Ишлаб чиқарувчи корхона ва ташкилотлар учун экологияга зарар етказмасликлари учун қандай мажбурият юклатилган?

Ҳуқуқий муносабат
Маълумки, ҳавонинг ифлосланиши инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб, аллергия ва нафас олиш тизими касалликларини келтириб чиқарувчи сабаблардан бири ҳисобланади. Шу боис, мамлакатимизда атмосфера ҳавосига чиқаётган ифлослантирувчи моддаларнинг ташланишини олдини олиш, уни кескин камайтириш борасида аниқ тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу борада қуйидагича тушунтириш берди:
– Саноат корхоналарининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг 783-сонли қарорида фаолияти атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддаларни, биологик организмларни, иссиқхона газларини ва озонни бузувчи моддаларни чиқариш ҳамда унга физикавий омилларнинг зарарли таъсир кўрсатиши билан боғлиқ бўлган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар атмосфера ҳавосига чиқариладиган чиқиндиларни тозалаш ва унга зарарли физикавий таъсирни камайтириш учун иншоотлар, қурилмалар ва асбоб-ускуналардан, шунингдек уларнинг устидан назорат қилиш воситаларидан фойдаланиш ҳамда уларнинг ишлаш қоидаларига риоя этиши, шунингдек, юқори самарадорликка эга чанг-газ тозалаш ускуналари ва локал сув тозалаш иншоотларини ўрнатиши белгилаб қўйилган.
Корхонада экологик кўрсаткичларни яхшилаш учун юқори самарадорликка эга чанг-газ тозалаш ускуналари ҳамда локал сув тозалаш иншоотларини жорий этиш ва модернизация қилиш ишлари амалга оширилади.
Масалан, ушбу тадбирлар доирасида чиқинди оқимларини тўлиқ қамраб олувчи филтрлаш мосламаларини ўрнатиш асосий технологик ечим сифатида белгиланади. Яъни, корхона муассаса ва ташкилотларнинг мажбуриятларидан бири, уларнинг қувурларига фильтрлаш мосламаларини ўрнатиши белгиланган.
Гулноза Бобоева, ЎзА