Марказий банк 1 миллиард долларлик ислоҳотларни бошлади

15

Марказий банкда молиявий технологияларни ривожлантиришга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистонда молиявий технологиялар соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида тижорат банклари, тўлов ташкилотлари ҳамда молиявий технологиялар бозори иштирокчилари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Қарорга мувофиқ, 2026-2030 йилларда молиявий технологиялар соҳасини ривожлантириш бўйича аниқ мақсадли кўрсаткичлар белгиланди. Жумладан, соҳада фаолият юритувчи стартапларга 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестицияларни жалб этиш, fintech бозорида иштирокчилар сонини камида 200 тага етказиш, 100 та стартапни инкубация ва акселерация дастурларидан ўтказиш ҳамда камида 5 минг нафар ёшларни молиявий технологиялар йўналишида ўқитиш режалаштирилган.

Мазкур йиғилишда 2026-2028 йилларга мўлжалланган режалар ҳамда Сингапурда ўтказилган fintech тадбири доирасида илгари сурилган ташаббуслар муҳокама қилинди.

Марказий банк томонидан йиғилиш иштирокчиларига QR-кодлар орқали тўловларни амалга оширишнинг ягона стандартларини жорий қилиш, очиқ банкинг асосида банклар ва fintech компаниялар ўртасида хавфсиз ва стандартлаштирилган маълумот алмашинуви тизимини жорий этиш, реал вақт режимида тўлов ва ўтказмаларни кенгайтириш, – RegTech ечимлари асосида ҳисобот ва назорат тизимларини модернизация қилиш вазифалари белгиланди.

Шунингдек, Марказий банк ҳузурида ташкил этиладиган венчур фонди ва инновацион хаб фаолияти доирасида молиявий технологиялар стартапларини молиялаштириш, инкубация ва акселерация дастурларини кенгайтириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, стартаплар дуч келаётган муаммолар, анъанавий банк тизимининг камчиликлари, шунингдек, акциядорлар томонидан аниқ стратегия ва тизимли ёндашувнинг етишмаслиги масалаларига эътибор қаратилди. Сунъий интеллект йўналишида хакатон тадбирлари, 2026 йилдан бошлаб скоринг ва marketplace платформаларини жорий этиш режалари маълум қилинди.

Бундан ташқари, Open Bankingни P2P режимида жорий этиш, универсал QR-код тизимини интеграция қилиш ва техник мувофиқлаштириш, бошқарув сифатини ошириш мақсадида data governance тизимини ривожлантириш ҳамда Chief Data Officer (CDO) лавозимини жорий этиш ташаббуслари илгари сурилди. Fintech hub ва акселерация дастурларини ташкил этиш режалари ҳам эълон қилинди.

Семинар доирасида миллий fintech стратегиясини ишлаб чиқиш ва уни амалиётга татбиқ этиш, fintech соҳасида янги кадрларни тайёрлаш ва рағбатлантириш, fintech компаниялари ҳамда уларни бошқарувчи мутахассислар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш таъкидланди.

Шунингдек, сунъий интеллект лабораторияларини ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди. Жумладан, банк стартапларини сунъий интеллект лабораторияларига йўналтириш, ҳудудларда сунъий интеллект лабораторияларини ташкил этиш ва ёш кадрларни тайёрлаш Президент фармонида белгиланган бўлиб, тижорат банклари ҳам ушбу жараёнда фаол иштирок этиши қайд этилди.

Шаҳноза Маматуропова,

Аслиддин Алижонов (сурат),

ЎзА