Брайль алифбоси – инклюзив жамият тараққиётида муҳим кашфиёт

21

Ҳозирда жамиятда ахборотдан эркин фойдаланиш инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Бироқ кўриш қобилияти чекланган шахслар учун бу ҳуқуқни таъминлаш доим ҳам осон эмас. Айнан шу эҳтиёждан келиб чиқиб, инсоният тарихида муҳим ихтиролардан бири – “Брайль алифбоси” яратилган.

Бирлашган Миллатлар ташкилоти томонидан ҳар йили 4 январь –  «Бутунжаҳон Брайль алифбоси куни» сифатида нишонланиши бу ёзув тизимининг нафақат техник, балки ижтимоий, ҳуқуқий ва маданий аҳамиятини ҳам эътироф этишдир.

Брайль алифбоси бўртиқ нуқталарга асосланган махсус алифбо бўлиб, кўзи ожиз инсонларнинг савод чиқариши учун 1824 йилда француз тифлопедагоги Луи Брайль томонидан яратилган. Ушбу алифбо бармоқлар орқали тез ва аниқ ўқишга имкон берди. Дастлаб, алифбо кенг тан олинмаган бўлса-да, вақт ўтиши билан Брайль ёзуви бутун дунёда кўзи ожиз инсонлар учун асосий саводхонлик воситасига айланди.

Брайль алифбо ва рақамли белгиларнинг тегиниш воситаси бўлиб, барча ҳарфлар ва рақамларни, ҳатто мусиқий, математик ва илмий белгиларни етказиш учун олтита нуқтадан фойдаланади. Олти нуқта тахминан олти миллиметр баландликда, нуқта орасидаги масофа икки миллиметрга тенг. Тизим 64 та мумкин бўлган комбинацияни тақдим этади. Битта олти нуқта битта белгига мос келади.

1837 йилда Брайль алифбосида “Франция тарихи” деб номланган биринчи китоб нашр этилди. 1838 йилда эса кўзи ожизлар учун арифметика дарслиги нашр этилди. 1850 йилда Париж кўзи ожиз болалар институтида ўқувчиларнинг саводхонлик ўқув дастурига Брайль тизими расман киритилди.

Мамлакатимизда биринчи марта Брайль алифбосида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси расмий нашри ҳамда 2020 йил 15 октябрда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги” қонун нашр этилди.

Бугунги кунда Брайль алифбоси компьютер ва смартфонлар билан уйғунлашиб, янги босқичга чиқмоқда. Бу эса Брайль тизимининг замонга мослашиб бораётганини кўрсатади. Бир сўз билан айтганда, Брайль алифбоси дунёнинг кўплаб тилларига мослаштирилган, унда дунёнинг турли мамлакатларида минглаб китоблар нашр этилган. Замонавий технологиялар ривожига қарамай, Брайль алифбоси кўзи ожизлар учун саводхонликнинг асоси бўлиб қолмоқда.

Дилдора Дўсматова,

ЎзА