Йиллар ёзар йилномага элнинг давлатин

3

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев билан учрашувдан кейинги ўйлар

Публицистика

Мана, яна бир йил ўз якунига етиб, юртимизга янги йил кириб келишига саноқли соатлар қолмоқда. Ҳар бир йил якуни янги ютуқлар, янгиланишлар, юксалишлар билан якунланиб келаётган юртимизда тинчлик, фаровонлик, тўкин-сочинлик ва кўпмиллатли халқимизнинг ҳамжиҳатлиги билан жорий йилга ҳам улкан муваффақиятлар билан якун ясалиб, янги йилга янги қадам қўйиш арафасида турибмиз. Биз ҳар йили янги йил арафасида кўплаб янгиликларни кутамиз. Бу йил ҳам янги йил арафасида хирмонни баланддан сочган деҳқон-фермерларимиз ҳосил байрамини кўтаринки руҳда ўтказиб, кўплаб янги бинолар фойдаланишга топширилиб, янги йил кайфияти ҳар бир жойда яхши янгиликлари билан кўнгилларга катта қувонч бағишламоқда.

Айниқса, йилга якун ясашга саноқли кунлар қолганда Ҳурматли Президентимизнинг Қорақалпоғистонга қаратаётган эътибор-эътибори натижасида қорақалпоқ халқининг қўбиз ясаш ва ижрочилик санъати билан миллий Қора уйи Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш Ҳукуматлараро қўмитасининг навбатдаги ХХ сессиясида фаол муҳофазага олиниши лозим бўлган номоддий маданий мерос элементлари рўйхатига киритиш ҳақидаги қарори бир овоздан қабул қилиниши бутун халқимиз учун катта ютуқ бўлди.

Шунингдек, бағри табиий бойликларга тўла бўлган Мўйноқ аҳоли пунктидан яна бир газ конининг «кўзи очилгани» ҳақидаги хушхабар ҳам халқимиз учун катта аҳамиятли янгилик бўлди. Хусусан, Мўйноқ тумани Учсой кўли ҳудудида жойлашган 2-сонли қидирув қудуғидан «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан бурғилаш ишлари олиб борилиши натижасида 5 км чуқурликдан газ чиқарилиб, янги коннинг очилиши ўтаётган йилда халқимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга.

Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаевнинг зиёлилар жамоаси билан учрашувида республикамизда шу кунгача амалга оширилган ишлар, катта бунёдкорлик ишларини маъруза орқали тинглаб, видеороликдан кўриб ўтириб, ҳурматли Президентимизнинг эътибори билан республикамизда илгари мисли кўрилмаган ютуқларга эришилиб, ҳар бир соҳада катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганлигидан шу юртнинг бир фарзанди эканлигимдан кўксимда фахр туйғулари уялади.

Тадбирда таъкидланишича, Ҳурматли Президентимизнинг биргина Қорақалпоғистон учун алоҳида эътибори натижасида 2017 йилдан буён 78 та Фармон ва Қарорлари қабул қилинган бўлса, ҳозирги вақтда 38 та ҳужжатнинг ижроси давом этмоқда. Қабул қилинган тарихий ҳужжатлар асосида: халқимизга, шу жумладан ёшларимизга бир қатор қулай шароитларнинг яратилиб, тадбиркорларимизга илгари бўлмаган кўплаб енгиллик ва имкониятлар берилиши билан бирга халқнинг оғири енгил, узоғи яқин бўлиб, фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларга ижобий ечим топилиб, нуронийлар, хотин-қизлар, айниқса, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар яқиндан қўллаб-қувватланмоқда.

Президентимиз томонидан ҳар қандай қарор, фармон қабул қилинса ҳам Қорақалпоғистонга алоҳида эътибор қаратилиб, минтақамиз аҳолиси ва тадбиркорлари учун алоҳида имтиёзлар берилмоқда. Ана шундай яратилган қўшимча имкониятларни бугун халқимизнинг ҳар бир вакили ўз ҳаётида ҳис этмоқда, десак, муболаға бўлмайди.

Аниқ мисоллар билан таъкидлайдиган бўлсак Президентимизнинг 2022 йил 31 августдаги Қорақалпоғистонда тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги 213-сонли тарихий фармони қабул қилиниб, шу асосда бир қатор имтиёз ва преференциялар берилди. Хусусан, тадбиркорлик субъектларига 2028 йил 1 январгача фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, юридик шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғи бўйича солиқ ставкалар 2 бараварга камайтирилиб, ижтимоий солиқ миқдорлари камайтирилиб, 1 фоиз этиб белгиланди. Натижада шу кунга қадар жами 567 млрд. 536 млн. сўм маблағ 17 мингдан ортиқ тадбиркорлар ихтиёрида қолдирилди. Бунинг ҳисобидан ўз бизнесини ривожлантиришга, янги қувватларни ишга туширишга ва янги иш ўринлари яратишга замин яратилди. Қорақалпоғистонлик ёшлар учун республикамиздаги давлат олий ўқув юртларига ажратилган қўшимча квоталар асосида 31 мингга яқин ёшлар талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди.

– Ота-онам вафот этиб, акамнинг қарамоғида қолган эдим, – дейди ҳамюртимиз Гулмира Аметова. Акам, укаларим билан қийин аҳволда қолдик. Олий ўқув юртига топширдим, лекин омадим келмай кира олмадим. Ҳурматли Президентимизнинг республикамиз ёшларини қўллаб-қувватлаши натижасида яқинда университетга давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим. Бу хушхабар менинг умримга улкан бахтли кунларни ҳадъя этди.

2022 йил 15 сентябрдан бошлаб пенсия ва нафақа олувчилар, ногиронлиги бўлган шахслар учун темир йўл ва авиа чипталари нархи 2 баробар арзонлаштирилиши натижасида ҳар йили минг-минглаб фуқароларимиз ушбу имтиёздан фойдаланиб келмоқда.

Президентимиз томонидан ҳар қандай қарор, фармон қабул қилинса ҳам Қорақалпоғистонга алоҳида эътибор қаратилиб, минтақамиз аҳолиси ва тадбиркорлари учун алоҳида имтиёзлар берилмоқда. Ана шундай яратилган қўшимча имкониятларни бугун халқимизнинг ҳар бир вакили ўз ҳаётида ҳис этмоқда, десак, муболаға бўлмайди.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 6 сентябрдаги қарори асосида (500-сонли) 2023-2028 йилларда 4 955 км тупроқ йўлларга қум-шағал аралашмасини ётқизиш учун 795 млрд. сўм маблағ ажратиш белгиланган бўлиб, бугунги кунда 935 км тупроқ йўллар яхшиланиб, бу ишлар давом эттирилмоқда. Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 февралдаги 52-сонли Қарори билан шаҳар ва туманларга бириктирилган вилоятлар билан ҳамкорликда жами 21 мингдан зиёд уй-жойларнинг томини шиферлаш ҳамда авария ҳолатидаги, яшаш учун яроқсиз бўлган 709 та уй-жойларни янгидан қуриш белгиланди. Шундан, бугунги кунда 17 мингдан зиёд уй-жойлар шиферланиб, 326 та уй-жой янгидан қурилди. Шунингдек, Амударё, Беруний, Элликқалъа ва Тўрткўл туманларидаги 2 минг километр тупроқ йўлларга қум-шағал ётқизиш белгиланди. Бугунги кунда бу туманлардаги 341 км ички йўлларга ШПС ётқизилиб, халқимиз учун қулай шароитлар яратилмоқда.

Булардан ташқари, мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини ошириш, бу орқали иқтисодиётимиз ривожига, туризмни ривожлантиришга, хориждан келувчи меҳмонларга қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг амалий натижаси сифатида «Нукус – Мўйноқ,» «Нукус – Олмата» ва «Нукус – Ақтау» йўналишлари бўйича авиа-қатновларнинг, шунингдек, «Нукус – Манғистов» ва «Нукус – Урганч» йўналишида поезд қатнови йўлга қўйилганини таъкидлаш мумкин.

Шунингдек, ҳурматли Президентимизнинг «Орол маданияти саммитини юқори савияда ўтказиш тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, Президент Администрацияси раҳбари С.Мирзиёеванинг ташаббуси билан Биринчи Орол маданияти саммити, Самарқанд иқлим форуми билан бирлашган ҳолда Самарқанд ва Нукус шаҳарларида юқори савияда ўтказилди. Пойтахтимиздаги «Оққуш» мажмуасида иштирок этган хорижлик ижодкорлар, экологлар, ёзувчи ва журналистлар форум ҳақида ўзларининг ижобий фикрларини билдирди.

– Бу Қорақалпоғистонга учинчи ташрифим. Илгари Мўйноқ туманида ҳам бўлганман ва бу ўлка менга жуда ёқиб қолди. Менинг касбим аграр соҳа билан боғлиқ бўлгани учун иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳар бир масала ва муаммо жуда долзарб, деб ўйлайман. Ўзимнинг Оролга бўлган муҳаббатим жамланган «Айтилмаган ҳикоялар» номли китобимни ҳам нашрдан чиқарганман. Ҳудудда ёшларга қаратилаётган эътиборни кўриб жуда хурсанд бўлдим. Айниқса, ижтимоий тармоқлар орқали Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган «Оққуш мажмуаси»ни кўриш менда катта қизиқиш уйғотган эди. Мана бу ерни ўз кўзим билан кўриб қувониб турибман. Жуда ажойиб, жуда гўзал, – дейди Буюк Британиялик ёзувчи ва журналист Филип Моган.

Мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлашда ва халқимизнинг турмуш шароитини яхшилашда муҳим ўрин тутадиган бундай лойиҳаларни ҳар бир туман мисолида кўплаб келтиришимиз мумкин.

Президентимизнинг махсус қарори билан Қўнғирот ва Чимбой туманларини комплекс ривожлантириш мақсадида 28 та ижтимоий ва инфратузилма объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Аҳамиятлиси, 2025 йил 8 октябрда қабул қилинган Президент қарори билан ушбу туманларга «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман» мақоми берилди. Шунингдек, Қўнғирот ва Чимбой туманларида олиб борилаётган 140 млрд. сўмлик амалий ишларга қўшимча 2026 йилда яна 60 млрд. сўм ажратиш белгиланди. Бундан ташқари, шаҳар муҳитини ва яшаш шароитларини қишлоқ жойларга олиб кириш мақсадида шаҳар ва туманларимиздаги 32 та маҳаллага «Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла» мақомини бериш ва комплекс ривожлантириш дастури ишлаб чиқилмоқда. Ушбу маҳаллаларда амалий чора-тадбирларни олиб бориш учун ҳар бирига 5 млрд. сўмдан жами 160 млрд. сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Иқтисодиётимизнинг етакчи кучи бўлган тадбиркорларимиз томонидан сўнгги йилларда бир қанча йирик лойиҳалар амалга оширилиши натижасида ҳаётимизга янгиланишлар кириб келмоқда.

Хусусан, Нукус шаҳрида қиймати 50 млн. доллар бўлган базальт минералидан иссиқлик сақловчи материаллар ишлаб чиқариш корхонаси ишга туширилди ва йилига 40 минг тоннагача маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати, 200 га яқин янги иш ўрни яратилди. («Қорақалпоқ базалтвул»). Нукус шаҳрида қиймати 48 ярим млн. доллар бўлган Пахта ва сунъий толадан ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб, йилига 18 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қуввати, 500 га яқин иш ўрни яратилди («ССП технопарк»). Пойтахтимизда қиймати 23 ярим млн. долларлик йилига 640 минг метр иситиш радиаторларини ишлаб чиқарувчи корхона ишга туширилиб, 300 дан ортиқ доимий иш ўрни яратилди («Остен технологиджис»).

Нукус шаҳрида қиймати 7 млн 300 минг долларлик қуёш панелларини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа ишга туширилиб, 150 мВт қуёш панелларини ишлаб чиқариш қуввати яратилди («Нукус электроаппарат»), Нукус шаҳрида қиймати 130 млрд. сўмлик замонавий кўринишда Эко бозор ташкил этилиб, 225 иш ўрни яратилди (Уй-жой қурилиш). Беруний туманида қиймати 300 млрд. сўмлик савдо мажмуаси ташкил этилиб, 300 га яқин иш ўринлари яратилди. («Past lider»). Кегейлида қиймати 3 ярим млн. долларлик импорт ўрнини босувчи «DVP» маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб, йилига 12 минг метр куб ДВП ишлаб чиқариш қуввати, 100 иш ўрни яратилди («LANKO MIYA»). Нукус туманида қиймати 2 ярим млн. доллар бўлган саноат усулида товуқ гўшти ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиб («Бройлер Маҳсулотлари» корхонаси) натижада йилига 200 тонна товуқ гўшти етиштирилиши йўлга қўйилган бўлса, Кегейлида Паррандачилик комплекси ишга туширилиши натижасида 180 минг бош товуқ боқиш, йилига 28 млн.дона тухум етиштириш қуввати яратилди («Кегейли барака наслли парранда»), Мўйноқда умумий қиймати 82 млрд.сўм бўлган «Мўйноқ ЛДСП» корхонасида йилига 50 минг метр квадрат ЛДСП ишлаб чиқариш қуввати яратилиб, 230 иш ўринлари очилди (Мўйноқ ЛДСП).

Мўйноқда қиймати 2 млн.долларлик (Мўйноқ минерал тузи), Қўнғиротда 1 ярим млн.долларлик (Йўлдош Алихон) тузни қайта ишлаш лойиҳалари ишга туширилиб, 20 минг тонна экстра туз ҳамда 3 минг тонна таблетка кўринишидаги туз ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Чимбойда 15 млн доллар бўлган «Йигирилган ип ишлаб чиқариш» лойиҳаси ишга туширилиб, йилига 4 минг тонна ип йигирилган ип ишлаб чиқариш қуввати ҳамда 200 иш ўрни яратилди (Занг текс). Хўжайли туманида «Балиқ ЮК» корхонаси томонидан қиймати 128 млрд.сўмлик балиқчиликни ривожлантириш лойиҳаси ишга туширилди.

Қораўзакдаги «Қорақалпоқ цемент» корхонасида 645 млрд. сўмлик қувватни кенгайтириш чоралари олиб борилиб, цемент тайёрлаш имконияти йилига 1 млн. тоннага етказилди.

Албатта, буларнинг барчаси тадбиркорлар юртимизда яратилган имкониятлардан самарали фойдаланаётганини кўрсатади.

Тадбиркорларимиз томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар халқаро бозорларга чиқарилиши бўйича ҳам ишлар давом эттирилмоқда. Хусусан, Қозоғистон Республикасининг Актау шаҳрида Қорақалпоғистонлик тадбиркорлар учун алоҳида савдо уйи очилиб, маҳаллий маҳсулотларимиз Қозоғистон бозорида харидоргир тарзда сотилиши йўлга қўйилди. Яна бир муҳим янгиликлардан, Жанубий Корея давлатида «Қорақалпоғистон – Корея ҳамкорлик маркази» фаолияти йўлга қўйилди.

Бугунги кунда ушбу марказ билан ҳамкорликда Кореялик инвесторларни жалб қилиш, ҳудудимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни киритиш, шунингдек, ўқув юртларининг тажриба алмашиши ҳамда талаба ёшларни касбга тайёрлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш йўналишида аниқ чоралар кўрилмоқда. Шу билан бирга Элликқалъа туманида «Шох мега строй бизнес» корхонаси томонидан қиймати 10 млрд. сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳаси, чорвачиликни ривожлантириш йўналишида Нукус туманида озуқа гранулалари ишлаб чиқариш лойиҳаси, Тўрткўл туманида 1 ярим млн. доллар хорижий инвестициялар асосида полиэтилен сетка ишлаб чиқариш ҳамда Амударёда «Қипчоқ,» Хўжалида «Хўжали ун» ҳамда Берунийда «Қиёт» брендлари остида ун ишлаб чиқариш заводлари ишга туширилди.

Тахтакўпир туманида «Каусар Тегирмон» жамияти томонидан чорвачилик маҳсулотларини, жун ва сутни қайта ишлаш каби лойиҳалар амалга оширилди.

Бундан ташқари, Қораўзакда олтин қазиб олиш («Джи Антай»), Нукус шаҳрида «Чилпиқ» бренди билан тозаланган ичимлик суви ишлаб чиқариш («LONG WATER»), Қораўзак, Беруний, Тахиатош ва Элликқалъада «Тайёр текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш («Қорақалпоғистон Агро Кластер,» «Rayxon Аппарел», « Сурхон Тахиатош текстиль» , «Bo‘ston Деним»), Хўжалида чарм пойабзал ишлаб чиқариш («Дўстлар шуз») корхоналарининг иш бошлаши ва Қўнғиротда 3 млн долларлик Халқаро логистика марказининг очилгани – бу юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг юқори натижасини англатади.

Яна бир яхши янгиликлардан бири, Нукус шаҳрида хорижий корхона томонидан баҳоси 8 млн. долларлик тери ва пойабзал ишлаб чиқариш йўлга қўйилганлигини айтиб ўтиш ўринли («NUKUS TAVRO»).

Эътиборли жиҳати, бугунги кунда ушбу корхона томонидан Италиянинг дунёга машҳур «Ferrari» брендидаги автомобилларга чарм маҳсулотлари етказиб берилаётгани маҳсулотларимизнинг жаҳон бозорида муносиб ўринга эга бўлаётганини кўрсатади.

Чорвачилик соҳасидаги муҳим янгиликлардан бири Марказий Осиёда илк бор Хўжайли туманида зотдор қорамоллардан эмбрион ишлаб чиқариш лабораторияси ишга туширилди. Ушбу лаборатория Жаҳон банкининг 136 минг долларлик грант маблағлари ҳисобидан хориждан олиб келинган замонавий асбоб-ускуналар ҳамда «Мобил лаборатория» билан жиҳозланди. Президентимизнинг 2025 йил 14 августда «Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги 248-сонли яна бир тарихий Қарори қабул қилиниб, 2025-2026 йилларда Қорақалпоғистонни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. Қарор талаблари бўйича Қорақалпоғистонни ривожлантириш бўйича стратегия асосида 2035 йилгача 5 йиллик дастур асосида амалга оширилади.

Юртимизда асрлар давомида турли миллат вакиллари ягона халқ бўлиб, аҳил-иноқ яшаб, мамлакатимиз тараққиётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Муҳтарам Президентимизнинг алоҳида эътибори билан қайта ҳаёт бағишланган «Белтов» қишлоғида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, бугун чин маънода янгича қиёфага эга бўлди. Бу элат ёнида «Бўрши тоғ» тепасида барпо этилган, ўтмишимиздан дарак берувчи, миллийлигимизни ўзида мужассам этган «Тах-тепа» этноқишлоғи ҳудудга янада ўзгача кўрк, ўзгача чирой бахш этади. У ерда ташкил этилган 70 та Қора уй юртимизда яшаётган турли миллат вакилларининг ўзлигини намоён этиб турган бўлса, қўшни қишлоқ манзарасини ўзида мужассам этган 16 та пахса уйлар орқали аждодларимизнинг яшаш шароитлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўламиз. Халқимиз учун файзли дам олиш масканига айланган Тахтакўпирдаги «Қоратеран» этнотуристик мажмуасидан сўнг ушбу этно-қишлоқнинг ташкил этилиши кўп миллатли халқимизнинг ҳамжиҳатлигининг намунасини ифодалаши билан бирга сайёҳларнинг қизиқишини ошириши шубҳасиз.

– Ушбу этноқишлоқ очилади деб Қозоғистондан келдим, – дейди бундан йигирма йил олдин Тахтакўпирдан кўчиб кетган дўстим Лаззат Алиева. Этноқишлоқнинг кўриниши жуда ажойиб. Қора уйлар орасида қозоқ миллатининг кигиз уйини кўриб, жуда қувондим. Ўтов ичи яхши қилиб безатилган. Қишлоғимни соғинибман. Тахтакўпир ривожланиб, кўркам тусга кириб кетибди. Бу мени жуда қувонтирди.

Ҳурматли Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбарида туриб дунё кенг жамоатчилигининг эътиборини бир неча бор Оролбўйи минтақасига қаратиши натижасида Орол денгизи муаммоси бугунги кунда дунё жамоатчилигининг доимий диққат марказида бўлиб келмоқда. Орол денгизи тубида яшил ҳудудларни кенгайтириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чоралари кўрилиб, ўтган қисқа вақт ичида денгизнинг қуриган тубида 2 миллион гектарга яқин майдонда «Яшил қопламалар» барпо этилган бўлса, жорий йилда жами 300 минг гектар майдонга чўлга чидамли ўсимликларни экиш кўзда тутилмоқда. Шуни ҳам алоҳида таъкидлашимиз керакки, сўнгги йилларда шундай яратилаётган «Яшил қоплама»ларни сақлаб қолиш, Орол денгизининг қуриган тубида флора ва фауна муҳитини кўпайтириш борасида ҳам бир қатор амалий ишлар бошлаб юборилди.

Президентимизнинг Қорақалпоғистонга ташрифи давомида Оролбўйида экологик ва илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда мавжуд муаммоларга самарали ечим топиш бўйича вазифалар берилиши асосида 29 ноябрь куни Орол денгизининг қуриган тубида илмий-тадқиқот станцияси очилди. Ўтган йиллар давомида умумий қиймати 15,7 миллиард сўмлик 17 та лойиҳа молиялаштирилиб, жорий йилда 57,1 миллиард сўмлик 21 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Шундай лойиҳалар қаторида фойдаланишга топширилган станция экологик тиклаш ишларини самарали назорат қилиш, шўрга чидамли ўсимликлар ўсишини кузатиш ва самарали илмий тадқиқот ишларини олиб боришда муҳим ҳисобланади. Янги илмий-тадқиқот станцияси нафақат табиатни муҳофаза қилиш, балки минтақадаги илмий тадқиқотлар ва экологик изланишлар учун марказ сифатида хизмат қилади ва Оролбўйи ҳудудининг барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз. Шунингдек, янги йил арафасида пойтахтимизда Спорт гимнастикаси, Бокс ва Кураш маҳорати спорт мактабларининг қуриб битказилгани ҳам спортчи ёшларимиз учун кенг имкониятлар эшиги бўлди. Ушбу янги мактаблар ёшларнинг профессионал спорт билан шуғулланиш имкониятларини кенгайтириб, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашга кўмаклашади ҳамда мамлакатимизда кучли спорт захирасини шакллантиради. Бу эса, ўз навбатида, спортчиларимизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Сўнгги йилларда Президентимизнинг эътибори билан янгича қиёфа касб этган Бўзатов туманида йилига 6 минг фуқаронинг дам олиши ва саломатлигини тиклаши учун замонавий санаторийнинг қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилиши халқимиз саломатлигини тиклаш ва асраш учун қилинган муҳим лойиҳалардан бири бўлди.

Президентимизнинг сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантириш бўйича махсус фармонига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасида қиймати 100 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантириш бўйича махсус фармонига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасида қиймати 100 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган сунъий интеллект инфратузилмасини яратиш лойиҳалари бўйича инвесторларга бериладиган имтиёзлар ва преференцияларнинг махсус пакети тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 сентябрдаги ПФ-5809-сонли фармонига асосан «Нукус» эркин иқтисодий зонаси ташкил этилди. Бунда, барча инфратузилма шароитлари, солиқ ва божхона имтиёзлари, тадбиркорлар учун бошқа қулайликларга эга махсус жой ташкил этилди. Ушбу ташаббус, шубҳасиз, Қорақалпоғистонда саноат соҳасини ривожлантириб, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва экспорт бозорларини ўзлаштириш, шунингдек, маҳаллий ҳамда хорижий инвестицияларни жалб этиш натижасида янги корхоналар ва юқори даромадли иш ўринлари яратиб, халқимизнинг турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилари сўзсиз.

Қарийб 75 млрд. сўм маблағ ҳисобидан реконструкция ишлари бажарилиб Нукус шаҳри аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминловчи «Нукус сув тозалаш» объектининг фойдаланишга топширилиши бу йилги йили пойтахтимиз аҳолиси учун катта янгиликлардан бири бўлди. Бундай эзгу ишлар Нукус туманида давом эттирилиб, ҳурматли Президентимизнинг махсус қарори асосида Осиё тараққиёт банкининг 11,5 млн доллар маблағлари ҳисобидан: 263 км ичимлик сув тармоқлари тортилиши орқали 31 мингдан ортиқ аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиши яхшиланиб тумандаги «Маданият,» «Ободон» ва «Кердер» насос станциялари, туман сув таъминоти корхонасининг 2 қаватли янги биноси, замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланган лаборатория қуриб битказилди. Амалга оширилган ишлар натижасида Нукус тумани аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш даражаси аввалги 68,4 фоиздан – 90 фоизга етказилишига эришилди.

Шу билан бирга, халқимизнинг турмуш шароитини яхшилашда янги қурилаётган уй-жойларнинг ҳам тутган ўрни муҳим саналади. Мана, ўтган 3 йилнинг ўзида жами 147 кўп қаватли турар-жой фойдаланишга топширилган бўлса, шу жумладан, Кегейли, Қонликўл ва Қораўзак туманларидаги «Янги Ўзбекистон» массивларида 678 хонадонли 23 кўп қаватли турар-жойлар қуриб битказилди.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз керак, аҳолини замонавий турар жойлар билан таъминлаш йўналишида яратилган қулайликлар натижасида 1734 фуқарога 53 млрд. 400 млн. сўмлик субсидия маблағлари ажратилиб, бошланғич тўловлари тўлаб берилди.

Халқимиз саломатлигини сақлашда муҳим ўрин тутадиган лойиҳалар ҳақида гапирадиган бўлсак, Бирлашган Араб Амирликларининг «Шайх Халифа» фонди томонидан қиймати 28 млн. долларлик «Она ва бола» клиникасининг қурилиш ишлари якунланиш арафасида турибди.

Шунингдек, хитойлик инвесторлар билан Нукус шаҳрида қиймати 16 млн. долларлик Кўп тармоқли тиббиёт марказини қуриш чоралари кўрилаётгани, қарийб 45 млрд. сўмлик маблағ ҳисобидан Республика Онкология тиббиёт марказининг биноси янгидан қурилаётгани, бундан ташқари, Қорақалпоғистонда илмий-амалий тиббиёт академиясини ташкил этиш ишларининг олиб борилаётгани соҳа ва халқимиз турмушида юз бераётган муҳим воқеалардан ҳисобланади.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат кўламини кенгайтириш ва жойларда малакали мутахассислар иштирокида амалий тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида бевосита Президент Администрацияси раҳбари ташаббуси билан жорий йилнинг октябрь ойида Нукус шаҳрида «Саломатлик марафони» ўтказилди. Ушбу Марафон доирасида жами 206 мингдан ортиқ фуқароларга 341 мингдан ортиқ тиббий хизматлар кўрсатилди. Текширувлар натижасида 37 мингга яқин фуқароларда турли касаллик белгилари аниқланиб, улар мутахассислар кўригидан ўтказилди ва 76 мингга яқин ташхис амалга оширилди. Сурункали касаллиги бор 17 минг 360 нафар фуқаро режа асосида тиббий кўрикдан ўтказилди. Шундан 983 нафар фуқаро стационар даволанишга қабул қилиниб, 252 нафар беморда мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилди.

Халқимизнинг саломатлигини сақлаш йўналишида амалга оширилган бу лойиҳадан миннатдор бўлган Нукус шаҳри Наупир МФЙ аҳолиси, меҳнат фахрийси О. Дауекеев шундай дейди:

– Юқори қон босими касаллиги билан бир неча йиллардан бери касалланиб қийналиб юрган эдим. «Саломатлик марафони»га келган тошкентлик шифокорларга бориб кўриндим. Юрагимга бепул эндоскопик текширув ўтказилди. Тегишли кўрсатмалар бўйича даволандим. Ҳозир аҳволим яхши.

Булардан ташқари, аҳолининг кайфиятига бевосита таъсир этаётган муаммоларга ҳам ечим топилмоқда. Хусусан, Хўжайли тумани «Саричунгил» маҳалласидаги Таўша аҳоли пункти, «Жанажап» ва «Кун нури» маҳаллаларида термитдан зарар кўрган, 147 уйда яшаётган фуқаролар билан Президент Администрацияси раҳбари шахсан келиб, учрашди ва фуқароларни бошқа жойга кўчириш учун бюджетдан 33 млрд.сўм маблағ ажратилди. Тахиатош туманидаги 1950-1955 йилларда Тахиатош ТЕС қурилишида ёғочдан ётоқхона сифатида қурилган 90 барак уйларда яшовчи турмуш шароити оғир оилаларни кўчириш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу тумандаги ижтимоий уйда 4 млрд. сўм қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, бу оилалар шу ердаги квартираларга кўчирилмоқда. Бундан ташқари, реноватсия дастури асосида Тахиатошдаги авария ҳолатига келиб қолган кўп хонадонли 19 турар жой бузилди ҳамда бу ерда яшовчи 264 оилага 25 млрд. сўмлик компенсация маблағлари тўлаб берилди.

Қўнғирот туманидаги узоқ жойлашган Бўстон посёлкасидаги уйлар авария ҳолатига келиб қолган 32 хонадонли кўп қаватли турар-жойлар бузилиб, маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 2 млрд 195 млн сўм компенсация маблағлари ажратилди ва янги уйларга кўчирилди.

«Ёшлик» посёлкасида авария ҳолатидаги ва бутунлай эскирган кўп квартирали уйларни реноватсия қилиш йўналишида 35 млрд сўм ажратилиб, натижада янгидан қурилган 5 қаватли 180 квартирали турар-жойлар фуқароларга бепул топширилди.

Қолаверса, «Қорақалпоғистон» посёлкасида ҳомийлик маблағлари ҳисобидан умумий қиймати 6 ярим млрд.сўм бўлган туғруқ бўлими қурилди ва ускуналар билан таъминланди.

Бўзатов туманидаги кўча оқсоқоллари билан ўтказилган учрашувда Амударёга понтон кўпригини қуриш бўйича кўтарилган масала ҳам ижобий ечимини топди, яъни, Бўзатов ва шимолий туманларни тўғридан-тўғри Қўнғирот тумани билан боғловчи кўприк фойдаланишга топширилди.

Бунинг натижасида Бўзатовдан Қўнғиротга ҳозирги 180 км дан ортиқ қатнов масофаси қисқарди.

Давлатимиз раҳбарининг «Машҳур қорақалпоқ шоири ва буюк мутафаккири Ажиниёз Қосибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори асосида мумтоз адабиётимизнинг атоқли вакили Ажиниёз Қосибой ўғлининг 200 йиллиги халқаро миқёсда, юксак даражада нишонланиши кўнгилларга фахр-ифтихор туйғуларини бағишлади.

Қолаверса, мазкур қарорда белгиланган вазифалар асосида шоирнинг «Танланган асарлар»и бир неча тилларда нашр этилиб, ҳаёти ва ижодига бағишланган саҳна асарлари ҳамда «Ажиниёз» бадиий-публицистик филми яратилди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, буюк мутафаккир ва қомусий олим, биринчи Ренессанс даврининг буюк олими Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги ЮНЕСКО шафелигида халқаро миқёсда кенг нишонланди.

Барча соҳалар қатори маданият соҳасига қаратилган эътибор натижасида Президентимизнинг 2023 йил 10 июлдаги «Қорақалпоғистонда Маданиятни қўллаб-қувватлаш фондини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарори асосида Вазирлар Кенгаши ҳузурида Маданиятни қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилди ва давлат бюджетидан 20 млрд сўм ажратилди. «Айқулаш» ва «Мақом» ансамбли, Қўғирчоқ театри, шунингдек, барча маданият бўлимларига Президент совғаси – замонавий автотранспорт воситалари топширилди.

Шунингдек, маданият бўлимлари ҳузуридаги Халқ ансамбллари ва театр жамоалари зарур асбоб-ускуналар билан таъминланди. Шу билан бирга, қарийб 6 ярим млрд. сўм маблағ ҳисобидан «Қорақалпоқфильм» киностудияси биносида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, зарур техника ва инвентарлар билан таъминланди. Бундай яратилган имкониятлар натижасида жорий йилда «Қорабой» кинокомедияси суратга олиниб, кинокомедиянинг премьераси бўлиб ўтди. Шунингдек, бугунги кунда «Ўқитувчи» филми, «Гулойим» ва «Қирқ қиз» тарихий фильмлари суратга олинмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари қаторида Тебинбулоқ кони негизида йилига 58 млн. тонна темир рудасини қазиб олишни йўлга қўювчи завод қурилиши давом эттирилаётганлигини, Аҳолининг, айниқса, иқтисодий тармоқларнинг энергия ресурсларига бўлган талабини яхшилаш мақсадида «Аква пауэр» компанияси билан биргаликда Қўнғирот, Қораўзак ва Берунийда қуввати 7,2 минг мегаваттлик баҳоси 8 млрд. 600 млн. доллар бўлган гигант шамол электр станциялари қурилаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Шунингдек, Мўйноқ туманида Сургил конида қиймати 40 млн. долларлик компрессор станциясини қуриш чоралари кўрилаётган бўлса (Ўзбекнефтгаз), Қўнғирот ва Мўйноқ туманларида нефть-газ соҳасида умумий қиймати 200 млн. долларлик 4 лойиҳа амалга оширилмоқда.

Қолаверса, «Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш» лойиҳаси асосида «Ислом тараққиёт банки» ва ОПЕК халқаро тараққиёт фондининг 246 млрд. сўмлик маблағлари ҳисобидан 35 та ижтимоий соҳа ва 12 та маҳалла хизмат кўрсатиш марказларини янгидан қуриш ишлари олиб борилмоқда.

107 млрд. сўм эвазига «Турон» стадиони халқаро талабларга жавоб берадиган замонавий кўринишга келтирилаётган бўлса, 6 млрд. сўм маблағ эвазига «Матбуот уйи» биносида капитал таъмирлаш ишлари якунланмоқда. Тўрткўл туманида 15 млрд. сўм маблағ ҳисобидан янгидан Амфитеатр қурилмоқда. Нукус шаҳрида «Ўзтелеком»нинг 7 қаватли биносида қиймати 8 млрд. сўмлик реконструкция ишлари олиб борилмоқда. 196 километрлик «Мискин – Нукус» тезюрар поезди темир йўл линиясини тўлиқ электрлаштириш давом эттирилмоқда.  Иқтисодиётнинг қон томирлари ҳисобланган йўлларни қуриш ва қайта таъмирлаш ишлари республикамизда жадаллик билан олиб борилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шулар қаторида А-380 автомобиль йўлининг Қораўзак, Амударё, Беруний туманларини ўтувчи 50 км оралиғида Осиё тараққиёт банкининг 49 млн. доллар ва бюджетнинг 138 млрд. сўмлик маблағлари ҳисобидан асфалтлаш ва бетонлаштириш ишлари олиб борилаётган бўлса, ушбу халқаро автомобиль йўлининг Нукус шаҳри, Тахиатош ва Хўжайли туманларидан ўтувчи 41 км оралиғини (765-806 км қисми) реконструкция қилиш ишларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун маблағ ажратилиб, амалий ишлар бошланди. Шунингдек, Тўрткўл, Беруний ва Элликқалъа туманларидан ўтувчи А-380 автомобиль йўлининг 92 км оралиғида реконструкция ишлари ҳам бошланмоқда. Пойтахтимиз, туманлар, маҳаллалар, энг чекка ҳудудлардаги йўлларни қуриш ва қум, шағал аралашмасини ётқизиш ишлари қизғин давом этмоқда.

Йил арафасида бир қатор ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилиб, халқимиз қувончига қувонч қўшилмоқда. Нукус шаҳрида халқимизнинг фаровон турмушини таъминлашда муҳим ўрин тутадиган умумий қиймати 48,5 млн. доллар бўлган, йилига 18 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қуввати ва 400 иш ўрни яратадиган «Nukus SSP Texnopark» корхонаси ишга туширилган бўлса, Нукус шаҳрида 200 ўринли «Рамада» меҳмонхонаси фойдаланишга топширилди.

Инсон қадри ҳамма нарсадан устун турадиган мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг буйруғи асосида республикамиздаги ота-онасидан айрилган ёшларни уй-жойлар билан таъминлаш ишлари янги йил байрами арафасида давом этмоқда. Муҳтарам Президентимизнинг «Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ижроси доирасида Қорақалпоғистон Республикасида ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор эзгу ишлар амалга оширилди.

Хусусан, якунланаётган 2025 йил давомида Қорақалпоғистон бўйича жами 86 нафар ёш замонавий, барча қулайликларга эга уй-жойлар билан таъминланди. Бу эса ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг эркин ҳаётга қадам қўйиши ва келажак режаларини амалга оширишида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

– Бу йил олий ўқув юртига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим. Ота-онам бўлмагани учун кўпир опамнинг қарамоғидаман. Янги уй билан таъминланганим учун Президентимизга, юрт раҳбарларига миннатдорлигим чексиз. Бу эътиборни келгусида юртимизга муносиб хизматларим билан қайтаришга ҳаракат қиламан, – дейди Хўжайли туманида яшовчи Дилшода Хўжаназарова.

Бундан бир неча йиллар олдин журналист қаламига илиниб, объективига муҳрланадиган янгиликлар саноқли эди. Бугун Қорақалпоғистонда олиб борилаётган кенг кўламли ижодий ишлар натижасида журналист учун янгиликларни бир «ҳовуч» мақолада сиғдиришнинг имкони йўқ. Биз республикамиздаги сўнгги йилларни ва ўтиб бораётган 2025 йилда амалга оширилган ишларнинг тўртдан биринигина сўз этдик. Ҳар куни, ҳар соатда бўлаётган янгиланишлар келгуси янги йилда ҳам давом этиши шубҳасиз.

Мана, яна бир йил ортда қолмоқда. Ёшимизга ёш қўшиб ўтмишга айланиб бораётган йил, юртимизда ҳар бир соҳада ютуқлар, кўплаб янгиликлар билан ўз якунига етмоқда. Кимдир фарзандини уйлантириб тўй берса, кимдир неварали бўлди, яна кимлар янги иморатга кўчиб ўтди. Илм йўлидаги ёшларимиз илмга янгилик қўшиб, бир неча спортчиларимиз жаҳон ареналарида юртимиз байроғини кўкларда ҳилпиратди. Энди, биз саноқли соатлардан сўнг инсоннинг неча минг йиллик дўсти бўлган йилқи йилини кутиб оламиз. Ор-номус учун пойгаларда тўрт оёғи типирчилаб, ёв майдонларида эр йигитнинг вафодор дўстига айланиб «сувлиги билан сув ичган» жониворнинг таърифини биз достонлардан яхши билганлигимиздан бу йилдан кутамиз кўп. Элнинг давлати йилқи йилида ҳам тўлиб-тошиб, биз омонликда, тинчликда, ҳамжиҳатликда ҳаётни давом эттирамиз деган ният билан мақоламизга якун ясаймиз.

Йиллар ёзиб борар йилномага элнинг давлатин. Юртимизнинг давлати тарихларда қолгандек мангу бўлгай.

Гулнора Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси