Банк тизими бўйича “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида қандай мақсадлар белгиланмоқда?

Мамлакатнинг 2030 йилгача мўлжалланган тараққиётининг устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги Стратегия лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига эълон қилинди.
Стратегия лойиҳасида банк тизимида қуйидаги мақсадларга эришиш кўзда тутилган.
«Ўзбекистон–2030» стратегияси мамлакат банк-молия тизимини тубдан янгилашни кўзда тутади. Ҳужжатда банкларнинг иқтисодиётдаги роли, уларнинг самарадорлиги ва рақобатбардошлигини оширишга қаратилган қатор аниқ мақсадлар белгиланган.

Давлат банклари сони қисқаради. 2030 йилга бориб давлат ихтиёрида 4 та банкни сақлаб қолиш кўзда тутилмоқда. Бунда ҳар йили биттадан давлат банкини хусусийлаштириш режалаштирилмоқда.
Банк ва молия тизимида йиллик кредитлаш ҳажмини 720 триллион сўмга етказиш кўзланмоқда. Бунда йиллик кредитлаш ҳажмини 11-12 фоиздан кўпайтириб бориш белгиланмоқда.
Тижорат банклари депозитлари қолдиғини йиллик 7-8 фоиз даражасида ошириб бориш натижасида 2030 йилга бориб 560 триллион сўмга етказиш режалаштирилмоқда.
Давлат банклари активларининг жами банк тизими активларидаги улушини 55 фоизгача камайтириш кўзланмоқда.
Ўзбекистонда исломий молиянинг ҳуқуқий асосларини яратиш ҳамда камида 3 та тижорат банкида исломий молия хизматини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Стратегияга мувофиқ, банк тизимида давлат иштирокини босқичма-босқич камайтириш режалаштирилган. Хусусан, амалда фаолият юритаётган давлат банкларидан фақат 4 тасини давлат ихтиёрида сақлаб қолиш кўзда тутилмоқда.
Қолган давлат улушига эга банклар хусусийлаштирилади ёки стратегик инвесторлар иштирокида қайта ташкил этилади. Бу жараён банк хизматлари бозорида рақобатни кучайтириш, бошқарув сифатини ошириш ҳамда молиявий ресурсларни самарали тақсимлашга хизмат қилади.
Давлат улуши 55 фоизгача туширилади. Айни пайтда давлат банклари активлари умумий банк тизими активларининг тахминан 65 фоизини ташкил этмоқда. «Ўзбекистон–2030» стратегияси доирасида ушбу кўрсаткични 55 фоизгача камайтириш режалаштирилган.
Стратегияда илк бор исломий молияни жорий этиш алоҳида мақсад сифатида белгиланди. Унга кўра, исломий молия хизматларининг ҳуқуқий асослари яратилади. Камида 3 та тижорат банкида исломий молия маҳсулотлари йўлга қўйилади. 2027 йилда Ўзбекистонда илк исломий банк очилиши кутилмоқда.
Бу йўналиш аҳолининг фоизсиз молиялаштиришга қизиқишини ҳисобга олган ҳолда, Яқин Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё давлатлари билан молиявий ҳамкорликни кенгайтириш имконини беради.
Депозит ва кредит ҳажмлари кескин ошади. «Ўзбекистон–2030» стратегияси банк ресурс базасини кенгайтиришни ҳам мақсад қилган. Жумладан, банкларда депозитлар қолдиғи 400 трлн. сўмдан 560 трлн. сўмгача етказилади. Йиллик кредитлаш ҳажми эса 720 трлн. сўмгача оширилади.
Бу кўрсаткичлар иқтисодиётни молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш, тадбиркорлик ва инвестиция фаоллигини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Ш.Маматуропова,
ЎзА