Рўйхатга олиш тадбирлари аҳоли турмушини яхшилашга хизмат қилади

2025 йилнинг 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида»ги ПФ-173-сонли фармони қабул қилинди. Ушбу фармонга мувофиқ, Ўзбекистонда 2026 йил 15 январдан 28 февралгача даврда аҳолини ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирлари ўтказилади.
Бу жараён мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишини стратегик режалаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир икки босқичда амалга оширилади.
Дастлабки босқичи 15-31 январь кунлари ўтказилиб, фуқаролар «census.stat.uz» портали орқали (жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами) ёрдамида онлайн рўйхатдан ўтади. Ушбу босқичда тўпланган маълумотлар 3 кун ичида таҳлил қилинади. Кейинги босқич 4-28 февраль кунлари оралиғида ўтказилиб, унда «маҳалла еттилиги» ва бошқа фаоллар уйма-уй юриб керакли маълумотларни тўплайди.
Бу орқали – аҳоли ҳақида батафсил маълумот йиғиш, яъни оилалар таркиби, ундаги ёшлар ва кексаларнинг улуши, таълим даражаси, бандлик ҳолати ва миграция жараёнлари бўйича маълумотлар тўпланади. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигидаги ҳолат – ердан фойдаланиш, чорвачилик ва паррандачилик кўрсаткичлари аниқланади.
Рўйхатга олиш тадбирлари қиш мавсумига мўлжаллангани ҳам қулайлик яратади. Чунки бу даврда аҳоли кўп ҳаракатланмайди, қишлоқ хўжалигида мавсумий ишлар камаяди. Бу эса фермер ва деҳқонлар учун ҳам маълумот беришда енгиллик яратади.
Энг муҳими – рўйхатга олиш жараёни нафақат рақамларни йиғиш учун, балки фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилашга хизмат қиладиган муҳим қарорлар қабул қилиш учун асос бўлади.
Ҳозирги вақтда жойларда рўйхатга олишга тайёргарлик ишлари қизғин олиб борилмоқда. Маҳаллаларда, мактабларда ва таълим ташкилотларида аҳолига рўйхатга олишнинг мазмун-моҳияти ва мақсадлари ҳақида тушунчалар берилмоқда.
Темирбай Ғаниев,
Қорақалпоғистон Республикаси статистика бошқармаси бошлиғи.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги