Энергияни сақлаш тизимлари глобал энергетика келажагини белгилайдими?

Энергияни сақлаш тизимлари жаҳон энергетикасида муҳим босқичга ўтмоқда. Айниқса, қайта тикланувчи энергия манбалари улушининг ўсиши, электромобиль соҳасининг ривожланиши ва энергетика тизимларининг рақамлаштирилиши аккумулятор технологияларини электр таъминотида мувозанатни таъминлаш, ишончлиликни ошириш ва энергия самарадорлигини кучайтиришда ҳал қилувчи омилга айланмоқда. Натижада ушбу технологияларга нисбатан барқарор ва узоқ муддатли глобал талаб шаклланмоқда.
“BloombergNEF” баҳоларига кўра, жорий ўн йиллик якунига қадар дунё миқёсида ўрнатилган энергия сақлаш тизимлари ҳажми бир неча баробарга ошади. Ушбу ўсишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи эса аккумуляторларни йирик саноат миқёсида ишлаб чиқариш бўлади. 2025 йилда энергияни сақлаш тизимларининг глобал ўрнатилган қуввати тахминан 92 ГВт (≈ 247 ГВт·соат)га етади, бу 2024 йилга нисбатан қарийб 23 фоиз ўсишни ташкил этади. 2035 йилга келиб эса энергия сақлаш тизимлари билан жиҳозланган энерготизимларнинг жами қуввати 2 тераватт (≈ 7,3 ТВт·соат)гача ошиши мумкин бўлиб, бу 2025 йил кўрсаткичидан тахминан 8 баробар кўп.
Халқаро энергетика агентлигининг маълумотига асосан энергияни сақлаш тизимларини кенг кўламда жорий этмасдан туриб, қуёш ва шамол генерациясининг жадал ўсиши шароитида энерготизимларнинг барқарор ишлашини таъминлаш мумкин эмас.
ХЭАнинг “Аккумуляторлар ва энергетик ўтишнинг ишончлилигини таъминлаш” номли махсус ҳисоботида қайд этилишича, 2023 йилда энергияни сақлаш тизимлари энергетика соҳасидаги энг тез суръатларда ривожланаётган технологияга айланган. Шунингдек, стационар аккумуляторлардан фойдаланиш аллақачон қуёш ва шамол манбаларини энерготармоқларга интеграция қилишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.
Шу тариқа, аккумулятор тизимлари эндиликда ёрдамчи технология сифатида эмас, балки қайта тикланувчи энергия манбалари улуши ортиб бораётган шароитда, мослашувчан ва ишончли энергетика инфратузилмасининг асосий элементи сифатида намоён бўлмоқда.
Мамлакатлар аккумуляторларни тўлиқ технологик занжир асосида ишлаб чиқариш қувватларини яратишга тобора фаол сармоя киритяпти. Бундай лойиҳаларга саноат салоҳияти сифатидагина эмас, балки энергетика ҳамда технологик хавфсизликнинг муҳим таркибий қисми сифатида ҳам қаралмоқда.
Ушбу жараённинг амалиётдаги мисоли сифатида “Росатом” давлат корпорациясининг Ёқилғи дивизиони Калининград вилояти Неман туманида Россиядаги илк литий-ион энергияни сақлаш тизимлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган гигафабрикани ишга туширганини келтириш мумкин. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 4 ГВт·соатни ташкил этади. У мамлакатда аккумулятор бўлими (ячейка) учун зарур бўлган кимёвий моддалардан тортиб, якуний модуллар ва тўлиқ батареяларни йиғишгача бўлган барча технологик жараённи қамраб олган литий-ион аккумуляторларнинг энг йирик саноат ишлаб чиқаришига эришилмоқда. Маҳсулотлар электр энергетикаси, электр транспорт воситалари ҳамда саноат соҳаларида қўллаш учун мўлжалланган.
Экспертларнинг баҳолашича, 2030 йилга келиб Россияда энергияни сақлаш тизимлари бозори 20-30 ГВт·соатгача ўсиши мумкин. Калининграддаги гигафабрика қуввати эса тахминан 1,5 миллионта зарядлаш модуллари ёки электромобиллар учун 50 мингта тортиш батареялари ишлаб чиқарилишига тенгдир.
Энергетиканинг келажаги учун энергияни сақлаш тизимларининг аҳамияти минтақавий прогнозлар билан ҳам тасдиқланяпти. Ўзбекистонлик академик Қаҳрамон Аллаев аккумулятор тизимлари жаҳон миқёсида энг тез суръатларда ривожланаётган энергетик технологиялар қаторига киришини таъкидлади.
– Қуёш ва шамол энергетикаси ўзгарувчан хусусиятга эга. Шу боис, аккумулятор батареялари ҳамда гидроаккумуляция электр станцияларисиз энерготизимларнинг ишончли ва барқарор ишлашини таъминлаш мумкин эмас. Айнан энергияни сақлаш тизимлари ишлаб чиқариш ҳажмларидаги тебранишларни юмшатишга хизмат қилади ҳамда қайта тикланувчи энергия манбалари кенг жорий этилаётган шароитда энерготизимлар мувозанатини таъминлаш имконини беради. Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон учун энергия истеъмолининг ўсиши ҳамда “яшил” энергетика соҳасидаги йирик лойиҳаларни амалга ошириш шароитида энергияни сақлаш тизимларини ривожлантириш алоҳида долзарб аҳамият касб этмоқда, – деди академик.
Умуман олганда, таҳлиллар аккумулятор технологиялари нафақат энерготизимларнинг барқарорлигини таъминлаш воситаси, балки иқтисодиётда янги юқори технологияли тармоқларни ривожлантиришда ҳам муҳим манба эканини кўрсатади. Бу эса мамлакатда илғор технологиялар ва инновацияларни жорий этишни рағбатлантириб, барқарор ривожланиш ва иқтисодий ўсиш учун мустаҳкам асос яратади.
Насиба Зиёдулаева, ЎзА