Тошкент шаҳрида Кўп функционал инклюзив-ресурс маркази, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда биттадан Кўп функционал инклюзив-ресурс мактаблари ташкил этилади

32

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга сифатли таълим олиш имкониятини яратиш, уларни жамиятга интеграция қилиш ва индивидуал ривожланишини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Тошкент шаҳрида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги Кўп функционал инклюзив-ресурс маркази ва Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда биттадан алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ёки мактаб-интернатлар негизида Кўп функционал инклюзив-ресурс мактаблари ташкил этилади.

Қарорга кўра, қуйидагилар Инклюзив марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг имкониятлари ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ўқитиш ва касбга ўргатиш, уларни инклюзив таълим муҳитига тайёрлаш ва ижтимоий мослаштириш;

алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг индивидуал таълим режалари ҳамда индивидуал ривожланиш хариталари бўйича талабларни ишлаб чиқиш, тажрибадан ўтказиш ва жойларда татбиқ этилишини мониторинг қилиб бориш;

давлат таълим ташкилотларида, шу жумладан, инклюзив таълим йўлга қўйилган мактабларда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар билан ишлайдиган педагогларга жойига чиқиб амалий ёрдам кўрсатиш ва сайёр ўқув-семинарлар ўтказиш;

махсус педагоглар учун амалий стажировка ва ўқув-семинарларни ташкил этиш;

махсус педагоглар фаолиятига доир талабларни белгилаш, уларнинг билим ва кўникмасини баҳолаш методологиясини ишлаб чиқиш ҳамда касбий сертификатлаш;

алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар таълими учун замонавий методикалар, ўқув-дидактик материаллар ва ассистив воситаларни тажриба-синовдан ўтказиш ва амалиётга жорий этиш;

алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга реабилитация, коррекцион ва психологик-педагогик хизматларни кўрсатиш.

Инклюзив мактабларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди: 

алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг имкониятлари ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ўқитиш ва касбга ўргатиш, уларни инклюзив таълим муҳитига тайёрлаш ва ижтимоий мослаштириш;

махсус педагогларга жойига чиқиб амалий ёрдам кўрсатиш ва сайёр ўқув-семинарлар ўтказиш;

махсус педагоглар учун амалий стажировка ва ўқув-семинарларни ташкил этиш;

алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида коррекцион ва психологик-педагогик хизматларни кўрсатиш;

алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг ота-оналари учун педагогик ва психологик кўникмаларни оширишга қаратилган махсус курсларни ташкил этиш.

2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Инклюзив марказ таркибида тажриба-синов тариқасида инклюзив-коррекцион мактаб фаолияти йўлга қўйилади ва унда таълим жараёни қуйидаги тартибда ташкил этилади:

бошланғич синфлар учун ўқувчиларни мослаштириш, таълим ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш ҳамда ривожлантириш, шунингдек, индивидуал таълим режаси асосида коррекцион ва қўшимча машғулотларни ўз ичига олган инклюзив синфлар фаолияти йўлга қўйилади;

ўрта ва юқори синфларда индивидуал таълим режаси асосида фан, касб ва коррекцион машғулотлар ўтказилади;

инклюзив-коррекцион мактабнинг ўрта ва юқори синфларида алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган 8 нафар ўқувчи учун 1,0 бирлик ҳисобидан педагог лавозими, бошланғич инклюзив синфларда 14 нафар ўқувчи учун 1,0 бирлик ҳисобидан педагог лавозими, ўрта ва юқори синфларда 20 нафар алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган ўқувчилар учун 1,0 бирлик ҳисобидан ёрдамчи педагог лавозими штат бирликлари ажратилади.

Инклюзив марказда фаолият кўрсатувчи техник ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг лавозим маошларига 50 фоиз, қолган барча ходимларнинг лавозим маошларига 100 фоиз миқдорида бюджет маблағлари ҳисобидан ҳар ойлик устамалар туланади.

Инклюзив марказ алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг индивидуал таълим режалари ва индивидуал ривожланиш хариталарини махсус мактабларда жорий этилиши ва юритилишини таҳлил қилиб боради ҳамда жойига чиққан ҳолда ўрганиб боради.

Инклюзив марказда: 

умумтаълим мактабларининг инклюзив синфларида таълим олувчи ногиронлиги бўлган ўқувчилар учун асосий мактабдаги дарсларига қўшимча фан, касб ва коррекцион машғулотлар йўлга қўйилади;

2026 йил 1 октябрдан бошлаб давлат таълим ташкилотларининг махсус педагоглари учун амалий стажировкалар ташкил этилади.

2027 йил 1 январдан бошлаб Инклюзив марказда давлат таълим ташкилотлари махсус педагогларининг билим ва кўникмасини баҳолаш учун махсус педагогларни касбий сертификатлаш тизими жорий қилинади.

ЎзА