“Яшил” тараққиёт ва сув сиёсати – келажак олдидаги масъулиятли вазифа

20

Бугун бутун Ер сайёрасида сув танқислиги долзарб муаммолардан бирига айланиб бормоқда. Шу боис, ушбу йўналишда муайян дастурлар доирасида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

 Давлатимиз раҳбарининг парламент ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида ҳам экологик мувозанатни таъминлаш, “яшил” энергетика ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида бир қатор вазифалар илгари сурилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Гулчеҳра Тожибоева “яшил” энергия манбаларини ривожлантириш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш борасидаги амалий саъй-ҳаракатлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– Бугун жаҳонда иқлим ўзгариши, энергия ресурсларининг чекланиб бораётгани ва сув танқислиги каби мураккаб муаммолар тобора кучаймоқда. Бундай шароитда ҳар бир давлатдан узоқни кўзлаб иш юритиш, аниқ ҳисоб-китоб ва қатъий сиёсий ирода талаб этилади. Шу маънода Ўзбекистонда амалга оширилаётган “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган ислоҳотлар замон талабларига тўла жавоб беради.

Яқинда қуввати жами 3,5 минг мегаватт бўлган янги “яшил” энергетика қувватлари қурилишига старт берилди. Ушбу лойиҳалар 2026 йилнинг ўзида 7 миллиард куб метр табиий газни тежаш, шунингдек, ҳавога 11 миллион тонна зарарли чиқиндилар чиқишининг олдини олиш имконини беради. Бу эса энергетик хавфсизликни мустаҳкамлаш баробарида экологик барқарорликни таъминлашда муҳим қадамдир.

Айни пайтда дунё миқёсида сув танқислиги муаммоси тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис Ўзбекистонда ислоҳотларнинг илк кунлариданоқ сувдан оқилона фойдаланиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Келгуси уч йилга мўлжалланган, қиймати 5,5 миллиард доллар бўлган комплекс дастур сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, сув иншоотларини модернизация қилиш ва суғориш тизимларини такомиллаштиришни назарда тутади.

Мазкур дастур доирасида сувни тежайдиган технологиялар қамрови 61 фоизга, яъни 2,6 миллион гектарга етказилади. Натижада йилига 2,5 миллиард куб метр сув тежалади, атмосферага чиқадиган буғ газлари ҳажми эса 200 минг тоннага қисқаради. Бу йўналишга 2026 йилнинг ўзида 3 триллион 300 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.

Шунингдек, 1 минг 300 километр йирик магистрал каналларни бетон билан қоплаш ишлари амалга оширилиб, бу орқали қўшимча равишда йилига 500 миллион куб метр сувни иқтисод қилиш имконияти яратилади. Очиқ дренаж ва коллекторларни ёпиқ тизимга ўтказиш бўйича ҳам алоҳида дастур қабул қилиниб, унинг дастлабки босқичи учун 2026 йилда 100 миллион доллар ажратилади.

Қашқадарё вилоятидаги “Пахтаобод” каналини босимли қувур тизимига ўтказиш бўйича 134 миллион долларлик лойиҳа эса ушбу йўналишдаги йирик ва муҳим қадамлардан бири ҳисобланади. Бу орқали 20 минг гектар янги экин майдони очилиб, яна 25 минг гектар ер кафолатли сув билан таъминланади.

Шаҳарларда “яшил” ҳудудларни кенгайтириш, микроиқлимни яхшилаш ҳам давлат сиёсатида алоҳида ўрин тутмоқда. Жумладан, 160 миллион долларлик дастур доирасида Тошкент шаҳрида 150 километр ёпиқ дренаж тизими барпо этилади, 197 километр канал ва коллекторлар таъмирланади, 63 километр янги каналлар қурилади. Бу ишлар шаҳарда салқин ва барқарор экологик муҳит яратишга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, “яшил” энергия манбаларини ривожлантириш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган мазкур ислоҳотлар бугунги кун эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда келажак авлод манфаатларини таъминлашга хизмат қилади. Бу ташаббуслар Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёт, экологик хавфсизлик ва иқтисодий ўсиш йўлида қатъият билан олға илгарилаётганини яққол намоён этади.

 

ЎзА мухбири

Муҳтарама КОМИЛОВА

ёзиб олди.