Ўзбекистон – Хитой: нефть-газ соҳасида 2026 йилга мўлжалланган қўшма режалар муҳокама қилинди

23

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти нефть-газ тармоғида барқарор ривожланишни таъминлаш, геология-қидирув ишлари қамровини кенгайтириш ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида халқаро шерикликни фаол равишда ривожлантириб келмоқда.

Шу йўналишда жамият раҳбарияти Хитой Халқ Республикасининг нефть-газ соҳасида фаолият юритаётган “GR Xibu Buling Engineering Company”, “China 3 National Logging”, “Great Wall Drilling Company”, шунингдек, “New Silk Road Oil and Gas” қўшма корхонаси вакиллари билан ишчи учрашув ўтказди.

Музокаралар давомида томонлар мавжуд ҳамкорлик ҳолатини таҳлил қилиб, 2026 йилга мўлжалланган қўшма режаларни муҳокама қилди. Хусусан, геология-қидирув ишларини жадаллаштириш, углеводород захираларини аниқлаш, қидириш ва ўзлаштириш бўйича қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда бурғилаш ишларида илғор технологик ечимларни жорий этиш, ишлаб чиқариш жараёнларида замонавий сервис хизматларидан фойдаланиш ҳамда Хитой компанияларининг “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида инвестиция ва ишлаб чиқариш лойиҳаларида иштирок этиш имкониятлари муҳокама қилинди. Унда бу каби ҳамкорлик нефть-газ соҳасида самарадорликни ошириш ва янги имкониятларни очишга хизмат қилиши таъкидланди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов жамият малакали, тажрибали ва ишончли пудратчи ҳамда сервис ташкилотлари билан очиқ ҳамкорликка тайёр эканини билдириб, қўшма лойиҳалар халқаро стандартлар ва белгиланган талабларга асосан рақобатбардош техник-иқтисодий таклифлар асосида амалга оширилишини қайд этди.

Жамият ахборот хизматига кўра, томонлар ишбилармонлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, амалий мулоқотни изчил давом эттириш ҳамда устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликни босқичма-босқич ривожлантиришдан ўзаро манфаатдор эканини билдирди.

Н.Зиёдуллаева,

ЎзА