Йил якуни сарҳисоб қилинди ва келгуси вазифалар белгилаб олинди

16

Пойтахтимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, шаҳар ва туман Кенгашлари томонидан 2025 йил давомида амалга оширилган ишлар муҳокама қилиниб, 2026 йилга мўлжалланган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Таъкидланганидек, партия фаолиятининг асосий мақсади – халқ билан очиқ мулоқот қилиш, фуқароларни ўйлантираётган муаммоларга амалий ечим топишдан иборат. Шу нуқтаи назардан, 2025 йил Қорақалпоғистонда партия учун самарали йил бўлди.

Бугунги кунда партиядан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 3 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида 22 нафар, шаҳар ва туман Кенгашларида 120 нафардан зиёд депутат фаолият олиб бормоқда. Улар нафақат сессияларда иштирок этиш, балки ўз сайлов округларида аҳолини қийнаётган масалаларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

2025 йил давомида жойлардаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида 400 дан ортиқ депутат сўровлари юборилди. Маҳаллий Кенгашлар сессияларига 119 та, доимий комиссияларга эса 48 та таклиф ва ташаббуслар киритилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий Кенгашларда масъул раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланиб, ижро интизоми ва масъулиятини оширишга эришилди.

Аҳоли билан ишлашда «Депутат маҳаллада,» «Бир депутат – юзта аёлга кўмакчи» каби лойиҳалар муҳим аҳамиятга эга бўлди. Айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалий натижаларга эришилди. Минглаб фуқароларнинг мурожаатлари жойида ечилди.

Шу билан бирга, партия аъзолари мунтазам кенгайиб бормоқда. Жорий йилда 1850 дан ортиқ янги аъзо қабул қилиниб, 12 та янги бошланғич партия ташкилоти фаолияти йўлга қўйилди. Ҳозирги кунда партия аъзолари сони 138 мингдан ошди. Бу халқнинг партияга бўлган ишончи ортиб бораётганидан далолат беради.

Йиғилишда 2026 йил учун белгиланган вазифаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Президент Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда, депутатларнинг масъулиятини янада ошириш, жойларда очиқлик, шаффофлик ва масъулиятни кучайтириш, ёшлар, хотин-қизлар ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни тизимли равишда давом эттириш белгиланди.

– 2025 йил партиямиз фаолиятида халқ билан мулоқотни янги босқичга олиб чиққан йил бўлди. Депутатларимиз ҳар бир мурожаатга амалий ёндашиб, аниқ натижага эришди. 2026 йилда ҳам асосий эътиборни аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва жойларда очиқликни таъминлашга қаратамиз, – деди Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Аппарати раҳбари А.Айбергенов йиғилиш якунида ўз фикрларини билдириб.

Йиғилиш якунида ўтган 2025 йил давомида партия ишларида фаоллик кўрсатган партия ходимлари рағбатлантирилиб, уларга миннатдорлик билдирилиб, байрам совғалари топширилди.


Тадбир партиянинг келгуси фаолиятини янада самарали ташкил этиш билан бирга халқ ишончига муносиб хизмат қилишга қаратилган аниқ вазифалар белгиланиши билан якунланди.

                                                                  Қорақалпоғистон ахборот агентлиги