Дурмондаги асаларичининг тажрибаси

12

Асал етти хазинанинг бири дейди халқимиз. Ҳақиқатан ҳам шифобахш хусусияти билан неча асрлардан буён машҳур бўлиб келаётган асал маҳсулотини бугунги кунда ҳам халқимиз севиб истеъмол қилиб келмоқда.

Айниқса, сўнгги пайтларда халқимиз орасида асаларичилик билан шуғулланувчи инсонлар сони ортиб бормоқда. Шуларнинг бири амударёлик Ҳайтбой Жуманиёзов.

Амударё тумани Дўрмон қишлоғида яшовчи Ҳайитбой Жуманиёзов қарийб 10 йилдан буён асаларичилик билан шуғулланиб келмоқда. Бугунги кунда у 100 қути асаларига эга бўлиб, бу соҳада етарли тажриба ва муваффақиятга эришган.

Асаларичилик фаолияти оилавий меҳнат асосида йўлга қўйилган бўлиб, ҳар бир жараёнда оила аъзолари фаол иштирок этади. Меҳнатсеварлик, сабр-тоқат ва тўғри ёндашув натижасида сифатли ва табиий асал етиштирилмоқда.

Бу иш нафақат доимий даромад манбаи, балки оила фаровонлигининг ошишига, ёш авлодда меҳнатга бўлган қизиқишнинг шаклланишига ҳам хизмат қилмоқда.

Хайтбой Жуманиёзовнинг ташаббуси қишлоқ жойларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлидаги ёрқин намуналардан биридир.

– Оила аъзоларимиз билан биргаликда асалари боқиш ва улардан асал маҳсулотини олиш билан шуғулланиб келмоқдамиз. Асаларичилик кўп меҳнатни талаб қилгани билан ундан мўл даромад топишга бўладиган талаб. Ҳозирда асал маҳсулотининг килограммини 70 мингдан ички бозорга чиқариб сотяпмиз. Мана шу оилавий кичик бизнес туфайли ўғил-қизларимизни ўқитиб, тўйлар қилиб, уларни уйли-жойли қилдик. Шунингдек, уйимизга қуёш панелини ўрнатиб, машина олдик. Буларнинг барчаси мамлакатимизда Президентимиз томонидан тадбиркорларга яратиб берилаётган имкониятлар ва меҳнатларимиз натижаси деб биламан, – дейди Ҳайитбой ака.

Ҳозир қиш мавсуми бўлганлиги учун асалари уйқуда. Уларни эрта баҳорда қўлдан озиқлантириб, кейин ўрик гуллаган мавсумга тайёрлаш учун Ҳайитбой ака тиним билмай барча тайёргарликларни қилиб қўймоқда. Тақдимотлари ҳам унга мадад бўлмоқда. Бугунги кунда хонадонда 100 қути асалари бўлса, келгусида 500 тага етказиш ниятида. Албатта, асалари каби ўзлари ҳам тиним билмайдиган амударёлик тадбиркор оила аъзолари шу меҳнатлари туфайли замон билан тенг қадам босиб, яхши яшаб келмоқда. Уларнинг бу меҳнатсеварлиги барчага ўрнак бўлса арзийди.

                                             Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги