Электрон ҳисобварақ-фактуралар назорати кучайди

21

Ўзбекистонда электрон ҳисобварақ-фактуралар (ЭҲФ) орқали амалга оширилаётган операциялар устидан солиқ назоратининг янги механизми жорий қилинмоқда.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 26 декабрда қабул қилинган 830-сон қарори билан “Электрон ҳисобварақ-фактураларнинг хавф даражасини аниқлаш ва уларда акс эттирилган операциялар бўйича қўшилган қиймат солиғини тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.

Мазкур Низом электрон ҳисобварақ-фактураларни товарлар (хизматлар)ни ягона етказиб бериш занжири доирасида таҳлил қилиш, уларнинг хавф даражасини баҳолаш ва тегишли тоифаларга ажратиш тартибини белгилайди.

Шунингдек, ЭҲФларнинг хавф даражасига қараб қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) тўлаш ҳамда ҳисобга олишнинг ўзига хос хусусиятлари аниқ белгилаб берилди.

Низомга мувофиқ, электрон ҳисобварақ-фактураларни баҳолаш махсус ахборот тизими орқали автоматик тарзда амалга оширилади. Ушбу тизим орқали юқори хавф даражасига эга деб топилган ЭҲФларнинг улуши ҳисобот даврида ҚҚС тўловчи томонидан расмийлаштирилган жами ЭҲФлар сонининг 10 фоизидан ошмаслиги лозим.

ЭҲФларнинг хавф даражасини аниқлаш мезонлари Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси томонидан белгиланади. Ушбу мезонлар асосида электрон ҳисобварақ-фактуралар қуйидаги икки тоифага ажратилади – Хавф даражаси паст бўлган ЭҲФлар, хавф даражаси юқори бўлган ЭҲФлар.

Ахборот тизимида ҳар бир мезон бўйича белгиланган баллар йиғиндиси асосида ЭҲФларнинг умумий хавф даражаси ҳисоблаб чиқилади ва шунга кўра таснифланади. Солиқ қўмитаси эса хавф даражасини ҳисобга олган ҳолда электрон ҳисобварақ-фактураларнинг марказлаштирилган электрон реестрини юритади.

Мазкур тартиб солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш, ҚҚС бўйича хавфли операцияларни барвақт аниқлаш ва соҳа шаффофлигини таъминлашга қаратилган бўлиб, бизнес субъектлари учун ҳам аниқ ва тизимли қоидаларни белгилаб беради.

Ш.Маматуропова, ЎзА