«Мулоқот: анъана ва замонавийлик» кўргазмаси ўтказилди

Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими кўргазмалар саройида Қозоқ миллий дизайн академияси академиги Тазабийке Салиева ва Исмет Айимбетовнинг ҳунармандчилик ишларидан иборат «Мулоқот: анъана ва замонавийлик» номли кўргазма бўлиб ўтди.
Тадбирда Қозоғистон Республикасининг Евродизайнерлар тўгараги аъзолари вакиллари, санъат ихлосмандлари, дизайнерлар ва талаба-ёшлар иштирок этди.
Экспозицияда фелтинг, қуруқ жун билан ишлаш ва рангтасвир санъати орқали бажарилган ишлар намойиш этилди. Асарларда миллий анъана ва замонавий бадиий услубларнинг ўзаро уйғунлиги яққол намоён бўлади.
– Халқимизга машҳур адабиётшунос, ёзувчи, профессор Қалли Айимбетовнинг набираси И.Айимбетовнинг ҳунармандчилик асарлари майда деталлардан ташкил топган кичик инсталляцион кўринишлардан иборат бўлиб, бу санъатга қизиқиш авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ижодий босқич эканлигини кўришимиз мумкин. Т.Салиева эса қорақалпоқ миллий санъати анъаналарини замонавий кўринишларда акс эттириб, ўзаро боғлаб келмоқда. Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳридаги Жайҳун қорақалпоқ миллий этномаданий маркази, «Vivat Dance Астана» студиясини бошқариш билан бирга миллий маданият ва замонавий ижодни уйғунлаштирган ҳунармандчилик ишларини ҳам олиб боради, – дейди Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи Улбосын Утегенова.
Кўргазманинг мақсади – анъанавий ҳунармандчиликни замонавий форматда таништириш, маданий мерос ва замонавийлик ўртасидаги ижодий мулоқотни ривожлантиришдир.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.
М.Ҳабибуллаев олган суратлари.