Янги йил арафасида янги бинолар

20

Янги йил байрами арафасида тумандаги бир нечта таълим ташкилотлари биноларининг тантанали очилиш маросимлари бўлиб ўтди.

Тўрткўл туманининг «Машъал» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 42-сонли мактабнинг ҳам очилиши мактаб ўқувчилари учун унутилмас воқеа бўлди, десак муболаға бўлмайди. Ушбу мактабда 330 ўринли қўшимча янги ўқув биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Янги ўқув биносини қуриш учун 4,337 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, қурилиш ишлари «MA To‘rtko‘l stroy» МЧЖ томонидан юқори сифатда якунланди. Энди мактаб ўқувчилари янада замонавий ва қулай шароитларда таълим олади.

Шунингдек, тумандаги «Уллибоғ» овул фуқаролар йиғини ҳудудида янги, кўркам 74-сонли мактаб ўз фаолиятини бошлади. Ушбу мактаб 330 ўринга мўлжалланган янги ўқув биноси ва замонавий спорт залига эга бўлиб, ушбу бино қурилишига 11 миллиард 681 миллион 205 минг 173 сўм маблағ ажратилиб, «Xivaneftgaz qurilish ta’mirlash» МЧЖ томонидан амалга оширилди.

Тантанали очилиш маросимида туман ҳокими И.Худайбергенов иштирок этиб, йиғилганларни ушбу қувончли воқеа – янги биноларнинг очилиши ҳамда кириб келаётган Янги йил байрами билан самимий табриклади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги