Сунъий интеллектнинг таълим тизимида қўлланилиши ва самарадорликни ошириш истиқболлари

15

Муносабат

2025 йил 26 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Олий Мажлис ва халқимизга йўлланган мурожаатнома мамлакат тараққиётининг янги босқичини белгилаб берувчи муҳим сиёсий ва ижтимоий ҳужжат сифатида алоҳида аҳамият касб этди. Ушбу мурожаатнома ўтган давр натижаларини сарҳисоб қилиш билан бирга, келгуси йил ва узоқ истиқбол учун аниқ устувор вазифаларни белгилаб берди.

Президент мурожаатномасида таълим тизими жамият ва иқтисодиёт тараққиётининг ҳал қилувчи омили сифатида эътироф этилди. Таълим сифати бевосита инсон капиталининг ривожи, меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлаш ва инновацион иқтисодиёт барпо этиш билан боғлиқ экани таъкидланди. Ушбу ёндашув таълимни фақат билим бериш воситаси эмас, балки стратегик ривожланиш ресурси сифатида кўриш зарурлигини англатади. Мурожаатномада умумий ўрта, касб-ҳунар ва олий таълим тизимларини модернизация қилиш, ўқитувчиларнинг касбий нуфузини ошириш, таълим жараёнига рақамли технологияларни кенг жорий этиш масалалари устувор вазифа сифатида белгиланди. Бу эса таълим соҳасида сифат ва самарадорликни оширишга қаратилган муҳим қадамдир.

Мурожаатномада сунъий интеллект ва рақамли технологиялар масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши замонавий глобал тенденцияларга мос келади. Президент сунъий интеллектни иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш ва давлат бошқаруви соҳаларида кенг жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Бу эса Ўзбекистоннинг рақамли трансформация жараёнида фаол иштирок этиш истагини кўрсатади. Таълим соҳасида сунъий интеллектдан фойдаланиш индивидуал ўқитиш, билимларни баҳолаш, таълим сифатини мониторинг қилиш имкониятларини кенгайтиради. Шу билан бирга, Президент томонидан ёшларни сунъий интеллект, дастурлаш ва рақамли саводхонликка ўргатиш келажак рақобатбардошлигини таъминлашнинг муҳим шарти сифатида қайд этилди. Мурожаатномадаги ушбу ғоялар шуни кўрсатадики, сунъий интеллект фақат технологик восита эмас, балки ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг стратегик омили сифатида қаралмоқда. Мурожаатномада, шунингдек, ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш ва аҳоли турмуш даражаси масалалари ҳам четда қолмади. Тиббиётда рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан фойдаланиш орқали хизматлар сифатини ошириш, аҳолига қулай ва тезкор хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгайтирилиши таъкидланди. Бу эса соғлом жамият барпо этиш йўлидаги муҳим омилдир. Ташқи сиёсатга оид фикрларда эса Ўзбекистоннинг очиқ, прагматик ва ҳамкорликка асосланган сиёсати давом эттирилиши таъкидланди. Таълим, фан ва сунъий интеллект соҳаларида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, илғор тажрибаларни жорий этиш мамлакатнинг глобал рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

2025 йил 26 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан йўлланган мурожаатномада илгари сурилган фикрлардан келиб чиққан ҳолда шуни айтиш жоизки, сунъий интеллект ва рақамли технологияларни турли соҳаларга, жумладан, спорт тизимига жорий этиш масалалари замонавий ривожланишнинг муҳим йўналиши сифатида эътироф этилди. Спорт соҳасида сунъий интеллектдан фойдаланиш нафақат натижадорликни ошириш, балки соғлом авлодни тарбиялаш, оммавий спортни ривожлантириш ва профессионал спортчилар тайёрлаш тизимини модернизация қилишга хизмат қилади.

Аввало, сунъий интеллект спортчиларни тайёрлаш жараёнида индивидуал ёндашувни таъминлаш имконини беради. СИ асосидаги таҳлил тизимлари спортчиларнинг жисмоний кўрсаткичлари, машғулот юкламалари, тикланиш жараёни ва мусобақа натижаларини доимий мониторинг қилиш орқали ҳар бир спортчи учун шахсий тайёргарлик дастурларини ишлаб чиқишга хизмат қилади. Бу эса жароҳатлар хавфини камайтириш ва спорт натижаларининг барқарор ўсишини таъминлайди.

Президент мурожаатномасида илгари сурилган инсон капиталини ривожлантириш ғояси спорт соҳасида сунъий интеллектдан фойдаланиш орқали амалий мазмун касб этади. СИ ёрдамида ёш спортчиларни эрта аниқлаш, уларнинг қобилиятларини башорат қилиш ва мақсадли тайёрлаш механизмлари яратилади. Бу эса спорт заҳирасини шакллантиришда илмий асосланган ёндашувни кучайтиради.

Шунингдек, сунъий интеллект спорт тиббиётида ҳам муҳим аҳамият касб этади. СИ асосидаги диагностика ва таҳлил тизимлари спортчиларнинг соғлиғини назорат қилиш, жароҳатларнинг олдини олиш ва реабилитация жараёнларини самарали ташкил этиш имконини беради. Бу Президент мурожаатномасида таъкидланган соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва тиббий хизматлар сифатини ошириш ғоялари билан узвий боғлиқдир.

Спорт бошқаруви ва инфратузилмасида ҳам сунъий интеллектдан фойдаланиш имкониятлари кенг. Мусобақаларни ташкил этиш, спорт иншоотларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, спорт мактаблари ва клублар фаолиятини таҳлил қилишда СИ асосидаги тизимлар бошқарув қарорларининг сифатини оширади. Бу эса давлат спорт сиёсатида шаффофлик ва самарадорликни таъминлашга хизмат қилади.

Оммавий спортни ривожлантириш нуқтаи назаридан, сунъий интеллект аҳолининг жисмоний фаоллигини оширишга хизмат қилувчи рақамли платформалар ва мобил иловалар орқали соғлом турмуш тарзини оммалаштириш имконини беради. СИ асосида ишлаб чиқилган тавсиялар фуқароларнинг ёшига, соғлиғига ва жисмоний тайёргарлигига мос машғулотларни танлашга ёрдам беради.

Президент мурожаатномасида таълим ва рақамли компетенцияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилганини ҳисобга олсак, спорт соҳасида сунъий интеллект билан ишлай оладиган мутахассисларни тайёрлаш масаласи ҳам долзарб аҳамият касб этади. Мураббийлар, спорт шифокорлари ва менежерларнинг рақамли саводхонлигини ошириш спорт тизимининг рақобатбардошлигини кучайтиради. Президент мурожаатномасида илгари сурилган сунъий интеллектга оид ғоялар спорт соҳасида инновацион ривожланиш, соғлом авлодни тарбиялаш ва юқори спорт натижаларига эришишнинг муҳим омилига айланмоқда. Сунъий интеллектни спорт тизимига оқилона ва илмий асосда жорий этиш Ўзбекистон спортининг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, 2025 йил 26 декабрь Президент мурожаатномаси давлат бошқаруви, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, таълим ва сунъий интеллект йўналишларини ўзаро узвий боғлиқ ҳолда кўриб чиққан комплекс ҳужжатдир. Ушбу мурожаатнома жамиятни янада ривожлантиришга қаратилган аниқ йўл харитаси бўлиб, унинг муваффақияти таълим сифатини ошириш, рақамли ва сунъий интеллект технологияларини оқилона жорий этиш ҳамда барча даражадаги ижро интизоми ва фуқароларнинг фаол иштирокига бевосита боғлиқдир.

Нодир Ғаффоров,

Шухрат Арслонов,

ЎзДЖТСУ профессорлари