Қарор ижроси танқидий муҳокама қилинди

Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Ш.Аминов иштирокида Элликқалъа, Беруний туманлари фаоллари, масъул идора ва ташкилот раҳбарлари билан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ижтимоий ва иқтисодий масалалар бўйича кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Президентнинг 2025 йил 3-январьдаги «2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор ижроси ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва тижорат банкларида муаммоли кредит қарздорликларини ундириш борасидаги фаолият танқидий муҳокама қилинди.

Йиғилишда, профилактик тадбирларни самарали ташкил этиш, ишсизлар ва ёшлар томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишини олдини олиш, кам таъминланган, камбағаллик реестрига киритилган хонадонлар муаммоларини ўрганиш, ёқилғи-энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, рейд тадбирларини кучайтириш, яширин иқтисодиётни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаш ва бартараф этиш, давлат дастурлари доирасидаги ижтимоий соҳа объектларидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари сифати ва ўз вақтида якунига етказилиши бўйича масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги