Ташкилий масалаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида ташкилий масалаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Байрамбай Отемуратов, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг ўринбосари Ўктам Саломов, профессор-ўқитувчилар ва масъул ходимлар иштирок этди.
Йиғилишда олий таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, уларнинг мазмун-моҳияти, шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан олий таълим муассасалари олдига қўйилаётган долзарб вазифалар ҳақида маълумотлар берилиб, таълим сифатини ошириш, илмий салоҳиятни мустаҳкамлаш, ёшларни замонавий билим ва касб-ҳунарларга йўналтириш масалалари кун тартибининг асосий йўналишлари сифатида қайд этилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Ў.Саломов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори лавозимига Бердияр Жоллибеков тайинланганлигини расман эълон қилди.
Вазир ўринбосари янги ректорни жамоага таништириб, унинг олий таълим тизимидаги тажрибаси, бошқарув салоҳияти ва келгусида университет ривожи йўлида амалга ошириши кутилаётган устувор вазифаларга алоҳида тўхталиб, университетнинг ҳудудий ва республика миқёсидаги нуфузи, фан ва таълим соҳасидаги ўрни янада мустаҳкамланишига ишонч билдирди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Б.Отемуратов ҳам ўз нутқида янги ректорни масъулиятли лавозимга тайинлангани билан табриклаб, университет жамоасини олдинда турган муҳим вазифаларни биргаликда амалга оширишга чақирди. У таълим муассасасини ҳар томонлама ривожлантириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, таълим сифати ва илмий-тадқиқотлар самарадорлигини ошириш масалаларига эътибор қаратди.


Йиғилиш давомида университет жамоаси вакиллари томонидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги