“Сиз энди керак эмассиз”: Янги йил суратларини чизган рассомнинг аччиқ тақдири

28

Қорқиз олмахонларни конфет билан сийламоқда, айиқча ва қуёнча филчани чанғида учишга ўргатмоқда, гномлар арчага чиқиб олиб, ўйинчоқларга қўл узатмоқда… Одамларга қувонч ҳадя этган, айримлар учун ниҳоятда қадрли бўлиб қолган почта варақаларида акс этган ушбу суратлар муаллифи Владимир Зарубин эканлигини кўпчилик билмаса керак. Ўз даврида у чизган суратлар 1,5 миллиарддан ортиқ нусхада конверт шаклида нашр этилади, аммо рассом деярли қашшоқликда вафот этади.

“Олма”ли от

Владимир Зарубин 1925 йилда Россиянинг Орёл вилоятидаги “Андриановка” қишлоғида туғилган: у оилада учинчи фарзанд эди. Катта ўғил Вениамин техника билан машғул бўлишни яхши кўрарди, ўртанчаси Андрей шеър ёзарди, Володя эса расм чизишни ёқтирарди. Беш ёшли рассомнинг энг биринчи “асари” катталарни ҳайратга солади: албомь варағида югураётган олмали от тасвирланган эди. Сурат қўлдан-қўлга ўтарди, ҳамма болакайни мақташарди… Ҳайвонлар ва ҳазил-мутойиба Зарубин ижодида бутун умр асосий мавзу бўлиб қолди.

Володянинг болалиги бахтли ўтди: оилада ҳамма бир-бирини яхши кўрарди, ота-онаси фарзандларининг ҳар қандай ташаббусини қўллаб-қувватларди. Аммо 1941 йилда эртак тугади: уруш бошланди. Афсуски, иккинчи жаҳон уруши кезлари тақдир чархпалаги билан Зарубинлар оиласи дунё бўйлаб тарқалиб кетади. Катта ўғиллар фронтга, кичиги эса асирга олиниб, қишлоқдошлари билан бирга Германиядаги болалар лагерига юборилади.

Володя учунбу ҳақиқий дўзах эди: йигит қийноқларазобини бошдан кечирди, ўлимгача бир баҳя қолди холос: фақат мўжиза туфайлигина Зарубинни отиб ташлашмади. Ниҳоят, 1945 йилда барча асирлар озод этилди. Владимир уйига қайтиб, заводга ишга кирди. Кечки мактабга, сўнгра университетга ўқишга кирди ва албатта расм чизишни давом эттирди. У заводда рассом, навбатчи уста, яроқсиз маҳсулотларни аниқловчи, чилангар, ҳаттокранчи бўлиб ҳам ишлади. Балки ғайриоддий касблар тўплами шу билан тугамаган бўларди-ю, аммо бир куни Зарубин бир эълонга кўзи тушди: “Союзмултфилм” студиясига мултипликаторлар курсларига тингловчилар қабул қилинади”.

Владимир заводни иккиланмасдан тарк этди: у умрининг охиригача ташвиқот плакатларини чизиш ниятида эмас эди. Тез орада унинг бутунлай бошқа ҳаёти бошланди.

“Бремен мусиқачилари”даги изқувар

Зарубин студиянинг бошқа рассомлари билан биргаликда жами 103 та мултфильм учун суратлар чизган. Айниқса, унинг “Маугли” ва “Бир дақиқа кутиб туринг” мултфильми учун чизган расмлари анча оммалашди. Айнан Владимир “Бремен мусиқачилари”даги изқуварни ўйлаб топган. Машҳур “Ну, погоди!” мултсериали ҳам Зарубин иштирокисиз бўлмаган: у дастлабки икки қисм устида ишлаган жамоа таркибида эди.

Студияда у энг яхши мултипликаторлардан бири ҳисобланарди. Фақатгина бу унга қанчалик қимматга тушаётганини ҳеч ким билмасди. Кейинчалик, Владимирнинг ўғли айтиб беришича, отаси бор кучини севимли ишига бағишлаган. Аммо иш жуда мураккаб эди: икки ўт орасида яшашга тўғри келарди.

Бир томонданЗарубинни ижодкор одамлар ўраб турарди, уларнинг ҳар бирининг ўзига хос ғалати одатлари бор эди. Бошқа томондан эса — юқоридан режалар ва қоидалар тушириларди, стол доимо юк хатлари ва ижро ҳужжатлари билан тўла эди. Ачинарлиси, студияда юқори мартабали ота-оналарнинг истеъдоддан бутунлай мосуво, аммо ўзларини даҳо деб ҳисоблайдиган болалари ҳам бор эди.

Владимир почта варақаларида акс этган суратларни тасодифан чиза бошлаган. Мултипликаторнинг режалар ва қатъий муддатларга тўла асабий ҳаёти уни ҳолдан тойдирарди. Шунда рассом бир вақтнинг ўзида севимли иши билан шуғулланишга ва мураккаб ишдан чалғишга имкон берадиган хобби топишга қарор қилди.

Зарубиннинг почта варақаси учун чизган биринчи сурати 1962 йилда кўплаб машҳур маркалари муаллифи Юрий Ряховский таҳрири остида чиқди. Ўшандан бери Владимир шундай яшади: кундузи студияда ишлади, тунлари эса ўзининг қуёнчалари, қорбўронлари ва олмахонларини ўйлаб топиб, чизарди.

Суратларнинг мафкуравий яроқлилигини аниқлайдиган комиссия аъзоларини Зарубиннинг ишлари кўпинча боши берк кўчага киритиб қўярди. Улар расмларни доимо давр нуқтаи назаридан таҳлил қилишарди: “Ўрмонда “Ау!” деб бақираётган айиқни қаерда кўргансиз?”, “Итлар икки оёқда юрадими?”… Бундай танқидлар албатта фақат Зарубинга қаратилмаган эди: ундан олдин Корней Чуковскийнинг эртакларига “ёпишишганди”. Мавжуд мафкуравий тузум кўплаб ижодкорларга халақит берарди гўё, шу сабабли Зарубиннинг расмлари ҳам кўпинча чоп этилмай қолиб кетарди.

Рад жавобларига дуч келган рассом ҳар сафар хафа бўларди. У учун ҳайвончалар тирик, ҳақиқийдек эди. Бир сафар уни қишда типратикан ўз жуфтига хўрозқанд совға қилаётган суратни қайта чизишга мажбур қилишди. Баҳона кулгили эди: “Етик кийган типратиканни қаерда кўргансиз?”.

Бадиий кенгаш қатъий талаб қўйди: ё пойабзал йўқолади, ё сурат нашр этилмайди. Владимир расмни қайта чизди, лекин типратиканга шунчалик раҳми келдики, кўзига ёш олди, ахир қорда ялангоёқ туриш совуқ-ку! Ва рассом совқотмасин деб унинг бир панжасини кўтариб қўйди…

Йиллар давомида у чизган суратлар кишилар ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб қолади. Рассомнинг исмини кам одам билар эди, лекин ҳамма унинг кичкина ижод асарларига маҳлиё эди. Шу билан бирга, унинг миннатдорчилик хатлари юборадиган мухлислари ҳам бисёр эди. У ҳар бирига жавоб ёзар ва доим хат олувчини хурсанд қиладиган сўзларни топишга ҳаракат қиларди. Рассомнинг феъл-атвори ўз асарларида кўриниб турарди: самимий, очиқ, жуда меҳрибон. Ҳаётда ҳам В.Зарубин айнан шундай одам эди.

“Сизнинг ишларингиз энди керак эмас”

Тез орада Зарубин хобби ўрнига яна бир асабий “иш” орттириб олгани маълум бўлди: эртакнамо сюжетлар ҳақидаги танқидларни эшитиш унга оғир ва ёқимсиз эди. Рассом деярли кеча-ю кундуз ишларди, аммо севимли машғулотларининг ҳеч биридан воз кеча олмасди. 1973 йилда у биринчи инфарктни бошдан кечирди. Шундан сўнг, Зарубин студияда камроқ кўринадиган бўлди, ўз уйида ишлашни афзал кўрди. Вақт ўтиб, бутунлай ишдан бўшади ва почта миниатюраларига ўтди.

1990 йилларда рассом яна оғир синовларга дуч келади. Ҳаёт шиддат билан ўзгарарди, 70 ёшда янги замонга мослашиш осон эмасди. Зарубин расм чизишни давом эттирди: ўзи учун — манзаралар, пул ишлаш учун — откриткалар. Унинг ўғли ўз хотираларида айтишича, отасининг ишлари доимо талабгир бўлишда давом этган. Зарубин билан ҳамкорлик қилган кичик нашриёт унинг шарофати билан оёққа туриб олганди. Аммо у ерда рассомга жуда ёмон муносабатда бўлишарди: гонорарларни кечиктиришар ва унинг ишлари энди ҳеч кимга керак эмаслигига, суратларни шунчаки қария рассомга раҳмлари келганидан олаётганликларига ишора қилишарди.

Кунлар ўтиб Зарубинга умуман пул тўламай қўйишди, бироқ янги расмларни талаб қилишда давом этишди. Бир йил давомида у ҳеч қандай гонорар олмади. Кутишдан чарчаб, охири қўнғироқ қилди ва жавобан шундай сўзларни эшитди:

– Сизга пул тўламоқчи ҳам эмасмиз, фирма банкрот бўлди!

Айнан шу суҳбатдан сўнг рассом учинчи марта инфаркт бўлди ва хотини ҳамда ўғлининг қўлида жон берди. Рафиқаси ундан кейин атиги бир йил яшади. Кейинроқ маълум бўлишича, нашриёт ўз фаолиятини давом эттирган экан…

Зарубин томонидан чизилган суратлар бугунги кунда ҳам қадрли. Баъзилари ноёб ва жуда қиммат ҳисобланади. Унинг ҳар қайси чизган суратига эътибор берсангиз, байрам муҳитига шўнғийсиз: олмахонлар кулмоқда, қуёнлар қўшиқ айтмоқда, айиқ гитара чалмоқда, Қорбобо ва қорқиз совғалар улашмоқда… Зарубин ўз ҳайвончаларини чизар экан, бу одамларнинг бир оз бўлса-да, меҳрибонроқ бўлишига ёрдам беришига умид қилган.

Ў.Алимов тайёрлади.

ЎзА