2025 йилда Ўзбекистон экспорти $33,4 миллиардга етди
Ўтган йилда Ўзбекистон экспорти $33,4 млрдга етиб, 2024 йилга нисбатан 23 фоизга ошди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар саноат ва савдо вазирлиги маълумот берди.
Қайд этилганидек, экспорт географияси 131 та мамлакатни қамраб олди. 2026 йилда бу кўрсаткич $40 миллиардни ташкил этиши кутилмоқда.
Экспорт ҳажмининг ўсиши, аввало, янги йўналишлар ҳисобига таъминланди. Жумладан, IТ-хизматлар $940 миллион, туризм $5,0 миллиарлд, шунингдек озиқ-овқат маҳсулотлари ва қурилиш материаллари ҳар бири $1,1 миллиардни ташкил этиб, экспортнинг муҳим манбаларига айланди. Мазкур йўналишлар экспорт таркибининг барқарор кенгайиши ва диверсификациясини таъминламоқда.

Ўтган йилда Ўзбекистонда ўзлаштирилган инвестицияларнинг умумий ҳажми $43,1 миллиардга етиб, 2024 йилга нисбатан 24 фоизга ошди. Асосий улушни тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар – $38,2 миллиард, шунингдек халқаро молия институтлари маблағлари – $4,9 миллиардни ташкил этди.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон бозорига етакчи жаҳон брендларининг кириб келиши ҳамда Хитой, Россия, Туркия, Саудия Арабистони ва БАА билан ҳамкорликнинг изчил ривожланиши инвестициявий ишончнинг ошиб бораётганидан далолат беради.
Гўзал Сатторова, ЎзА