Парламент назорати самарадорлиги янада мустаҳкамланади

Сенатнинг яна бир қонунчилик таклифи – парламент назорати фаолиятининг асосларини янада мустаҳкамлашга қаратилган таклиф қуйи палата мажлисида кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Конституциявий Қонунга Сенат қўмиталари томонидан давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг Конституция ва қонунларни, давлат дастурларини ижро этиш бўйича ахборотини эшитиш ваколатини мустаҳкамлашга қаратилган ўзгартириш киритилмоқда.

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги қонунга тузатиш киритилиб, депутат ва сенатор палатага ҳисобдор орган ёхуд мансабдор шахснинг ҳисоботи ёки ахборотини нафақат палата мажлисида, балки эндиликда ўзи аъзо бўлган қўмита мажлисларида ҳам эшитиш тўғрисида таклиф киритишга ҳақлилиги назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, “Парламент назорати тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддаларига ўзгартириш киритилмоқда. Унга кўра, Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қўмиталари томонидан давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг Конституция ва қонунларни, Олий Мажлис палаталари ва уларнинг органлари қарорларини, давлат дастурларини ижро этиш, шунингдек, ўз зиммаларига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларни амалга ошириш бўйича ахборотини эшитиш ваколати аниқ белгиланяпти.

Шу билан бирга, “Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги қонунга ҳам ўзгартиришлар киритиш таклиф этилмоқда. Яъни, қўмита мажлисларида давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг ахборотини эшитишда Ҳукумат тегишли раҳбарларнинг иштирокини таъминлаши акс этмоқда.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси Олий Мажлис палаталарининг парламент назоратига оид ваколатлари мустаҳкамланиши, давлат органлари ва улар мансабдор шахсларининг ўз фаолияти юзасидан жавобгарлиги ва ҳисобдорлигини оширишга ҳамда Конституция ва қонунлар, давлат дастурларининг бажарилиши юзасидан парламент томонидан тизимли назорат ўрнатилишига хизмат қилади.
Муҳтарама КОМИЛОВА,
ЎзА мухбири