Швейцария Мадуронинг бойликларини “музлатди”

15

Швейцария ҳукумати Венесуэла собиқ раҳбари Николас Мадуро ва унга алоқадор шахслар номига расмийлаштирилган барча активларни дарҳол “музлатиш” тўғрисида қарор қабул қилди.

Таъкидланишича, Федерал кенгаш эҳтиёт чораси сифатида Мадуро ва унинг яқин доирасига мансуб шахсларнинг Швейцарияда бўлиши мумкин бўлган мол-мулкларини тўрт йил муддатга музлатишга қарор қилган. Ҳозирча активлар ёки уларнинг миқдори борасида ҳеч қандай маълумот берилмаган.

– Федерал кенгаш ҳозирги вазиятда ноқонуний йўл билан орттирилган бўлиши мумкин бўлган активлар Швейцариядан олиб чиқиб кетилмаслигини таъминлашни истайди, — дейилади расмий манбада.

Эслатиб ўтамиз, Швейцария 2018 йилдан буён Венесуэлага нисбатан санкциялар жорий қилиб келади. АҚШ, Канада ва Европа Иттифоқи эса 2017 йилдаёқ Каракас билан молиявий ва иқтисодий алоқаларга чекловлар киритган эди.

Агар келгусидаги суд жараёнларида ушбу маблағлар ноқонуний йўл билан қўлга киритилгани тасдиқланса, Швейцария уларни Венесуэла халқининг манфаатлари йўлида қайтаришга ҳаракат қилади.

Мусулмон Зиё, ЎзА