BYD электромобиль бозорида етакчи

12

Хитойнинг BYD компанияси 2025 йил якунларига кўра Илон Маск раҳбарлигидаги Teslaни ортда қолдириб, дунёдаги энг йирик электромобиль ишлаб чиқарувчисига айланди. BYD йил давомида жами 2,26 миллион тўлиқ электр автомобиль сотган бўлса, Tesla 1,63 миллион донада қолган. Tesla савдолари айниқса йил охирида пасайган ва умумий натижалар 2024 йилга нисбатан 9 фоизга камайган.

BYDнинг юксалиши Хитой автомобиль саноатининг глобал рақобатда устунлик қилаётганини кўрсатади. Компания гибрид автомобиллар, электр автобуслар ва юк машиналари савдосини ҳам ошириб, барча турдаги автомобиллар бўйича 4,55 миллион дона натижасига эришган. Бу билан BYD нафақат айрим чоракларда, балки 2025 йилда тўлиқ электр моделлар ишлаб чиқаришда ҳам Teslaни ортда қолдирди.

Teslaнинг пасайиши эса АҚШ сиёсати, хусусан Трамп даврида электромобилларни рағбатлантирувчи субсидиялар ва экологик қоидаларнинг бекор қилиниши билан боғлиқ. Шу билан бирга, BYDнинг муваффақияти Хитой компанияларининг глобал электромобиль бозорида кучайиб бораётганини кўрсатади.

Мадинабону Насриева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА