Болгария еврони миллий валюта сифатида қабул қилди
Болгария XIX аср охиридан буён муомалада бўлган левдан воз кечиб, еврони ўзининг расмий валютаси сифатида қабул қилди.
Таъкидланишича, январь ойи давомида болгар леви (BGN) евро билан тенг тарзда муомалада бўлади, ўлка аҳолиси банклар ва почта бўлимларида левни еврога бепул алмаштиришлари мумкин. Февраль ойидан бошлаб эса евро мамлакатнинг ягона қонуний тўлов воситасига айланади.
– Евро Болгария халқи учун тўловларни амалга ошириш ва саёҳат қилишни осонлаштиради, бизнес учун янги имкониятлар яратади, умумий ягона бозоримиз афзалликларидан яхшироқ фойдаланиш имконини беради ва энг асосийси, бу танлов Болгариянинг Европадаги овозини янада кучайтиради, -деди Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен.
Эслатиб ўтамиз: 2025 йил 4 июнь куни Европа Комиссияси Болгария еврони қабул қилиш мезонларига тўлиқ жавоб беришини маълум қилган эди.
Ў.Алимов, ЎзА