Танловда энг иқтидорлилар сараланди

38

Нукусдаги 55-сонли умумтаълим мактабида “Рақамли авлод қизлари” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ташкил этилди.

Жамиятда хотин-қизлар фаоллигини ошириш, уларнинг рақамли технологиялар борасидаги билимларини бойитиш ва бу борада юқори натижаларга эришаётган ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилаётган танловда иштирокчилар 16 – 20 ёш ва 21 – 30 ёш тоифалари бўйича беллашмоқда.

2021 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказилаётган мазкур танлов хотин-қизларнинг ахборот технологиялари соҳасидаги билим ва малакасини ошириш, уларни замонавий касбларга йўналтириш ҳамда ишлаб чиққан ғоя ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

– Президентимизнинг 2025 йил 15 майдаги “Болалар учун мўлжалланган миллий контентлар яратиш ва уларни оммалаштиришни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бу йил танлов такомиллаштирилди. Яъни рақамли технологиялар, контентлар яратиш билан боғлиқ замонавий касбларни эгаллашга иштиёқи баланд бўлган ўқувчи-ёшларни қўллаб-қувватлаш, саралаб олиш мақсад қилинди. Шу туфайли эндиликда “Рақамли авлод қизлари” танлови ҳам мазкур ташаббус доирасида ўтказилади ва танлов ғолиблари хорижий давлатларга таълим саёҳатига юборилади. Қувонарлиси республикамизда бу йилги танловда қатнашиш учун 6 минг 122 нафар иштирокчи рўйхатдан ўтган. Номзодлар томонидан таълим йўналишида 1 минг 968 лойиҳа, сунъий интеллект бўйича 2 минг 175 лойиҳа, иқлим ўзгариши борасида 862 лойиҳа ва яшил иқтисодиёт йўналишига оид 1 минг 117 лойиҳа тақдим этилди. Иштирокчилар орасида мактаб ўқувчилари, талабалар, АКТ соҳасига қизиқувчи талабалар бор, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш ва рақамлаштириш сектори бошлиғи Бегдияр Тлеуов.

Танлов қатнашчиларининг лойиҳалари соҳа мутахассислари, мактаб ва олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари томонидан баҳолаб борилмоқда. Ўтган йил ноябрь ойида танловнинг туман (шаҳар) босқичи бўлиб ўтган эди. Ушбу босқичда энг яхши деб топилган ва юқори баҳоланган 124 нафар иштирокчи лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикаси босқичига тавсия этилган.

Жараёнда ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳар бир қизнинг лойиҳалари тегишли тартибда баҳоланмоқда. Якунда ғолиблар танловнинг Республика босқичида қатнашади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги