик ўз улушини бошқа шахсларга сотишга ҳақли бўлади.

Тушуниш осон бўлиши учун мисол кўрайлик: Омина мулкнинг 1/2га (50 фоиз), Дилшод 1/4 га (25 фоиз), Рустам 1/4га (25 фоиз) нисбатан умумий мулк ҳуқуқига эга. Рустам ушбу умумий мулкидан бўлган ўз улушини сотмоқчи. Бундай ҳолатда у биринчи бўлиб бу ҳақида Омина ва Дилшодга ёзма хабар қилади. Чунки улар умумий мулкнинг бошқа шерикларидир. Омина ва Дилшод бу ҳолатда улушни биринчи сотиб олиш ҳуқуқига эга шахслар ҳисобланадилар.

Мана шу ҳолат умумий мулкка нисбатан имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи ҳисобланади.

Ёдда тушиш керакки, ушбу имтиёз умумий мулкдаги шерикларгагина берилади.

Гулноза Бобоева,

ЎзА