Адлия вазири: «Тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунлар улуши 2030 йилга қадар 30 фоизга етказилади»

12

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида адолатли суд-ҳуқуқ тизими борасидаги ислоҳотлар давом эттирилиши қайд этилди.

Ҳар бир ислоҳот муваффақияти мустаҳкам мезон, қонуний асослар самарадорлигига боғлиқ. Ўзбекистон Адлия вазири Акбар Тошқулов  шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб берди:

– Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда фуқаролар, тадбиркорлар ва инвесторларни ҳар қандай вазиятда ҳам ишончли ҳимоя қиладиган давлат, Конституция, қонунлар борлигини алоҳида қайд этди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда миллий қонунчилик базаси халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириб борилмоқда. Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида қонунчилик базаси изчил ва юқори суръатларда янгиланиб бормоқда. Бугунги кунда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фонди 26 мингдан ортиқ яхлит ҳужжатни ўз ичига олади. Шундан қарийб 17 минги, яъни 65 фоизи сўнгги тўққиз йилда қабул қилинган.

Бу ҳолат норма ижодкорлигининг фаоллашаётгани ҳамда ҳуқуқий тизим замон талабларига тезкор ва мослашувчан тарзда жавоб бера олаётганини яққол кўрсатади.

Ҳозирда Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини замон талаб ва чақириқларига мутаносиб равишда такомиллаштиришга қаратилган янги концепция лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳада норма ижодкорлиги фаолиятида амалдаги механизмлар янгиланиб, соҳага замонавий ёндашувларни жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Лойиҳаларни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш, мажбурий талабларни қисқартириш ҳамда тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни ишлаб чиқишга эътибор қаратилмоқда.

Ҳуқуқий ислоҳотларнинг концептуал асосида “халқ – қонун муаллифи” тамойили ётади. Лойиҳаларни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш ҳуқуқий ҳужжатлар сифатини ошириш билан бирга, давлат органларининг фуқаролар олдидаги очиқлиги, ҳисобдорлиги ва шаффофлигини таъминлайди.

Бугунда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор, шунингдек, муҳим ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий аҳамиятга эга бўлган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасига жойлаштириш мажбурияти қонун билан мустаҳкамланган. Хусусан, 2025 йилда вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган 714 лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилган бўлса, улар билан ўртача ҳар ойда минг нафардан ортиқ фуқаро танишиб чиққан.

Ташаббускорлар ҳисобдорлигини ошириш мақсадида жамоатчилик муҳокамаси давомида берилган таклифларни кўриб чиқиш ва тегишли жадвални автоматик шакллантириб порталда эълон қилиш амалиёти жорий этилди.

Норма ижодкорлиги жараёнларида жамоатчилик иштироки асосан онлайн муҳокамалар орқали амалга оширилмоқда. Ўз навбатида, Адлия вазирлиги томонидан оффлайн сўровномалар, анъанавий суҳбат ва муҳокамалар, фокус гуруҳлар каби лойиҳаларни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишнинг муқобил механизмларини жорий этиш ташаббуслари илгари сурилмоқда.

Вазирлик томонидан ҳуқуқий экспертиза жараёнида лойиҳанинг Конституцияга мувофиқлигига алоҳида эътибор берилади. Агарда унга зид ёки чекловчи нормалар аниқланган ҳолларда, уларни бартараф этиш бўйича қатъий позиция билдирилади.

Конституцияга мувофиқ, давлат иқтисодий фаолият ва тадбиркорлик эркинлигини кафолатлаш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш бўйича ўз зиммасига мажбуриятлар олган.

Мазкур мажбуриятларнинг ижроси сифатида Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 28 январдаги “2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонига асосан Тадбиркорлик соҳасига оид мажбурий талаблар ягона реестри 2025 йил 1 июлдан тўлиқ ишга туширилди.

Ҳозирда Ягона реестрга вазирлик ва идоралар томонидан 40 мингга яқин мажбурий талаблар киритилган. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясига мувофиқ, 2030 йилга қадар, Ягона реестрдаги мажбурий талабларни камида 20 фоизга қисқартириш белгиланган.

Бугунга қадар вазирлик томонидан 500 дан ортиқ норматив ҳужжатдаги 16 мингга яқин мажбурий талаблар қайта кўриб чиқилиб, 2,3 мингдан ортиқ мажбурий талабларни бекор қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Амалдаги қонунчиликда замон талабига мос келмайдиган ва эскирган, тадбиркорлар учун ортиқча юк келтириб чиқарувчи мажбурий талаблар мавжудлиги аниқланди.

Шундан келиб чиқиб, битта фармон, иккита қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Ҳукуматга киритилди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йил 15 декабрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги қарори билан 1 минг 620 мажбурий талаб бекор қилинди.

Ягона реестрни янада такомиллаштириш устида ҳам ишлаяпмиз. Хусусан, мажбурий талаб мезонлари ва методикасини ишлаб чиқиш, махсус платформа яратиш ва унда сунъий интеллект технологиясини жорий қилиш орқали ортиқча ва такрорланувчи мажбурий талабларни аниқлаш, реестрни доимий таҳлил ва мониторинг қилиб бориш, тадбиркорлар учун мажбурий талаблар бўйича харажатларни олдиндан билиш имкониятини берувчи “бизнес калькулятор”ни жорий этиш, янги мажбурий талаб жорий этилганида, унинг ўрнига реестрдаги шу соҳа бўйича бошқа бир талабни чиқариб юбориш (“one in – one out”) тартибини жорий этиш, мажбурий талабларни қайта кўриб чиқувчи махсус комиссия фаолиятини такомиллаштириш, кичик ишчи гуруҳлар фаолиятини тугатган ҳолда, лойиҳа офисларини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олиниши тамойилидан келиб чиқиб, ислоҳотларни тарқоқ қарорлар ва қуйи даражадаги ҳужжатлар орқали эмас, балки бевосита қонунлар билан белгилаш устувор вазифага айланди. Бундай ёндашув ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги ноаниқлик ва чалкашликларнинг олдини олиш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун барқарор ва тушунарли ҳуқуқий муҳит яратишга хизмат қилади.

Тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунлар улушини 2030 йилга қадар 30 фоизга етказиш мақсад қилинган. Бу борада Олий Мажлис томонидан тасдиқланган 2025-2029 йилларга мўлжалланган қонун ижодкорлиги дастури амалга оширилиши жуда муҳим ҳисобланади. Ушбу дастурни тўлиқ амалга ошириш миллий қонунчилик базасидаги қонунлар улушининг сезиларли даражада ошишига, 40 дан ортиқ соҳа тўғридан-тўғри ишловчи қонунлар билан тартибга солинишига хизмат қилади.

Умуман олганда, Адлия вазирлиги лойиҳаларни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш, мажбурий талабларни қисқартириш, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунлар улушини ошириш каби йўналишларда 2026 йилда мамлакатдаги конституциявий қонунийликни таъминлаш бўйича тизимли ишларни давом эттиради.

Норгул Абдураимова,  

ЎзА