Фавқулодда вазиятларнинг олдини олишда замонавий технологиялар жорий этилади

25

Маълумки, 2025 йил 26 декабрь куни давлатимиз раҳбари томонидан Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига навбатдаги Мурожаатнома тақдим этилди. Ушбу Мурожаатнома мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичини белгилаб берган, стратегик аҳамиятга эга муҳим дастурий ҳужжат сифатида кенг жамоатчилик эътиборида бўлди. Унда мамлакатни янада барқарор ва изчил ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар, аниқ мақсад ва йўналишлар белгилаб берилди.

Мурожаатномада Президентимиз томонидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Иқтисодиётни барқарор ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадларини ошириш масалаларига кенг эътибор қаратилди. Шу билан бирга, таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан, рақамлаштириш ва экологик барқарорлик каби ижтимоий аҳамиятга эга йўналишларда мавжуд муаммолар таҳлил қилиниб, уларнинг аниқ ечимлари белгилаб берилди.

Айниқса, Мурожаатномада ижтимоий адолатни таъминлаш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш ва инсон манфаатларини энг устувор вазифа сифатида белгилашга алоҳида урғу қаратилди. Давлат сиёсатининг марказида инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, хавфсизлик ва фаровон ҳаёти туражаги яна бир бор қатъий таъкидланди. Бу эса мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар халқчил, очиқ ва натижага йўналтирилган эканини яна бир бор тасдиқлади.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор, полковник Музаффаржон Мамасиддиқов ЎзА мухбири билан суҳбатда мазкур Мурожаатнома юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирди.

– Мазкур Мурожаатнома Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва уни изчил ривожлантириш йўлида муҳим стратегик аҳамиятга эга дастурий ҳужжат ҳисобланади. Айниқса, унда илм-фанни ривожлантириш, инновацион ғоя ва технологияларни ҳаётга татбиқ этиш, шунингдек, мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш масалалари устувор вазифа сифатида белгилаб берилгани алоҳида аҳамият касб этади.

Замонавий хавф-хатарлар ва глобал иқлим ўзгаришлари шароитида фавқулодда вазиятлар соҳасида юқори билимга, чуқур таҳлил қилиш қобилиятига эга мутахассисларни тайёрлаш долзарб аҳамиятга эга. Шу маънода, Мурожаатномада белгилаб берилган вазифалар олий ҳарбий таълим муассасалари олдига ҳам янги, масъулиятли вазифаларни қўяди.

Ушбу Мурожаатнома олий таълим муассасалари, хусусан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси фаолияти учун ҳам муҳим стратегик йўналишларни белгилаб берди. Барча йўналишларда, жумладан, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш йўналишида ҳам илмий-тадқиқот ишларининг сифатини ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда уларни миллий шароитга мослаштириш долзарб вазифа этиб белгиланди. Бу эса илмий ишланмаларни фақат назарий даражада эмас, балки амалий натижаларга йўналтириш заруратини келтириб чиқаради. Шу билан бирга, инновацион техника ва илғор хавфсизлик тизимларини ишлаб чиқиш, уларни амалиётга татбиқ этиш орқали фавқулодда вазиятлар органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва замонавий илмий-техник ечимларни яратиш имконияти кенгаяди.

Олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, улар фаолиятини узвий боғлиқ ҳолда ривожлантириш бугунги кунда долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Айниқса, ёш мутахассисларни замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлган, мустақил фикрлай оладиган, рақобатбардош кадрлар сифатида тайёрлашда бундай ҳамкорликнинг аҳамияти беқиёс. Ёш кадрларнинг илмий изланишларга кенг жалб этилиши, уларнинг тадқиқот олиб бориш қобилиятини ривожлантириш ва илмий салоҳиятини ошириш мазкур жараённинг муҳим ва узвий таркибий қисми ҳисобланади. Олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, илмий конференциялар, семинар ва тажриба алмашинувларини йўлга қўйиш орқали ёш олимларни қўллаб-қувватлаш имкониятлари янада кенгаяди. Натижада, таълим, фан ва амалиёт ўртасида мустаҳкам боғлиқлик шаклланиб, мамлакатнинг илмий-интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга хизмат қиладиган самарали тизим яратилади.

Мурожаатномада илмий кадрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш, касбий билим ва малакасини мунтазам равишда ошириб бориш, шунингдек, илмий фаолиятга замонавий тадқиқот методлари ва инновацион ёндашувларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу каби устувор вазифаларнинг белгилаб берилиши Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида илмий муҳитни тубдан яхшилаш, тадқиқотлар сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Айниқса, илмий салоҳиятга эга профессор-ўқитувчилар ва ёш тадқиқотчилар учун кенг имкониятлар яратилиши, уларнинг ташаббус ва илмий ғояларини қўллаб-қувватлаш илмий мактабларни ривожлантиришга мустаҳкам замин яратади. Натижада, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида юзага келаётган муаммоларни чуқур таҳлил қилиш, хавф-хатарларни олдиндан прогнозлаш ва уларга нисбатан илмий-техник асосланган тезкор ечимлар ишлаб чиқиш имкониятлари янада кенгаяди. Бу эса, ўз навбатида, фавқулодда вазиятларнинг олдини олишнинг самарали тизимини шакллантириш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишда илмий ёндашувнинг ролини янада оширишга хизмат қилади.

Мухтасар қилиб айтганда, Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси олдига илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш, илмий тадқиқотларни амалиёт билан узвий боғлаш борасида аниқ, пухта ўйланган ва юксак масъулият талаб этувчи вазифаларни қўяди. Ушбу вазифалар Академия фаолиятини замон талаблари асосида такомиллаштириш, илмий салоҳиятни янада юксалтириш ҳамда замонавий билим ва технологияларга таянган мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади.

Белгилаб берилган устувор йўналишларнинг изчил ва самарали амалга оширилиши мамлакатимизда фавқулодда вазиятларни олдиндан илмий башоратлаш, уларнинг олдини олиш, юзага келган ҳолларда эса тезкор ва самарали бартараф этиш тизимини янги босқичга олиб чиқади. Шу билан бирга, аҳоли ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкини турли офатлардан асраш, стратегик объектлар хавфсизлигини кучайтиришда илмий асосланган ёндашувлар янада мустаҳкамланади.

Шу тариқа, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси Янги Ўзбекистонни илмга таянган, рақобатбардош ва инновацион давлат сифатида шакллантиришда муҳим ўрин тутадиган таянч олий таълим муассасасига айланиб боради. Академияда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар, инновацион ишланмалар ва илғор тажрибалар нафақат соҳавий ривожланишга, балки мамлакат хавфсизлигини таъминлашга ҳам салмоқли ҳисса қўшади.

Гулноза Бобоева ёзиб олди.

ЎзА