Ўзбекистон 0,072 балл билан дунёдаги энг хавфсиз давлатлар қаторига кирди

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар халқаро рейтинг ва индекслардаги ижобий натижалар орқали ўз тасдиғини топмоқда. Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти берган маълумотга асослансак, 2025 йил якунларига кўра, мамлакатимиз бир қатор нуфузли халқаро кўрсаткичларда ўз ўрнини мустаҳкамлаб, айрим рейтингларда тарихий энг юқори натижаларга эришган.
Ички ишлар органлари ҳамда ҳуқуқ-тартибот идораларининг инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, жиноятларни барвақт олдини олиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган изчил фаолияти эса мамлакатнинг халқаро нуфузи ошишига хизмат қилмоқда.

Унга кўра, 2025 йилда Ўзбекистон АҚШнинг Вашингтон шаҳрида жойлашган World Justice Project ташкилоти томонидан шакллантириладиган “Ҳуқуқ устуворлиги индекси”да 143 давлат орасида 81-ўринни эгаллаб, ўтган йилга нисбатан икки поғона юқорилаган. Эътиборлиси, ушбу индекс бўйича дунё мамлакатларининг 68 фоизида пасайиш кузатилган бир пайтда, Ўзбекистон ўз натижасини яхшилашга эришган.

Айбланувчиларнинг ҳуқуқлари ва тегишли ҳуқуқий тартиб кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон 92-ўринга кўтарилган. Ахлоқ тузатиш тизимининг жиноятчиликни камайтиришдаги самарадорлиги индикаторида эса мамлакатимиз 20-ўринни эгаллаб, икки поғонага ўсган. Шунингдек, жиноятчиликнинг йўқлиги ва одил судлов тизимининг холислиги бўйича ҳам рейтингдаги ўринлар яхшиланган.

Бундан ташқари, халқаро иқтисодиёт ва тинчлик институти (Institute for Economics & Peace) томонидан тайёрланадиган “Хавфсизликни ҳис қилиш индекси”да Ўзбекистон 0,072 балл билан биринчи ўринни эгаллаб, дунёдаги энг хавфсиз давлатлар қаторига кирган.
Шу билан бирга, 2025 йилги “Глобал инновация индекси” натижаларига кўра, Ўзбекистон 139 давлат орасида 79-ўринни қайд этиб, мамлакат тарихида илк бор топ-80 таликка кирган.

Бу ўтган йилга нисбатан тўрт поғона юқорилашни англатади.
Даромад гуруҳи бўйича Ўзбекистон 7-ўринни, Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида эса 3-ўринни эгаллаган.
Ушбу кўрсаткичлар Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида Ўзбекистон Ҳиндистон ва Эрондан кейинги учинчи ўринда эканини кўрсатиб, Қозоғистон, Россия ва Туркия каби давлатлардан юқори натижа қайд этилганини тасдиқлайди.

Айни пайтда мамлакатимиз тўрт йилдан бери “Innovation overperformer” — яъни иқтисодий имкониятларига нисбатан юқори инновацион самарадорликка эга давлат мақомини сақлаб келмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон 2025 йилда World Happiness Report рейтингида 47-ўринни, ЖССТнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича ҳисоботида 60-ўринни, Women, Business and Law индикаторида 90-ўрин ҳамда Глобал киберхавфсизлик индексида Т-2 даражани қайд этиб, ўтган йилга нисбатан янада юқори кўрсаткичларга эришган.
Таъкидлаш жоиз, қайд этилган натижалар Ўзбекистонда шахс, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш ҳамда қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар самарасининг яққол ифодасидир. Бу жараёнда Криминология тадқиқот институтининг таҳлилий ёндашуви, илмий асосланган таклифлари ва ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликдаги самарали фаолияти халқаро ишончни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутаётганини кўриш мумкин.
М.Эшмирзаева, ЎзА