Ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари 1 январдан давлат ижтимоий суғуртаси орқали тўланади (+видео)

Бугунги кунда Ўзбекистонда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакат иқтисодий ва ижтимоий ҳаётини мустаҳкамлашда муҳим ўринни эгалламоқда. Хусусан, 2025 йилда қабул қилинган “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги қонун 2026 йил 1 январдан кучга кирди.
Қонун асосида ишлаб чиқилган янги тизимнинг асосий мақсади фуқароларни ижтимоий ҳимоя билан кенг қамраб олиш, нафақаларни вақтида ва автоматик тарзда тақдим этиш, бюрократик тўсиқларни қисқартиришдир.
2026 йил 1 январдан ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари давлат ижтимоий суғуртаси жамғармаси орқали автоматик тарзда тайинланади ва тўланади. 2026 йил июлдан бошлаб вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик (касаллик) нафақалари ҳам янги тизим орқали амалга оширилади.
Бу ўзгаришлар, аввал четлаб ўтилган хусусий сектордаги кўплаб ходимлар, айниқса, аёллар учун ижтимоий кафолатларни кучайтиришга қаратилган муҳим қадам саналаётгани билан аҳамиятлидир.
Ижтимоий суғурта тизими икки асосий шаклда амалга оширилади.
Мажбурий суғурта — давлат бюджети орқали киритилади (жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг бир қисми ҳисобидан). Ихтиёрий суғурта — фуқароларнинг ўз хоҳиши билан тўланадиган суғурта тўлови, минимал меҳнат ҳақининг 5 фоиз миқдорида.
Бу механизм фуқароларга ижтимоий ҳимояни ўз тақдимот даражасига кўра танлаш имконини беради, шу билан бирга давлат бюджетига босимни камайтиришга хизмат қилади.
Тўловлар автоматик шаклда тайинланади. Янги тизимда ариза тақдим этилиши талаб қилинмайди. Нафақалар автоматик тарзда, электрон маълумотлар базаси орқали тайинланади. Бу фуқароларнинг вақт ва куч сарфларини сезиларли даражада қисқартириб, тўловларнинг ўз вақтида ва адолатли амалга оширилишини таъминлайди.
Янги тизимда нафақалар суғурта стажига боғлиқ равишда тайинланади. Бу эса расмий шуғулланувчи аҳоли сонини оширишга, норасмий меҳнат бозорини қисқартиришга, одамларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилади. Хусусий сектор учун енгилликлар яратилади.
Дунё тажрибаси кўрсатадики, такомиллаштирилган ижтимоий суғурта тизими, меҳнат бозорида барқарорликни оширади. Аёллар бандлигини ва уларнинг даромадини сақлашни таъминлайди. Ижтимоий адолатни мустаҳкамлайди.
— Асосий мақсад фуқароларни ҳаётда учрайдиган ижтимоий хавфлардан, яъни касаллик, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш даврида ҳимоя қилишдир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Фаррух Пардаев. – Янги тизим инсон манфаатларини биринчи ўринга қўйган ҳолда, ижтимоий адолатни таъминлашга хизмат қилади. Энг муҳими, нафақалар энди давлат ижтимоий суғуртаси орқали, кафолатли ва барқарор тарзда тўланади. Бу ўзгаришлар хусусий секторда ишловчилар учун жуда катта аҳамиятга эга. Илгари хусусий секторда ишловчи кўплаб фуқаролар, айниқса, аёллар ижтимоий кафолатлардан тўлиқ фойдалана олмас эди. Янги тизим эса иш жойидан қатъи назар, расмий ишлаётган ҳар бир фуқаро учун тенг ижтимоий ҳимояни таъминлайди. Ижтимоий нафақалар билан боғлиқ молиявий юк иш берувчилар зиммасидан олиб ташланади. Бу тадбиркорларга иш ўринлари яратиш, иш ҳақларини ошириш ва бизнесни кенгайтириш учун қўшимча имконият беради. Шу билан бирга, ишга қабул қилишда ижтимоий омиллар сабабли чекловлар камаяди. Нафақалар суғурта стажига боғлиқ ҳолда тайинланиши расмий ишлашга қизиқишни оширади. Фуқаро қанчалик узоқ муддат расмий меҳнат қилса, унинг ижтимоий ҳимояси шунчалик мустаҳкам бўлади. Бу норасмий бандликни қисқартиришда муҳим омил ҳисобланади. Янги ижтимоий суғурта тизими тўлиқ рақамлаштирилган. Фуқаролардан ортиқча ҳужжат ёки мурожаат талаб қилинмайди, нафақалар электрон маълумотлар асосида автоматик тарзда тайинланади. Бу шаффофликни оширади, инсон омилини камайтиради ва коррупция хавфини минималлаштиради.
Давлат ижтимоий суғуртаси фақат нафақа эмас, бу инсон қадри, ишонч ва эртанги кунга ишонч билан қараш демакдир.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА