Халқимиз учун унутилмас, тарихий воқеа бўлди…

7

Муносабат

2025 йил декабрь ойининг 8-13 кунлари оралиғида Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро қўмитасининг ХХ сессияси бўлиб ўтди. Ушбу сессияда 187 та давлатдан мингга яқин киши иштирок этди. Жумладан, халқимизнинг номоддий маданий меросидан иккита элемент ЮНЕСКОнинг инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди. Ўзбекистон Республикасидан тақдим этилган «Қўбиз ва жиров ижрочилик санъати» (миллий) зудлик билан муҳофазага олиниши лозим бўлган маданий мерос рўйхатига киритиш тўғрисидаги қарори халқаро ташкилот комиссиясида бир овоздан қабул қилинди. 11 декабрь куни халқаро номинацияга яъни инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига Қорақалпоғистондан қора уй ясаш, қуриш ва унга оид билим ва кўникмалар, қўбиз мусиқа асбобимиз кирди. Бир мамлакатдан икки элементнинг рўйхатга киритилиши тарихда камдан-кам бўладиган ҳодиса ҳисобланади. Бу биз учун алоҳида тарихий, унутилмас, қувончли воқеа бўлди. Бундай ҳодисага гувоҳ бўлишимиз, бунда озроқ бўлса-да ҳиссамиз борлигидан алоҳида қувончга тўлиб, тўлқинланиб турибман.

Ушбу сессияга Ўзбекистон делегацияси таркибида Тошкент шаҳридан мусиқашунос, профессор Уразали Тошматов, қолаверса, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги элчиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси, маданият вазири, вазирликнинг номоддий маданий мерос бўйича бўлим бошлиғи, Ўзбекистон халқ жирови Бақберген Сиримбетов ва унинг шогирди «Ниҳол» мукофоти лауреати Давронбек Ендирбаев, қўбиз чолғусини ясовчи уста Марат Жақсимуратов, қора уй устаси, чимбойлик Азамат Турекеев ва ЮНЕСКОнинг вакили сифатида И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи директори Гулбаҳор Изентаева иштирок этди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, халқимизнинг бой маданий меросидан ушбу икки элементнинг ЮНЕСКО рўйхатига киритилиши бежиз эмас. Буларнинг барчаси Президентимизнинг қорақалпоқ халқининг асрлар давомида етиб келган ўзига хос маданий меросини асраб-авайлаш, тадқиқ этиш, уни янги босқичга олиб чиқиш ва жаҳон миқёсида кенг тарғиб этишга қаратаётган алоҳида эътиборининг натижасидир. Ушбу вазифаларни кенг жорий этиш мақсадида Президент Администрацияси раҳбари томонидан ҳам тизимли ва амалий ишлар йўлга қўйилди. Соҳани ривожлантиришга қаратилган дастурлар ишлаб чиқилиб, миллий-маданий меросни асраб-авайлаш, уни илмий ўрганиш ва халқаро майдонларда муносиб тарғиб этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Бунинг учун хурсандмиз, миннатдормиз.

Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида берилган топшириқлар қаторида, шунингдек, номоддий, маданий меросни тадқиқ этишга қаратилган махсус қарорида жуда кўп вазифалар белгилаб берилди. Шулардан бири қўбиз ва қора уйни ўрганиш, тарғиб қилиш ва ЮНЕСКО рўйхатига киритиш вазифаси ажойиб тарзда амалга оширилди. Энди олдимизда достонларимизни тўплаш, тадқиқ этиш, нашр этиш каби ишлар турибди. Ҳозирнинг ўзида ЮНЕСКО рўйхатига бошқа элементларни ҳам киритиш устида иш олиб бормоқдамиз.

ЮНЕСКОнинг жаҳон маданий мероси рўйхатига Ўзбекистоннинг яна кўплаб тарихий, археологик ёдгорликлари, шаҳарлари, масалан, Хива, Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз киритилган. Қорақалпоғистонда ҳам шундай шаҳарлар, кўплаб археологик, меъморий ёдгорликларимиз бор. Уларни ЮНЕСКОнинг жаҳон маданий мероси рўйхатига киритиш учун ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳам катта аҳамиятга эга. Сабаби, ЮНЕСКО рўйхатига киритилгани биринчи навбатда унинг тарихий, маънавий ва маданий қадрият сифатидаги ўрнининг халқаро даражадаги эътирофидир. Шунингдек, мамлакатда ушбу маданий меросга эътибор кучайтирилади, уни ривожлантириш ишлари қўлга олинади. Қолаверса, бундай объектлар сайёҳлар оқимини оширишга замин яратади. Масалан, аксарият давлатларда ЮНЕСКО объектларига алоҳида туристик маршрутлар очилган.

Қўбиз мусиқа асбобининг зудлик билан муҳофазага муҳтож объект сифатида ЮНЕСКО рўйхатига киритилиши Қорақалпоғистонда, қолаверса, Ўзбекистонда қўбиз ишлаб чиқаришга давлат эътиборининг кучайишига илмий асос ва кафолат бўлиб хизмат қилади. Энди миллий мусиқа маданиятининг ажралмас қисми бўлган қўбиз ясаш анъаналари ва жировчилик санъатини замонавий ва илмий-амалий асосларда ривожлантириш, ёш авлод онгига сингдириш, халқаро миқёсда оммалаштириш масалаларига эътибор кучайтирилади. Бугунги кунда афсуски биргина уста Отамурод устанинг авлоди Марат Яхшимуратов бугунги кунда жировларимиз учун қўбиз ясаб келмоқда.

Муҳими, юртимизда, жумладан, Қорақалпоғистонда ЮНЕСКО рўйхатига киритишга арзийдиган маданий меросларимиз жуда кўп.

Мақсет Қарлыбаев,

Тарих фанлари доктори, профессор.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги